Чен Жи: жорий йилда 60 нафар коллеж битирувчисини Хитойга малака оширишга юборишни режалаштирганмиз

Ўзбекистон изчил ривожланаётган давлатлар қаторига киради. Хитой ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳалардаги мавжуд самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Биз ҳам мазкур ҳамкорлик натижаларига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Ўзбекистонда барча соҳалар қатори енгил саноат тармоқларини ривожлантириш учун ҳам жуда катта имкониятлар мавжуд. Серқуёш иқлим ва унумдор заминда етиштирилган пахта толасига бугун жаҳон бозорида талаб катта. Мамлакатингизда етиштирилган пахта сифати ва толасининг пишиқлиги бўйича дунёда етакчилардан ҳисобланади. Пахтадан тайёрланган маҳсулотлар икки баробар кўп даромад келтиради. Компаниямиз бу имкониятларни ҳар томонлама чуқур ўрганди.

Компаниямиз раҳбарлари Ўзбекистонда бир неча марта бўлиб, бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди. Ўзбекистондаги чет эллик инвесторларга яратилган қулай муҳит бизга ҳар томонлама маъқул бўлди. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” қўшма корхонасида Қашқадарё вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш мўлжалланган. Биринчи босқичда пахта толасидан ип-газлама ишлаб чиқарилади. Бу жараён жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошланади. Иккинчи босқич 2018 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лойиҳа билан танишиб, уни тезроқ ишга тушириш чораларини кўришни таклиф қилди. Бу таклиф бизга ҳам маъқул бўлди.

Мазкур лойиҳани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари иқлим шароитини ўргандик. Қашқадарё вилоятини танлаганимиз бежиз эмас. Бу ҳудудда етиштирилган пахта толасининг пишиқлиги, соҳага ихтисослашган касб-ҳунар коллежларининг мавжудлиги эътиборга олинди. Жорий йилда 60 нафар коллеж битирувчисини Хитойга малака оширишга юборишни режалаштирганмиз. Бу уларнинг соҳани чуқур ўрганишида ва самарали фоалият бошлашида муҳим омил бўлади.

Ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонамиз.

 

Чен Жи,

“ЛТ Текстиль Интернейшнл” қўшма

корхонаси директори.

ЎзА 

Яна ўқинг:  “КАРИМ-МУКАРРАМ СТОМА”: АҲОЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТДАН МАМНУН

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: