Оғиздаги нохуш бўй

ва унинг бартараф этиш йўллари

Тишлар нафақат инсоннинг чиройли табассумига сабаб бўлади. Балки, улар саломатлигимиз учун муҳим аъзо саналади. Узоқ вақт ва обдон чайналган луқма меъда-ичак тизимининг соғлом фаолият юритишига замин яратади. Тиш ва милк касалликларининг келиб чиқиши, оғиздан нохуш ҳамда бадбўй ҳид келишига сабаб бўлади.

Милк – бу оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг бир қисми бўлиб, тишлар бўйнига жипс ёпишган юмшоқ тўқима ҳисобланади. Ушбу тўқима яллиғланганда, шикастланганда, куйганда, кимёвий дориларнинг салбий таъсирида яллиғланиш келиб чиқади. Бадбўй ҳиднинг энг асосий сабабларидан бири оғиз гигиенасига риоя қилмаслик оқибатида тиш тошларининг пайдо бўлишидир. Шунингдек, чириган тишлар, бодомча безларининг яллиғланиши, меъда-ичак касалликлари ҳам оғиздан нохуш, бадбўй ҳид пайдо бўлишига олиб келади.

Оғиздаги бир дона тишда кариоз ковак бўлса ҳам оғиз ҳиди ўзгаради. Чунки, тиш коваги овқат қолдиқлари билан тўлиб қолади ва унда микроблар йиғилиб инфекция манбаига айланади. Бунинг оқибатида бактериялар муртак безларига осонгина ўтиб, тез-тез ангина кузатилиши аниқланган. Агар оғиз бўшлиғида бир нечта кариоз ковакли тишлар бўлса, кўпинча организмда меъда ости безининг фаолияти ва углеводлар алмашинуви бузилиши ҳам кузатилади.

Баъзан одамларда тиш рангининг сарғайганини кўрамиз. Бу одатда тамаки, нос чекиш, айрим дори воситаларини истеъмол қилиш, аччиқ чой, кофе, какао таъсирида ҳамда доривор ўсимликлар-мойчечак, маврак, эман пўстлоғи, анор пўчоғи, исириқ дамламалари билан оғиз чайилганда ҳам кузатилади. Одамнинг ёши ўтиши билан, шунингдек, ичимлик сувида фтор моддасининг ортиқчалигидан юзага келган флюороз касаллигининг натижасида тишлар сарғайиши кузатилади. Одамлар сарғайган тишларини ичимлик содаси, водород пероксиди, ош тузи билан тозалайдилар. Бу каби тозалаш тиш эмали учун зарарли бўлиб, унга зиён етказади. Улардаги сарғайган тиш тошларини ҳар хил сим, тўғноғич, тиш тозалагич билан тозалаш милкни зарарлайди. Чунки, тиш эмали емирилади. Шунинг учун тиш тошларини фақатгина стоматолог-шифокорга мурожаат этиб, тозалатиш керак. Милкка етказилган зарар ярага айланиб натижада бу ерга инфекция тушади ва оғиздан нохуш ҳид кела бошлайди. Тиш тошларини тозалагандан сўнг стоматолог беморга оғиз бўшлиғини тоза тутиш, оғиз гигиенасига риоя қилиш ҳақида тавсиялар беради. Агар тишларим соғлом, чиройли бўлсин десангиз шифокор маслаҳатига ва қуйидаги қоидаларга риоя қилинг.

Яна ўқинг:  Қишлоқда янги замонавий зиё маскани

Бир йилда икки маротаба тиш шифокорига кўриниб, тиш ва милкларингизни профилактик кўрикдан ўтказиб туринг. Овқат истеъмол қилгандан сўнг оғизни илиқ сувда чайинг ва тишларингизни дарҳол тозаланг. Тишларингиз чирий бошласа уларни даволатинг. Болангизни икки ёшлигидан оғзини илиқ сувда чайишни, уч ёшлигидан тиш чўткаси билан тиш ювишга ўргатинг. Болаларни ёшлигидан қотган нон, мева-сабзавотларни (сабзи, олма) ейишга ўргатинг. Ўзингиз ҳам шу маслаҳатга риоя қилинг. Бу милк ва тишларни мустаҳкамлайди ва ўз навбатида тишларни табиий тозалайди. Тишларингиз билан қаттиқ нарсаларни масалан, данак, ёнғоқ, хандон писта, бодомларни чақманг. Ёпишқоқ конфетларни чайнашдан сақланинг. Унга жуда совуқ нарсадан кейин жуда иссиқ ва аксинча жуда иссиқ нарсадан кейин жуда совуқ нарса теккизишдан асранг. Ўз хусусияти билан тишнинг эмалига зарар етказадиган нарсалардан (алкоголь, никотин)ларни қабул қилишдан сақланинг. Газли ичимликларни меъёридан ортиқ ичишдан сақланинг. Таомни ширин ичимликлар билан ейишдан ўзингизни тийинг. Ёғли овқатдан олдин ширинлик емаган маъқул. Таомни кўкатлар, карамли салат билан истеъмол қилинг. Абу Али ибн Синонинг айтишича, қурт сўриш тишни бақувват қилади ва мустақкамлайди. Тишларни мисвок (махсус хушбуй илдиз) билан тозалаш тиш емирилишининг олдини олади. Оғиздаги бадбўй ҳидни кетказишда ялпизнинг аҳамияти катта. Шу сабабли кўпгина тиш ювиш пасталарини тайёрлашда ундан фойдаланилади. Ялпиз баргидан чайнанг ва ундан тайёрланган дамламалар истеъмол қилинг ҳамда шу дамламалар билан оғизни чайинг.

 

Матлуба НАРЗУЛЛАЕВА,

олий тоифали стоматолог-шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: