Шифокор қабулига навбатда турмайсиз, энди электрон мурожаат қилиш тизими яратилади

Ҳеч ўзингизнинг касаллик тарихи хусусидаги дафтарчангизни олиб ўқиб кўрганмисиз? Баъзида шифокор хуснихатига тушунмай, ўқимай қўяқоласиз. Энди ундай бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра келгусида қўл билан ёзилмайдиган касаллик тарихи шакллантириади.

Яқинда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида “Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар” мавзуида ташкил этилган очиқ мулоқотда журналистнинг бир саволи эътиборимни тортди. У тадбирда иштирок этаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига шундай савол билан мурожаат қилди: Замон шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизга илғор технологиялар жадал кириб келаяпти. Тиббиётимизда бу борада қандай янгиликларни кўриш мумкин?

Бу саволга аниқ ва тўлиқ равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари атрофлича жавоб беришди. Яъни:

– Тиббиётда ҳам замонавий фан-техника ютуқлари тараққиёт, янги марраларни эгаллашнинг асосий гарови ҳисобланади. Айни пайтда жабҳага телетиббиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал кириб келаётганининг боиси шунда. Фикримиз исботи учун оддий мисол келтирамиз. Телетиббиёт ускуналари ёрдамида ҳудудий педиатрия муассасаларида 40 фоиз ҳолатларда пойтахтга бормай ташхис қўйиш мумкин экан. Пировардида пул ҳам, вақт ҳам тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади. Шу боис Ўзбекистонда истиболда бу каби технологиялар барча ҳудудий педиатрия марказларига ўрнатилади.

Шунингдек, маълумотларни электрон кўринишда алмашиш ҳажмини ошириш мақсадида рақамлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилаяпти. Ҳозирда муассасалараро ягона тармоққа 3 мингта компьютер уланган. Йил охиригача уларнинг сони 11 мингтага етказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – “электрон соғлиқни сақлаш тизими”ни яратиб, тезкорлик ва сифатни оширишдир. Энг асосийси, бундай қулайлик натижасида бирорта касаллик тарихи қўл билан ёзилмайдиган бўлади.

Кўпчилик қизиқтираётган мавзу энди фуқаронинг касаллик тарихи қўлда эмас электрон шаклда бўлишидадир.  Аллбатта, бу халқимиз учун яратилаётган кенг имконият ва тиббиёт соҳасидаги улкан ютуқлардан бири саналади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида бу борадаги ишларни тубдан такомиллаштириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, бу тизимдан аҳолининг фойдаланиш имкониятини кенгайтириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасида тиббиёт тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.  Унда депутатлар, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вакиллари, мутахассислар, журналистлар иштирок этди.

Яна ўқинг:  МУРУВВАТ ЁРДАМИ ТОПШИРИЛДИ

Семинарда ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш, давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январь ва 7 февралда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш борасида берган топшириқ ва кўрсатмаларини тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларига эътибор қаратилди.

Соғлиқни сақлаш тизимига ахборот технологияларининг чуқур татбиқ этилиши бугунги кунда ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммоларнинг самарали ҳал қилинишига замин яратади. Масалан, тиббиёт муассасасига электрон мурожаат қилиш тизими яратилса, тиббий маслаҳат учун келган беморнинг шифокор қабулига кириш учун соатлаб навбат кутишига зарурат қолмайди. Тиббиёт карталарини электрон шаклда юритиш тартиби эса бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам яна бир қулайликдир. Телетиббиёт ютуқларини қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа тиббиёт муассасаларига жорий этиш оғир касалликларнинг олдини олиш, касалликларга тез ва аниқ ташхис қўйиш тизимини яхшилаш, инсон манфаатини муҳофазалашда муҳим ютуқлар омили бўлади.

Айни кунларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурида белгиланган “Соғлиқни сақлаш” ахборот тизимини яратиш лойиҳаси амалга оширилаётир.

Тадбирда ушбу лойиҳа доирасида муайян ишлар бажарилгани қайд этилди. Бироқ лойиҳада белгиланган кўплаб йўналишлар бўйича сусткашликка йўл қўйилмоқда. Тизимда кўрсатилаётган давлат хизматларининг сони жуда кам, ушбу фаолият тартибга солинмаган. Ягона интерактив хизматлар портали орқали аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтарилмаяпти.

Семинарда, шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни веб-сайтга тўлиқ жойлаштириш, электрон ҳужжат айланиш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ишларига эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Тиббиётга оид ахборотларни тарқатиш тизимини такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари савдоси жараёнида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан аҳолини кенг хабардор қилиш, аҳоли билан мулоқотнинг самарали механизмларини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Наврўз Норбобоев

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: