“Илик узилди”

мавсумга доир маслаҳатлар

Кўкламой оламга сепини ёйиб, қиру адирлар, далаю дашт, тоғлар аста-секинлик билан яшиликка бурканмоқда. Шундай дамларда узоқ давом этган қишдан сўнг баҳорни соғинганимизни ҳис этамиз. Қалбимизга баҳорий жўшқинлик кириб келади. Аммо негадир танимизда баъзан ҳорғинлик ҳис этамиз. Қиш бўйи сархил, серсув сақланган мева-сабзавотлар кўкламга келиб аввалгидай асл ҳолатини сақламайди. Уларнинг кўриниши ўзгармасада таркибидаги витаминлар, минерал моддалар узоқ вақт сақлангани сабабли камаяди.

АВИТАМИНОЗ САБАБЛАРИ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Халқ орасида баҳорги ланжлик беҳоллик, дармон қуришига “илик узилди” даври деб ном берилган. Бу даврда организмга зарур витаминлар ва минерал моддалар етишмаслиги сабабли авитаминоз кузатилади. Авитаминоз (витаминлар етишмаслиги0 сабабли одам уйқудан кўз очишни истамайди. Сурункали чарчоқ туфайли қўли ишга бормайди. Диққат-эътибори сусайгани сабабли паришонхотир бўлиб қолади. Салгина асаббузарлик ҳам бундай инсонларни қуюшқондан чиқариб юборади. Уларнинг юз ва қўл териси ёрилиб, ачишади. Кўз тагида кўкимтир излар пайдо бўлади. Сочлар эса ўз жилосини йўқотиб, хира тус олади ва тўкила бошлайди. Бу ҳолатга камқонлик (қонда гемоглобин миқдорининг пасайиб кетиши) ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Организмда темир моддаси танқислиги камқонлигида тез чарчаш, тушкунлик, бош оғриғи ва тери қуриши, иштаҳа пасайиши, тери рангпар тусда бўлиши кузатилади.

Яна мавзуга қайтиб авитаминоз хусусида тўхталадиган бўлсак меъда-ичак тизими фаолияти бузилса ҳам ушбу хасталик авж олади.

Диққат!

Айрим одамларда юқорида таъкидланган касаллик аломатлари фақат баҳор фаслида кузатилса, баъзиларда эса йил давомида бу муаммо уларни тарк этмайди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам инсон ўз соғлиғига жиддий эътибор қаратиб, шифокор қабулида бўлиб, йилда икки марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Авитаминоз ва кам­қонликнинг олдини олиш учун сифатли ва тўйимли овқатланиш, тўйиб ухлаш, ўз вақтида дам олиш ҳамда мева-сабзавотлар, кўкатлар истеъмол қилиш шарт.

Витаминлар “алифбоси” етишмовчилигида қандай касалликлар ривожланади?

А (ретинол) витамини (дармондориси) етишмовчилигида кўзнинг кўриш қуввати пасаяди. Тери қуруқлашиб, унда майда тошмалар пайдо бўлади. Соч тўкилиб, тирноқлар мўртлашиб, синади.

А витамини балиқ жигари, тухум сариғи, сут, қаймоқ, сметана, сариёғ, ёғли пишлоқ таркибида мавжуд. Шунингдек, сар­ғиш-оловранг, баъзан қизил рангли мева-сабзавотлар (ширин булғор қалампири, ўрик, шафтоли, чаканда(облепиха) меваси, рябина, наъматак, қовоқ, етилиб пишган помидор, қизил ва сариқ сабзи, цитрусли мевалар таркибида мўл бўлади.

Яна ўқинг:  ЧАҚАЛОҚЛАР ПАРВАРИШИ

В1витамини (тиамин) организмда етишмаса асаб тизими чарчайди, кишида толиқиш кузатилади. Одам жиззаки бўлиб қолади. Асабийлик сабабли тери касалликлари, неврит қўзғалади.

Бу дармондори сули, гречиха ёрмалари, кепакли қора ун, ёнғоқ, дуккаклилар, пиво ва хамир ачитқиси (дрожжа), тухум сариғи, товуқ гўшти ва шу жонзотлар буйраги, жигари, юраги таркибида бўлади.

В2витамини (рибофлавин) етишмаса ҳолсизлик кузатилади. Кўз оғриб, қизаради. Лаб четида ёриқлар пайдо бўлади.

Бу витамин мол жигари, тухум, пишлоқ, творог, кефир, сут, сметана, ёғли балиқ (скумбрия, треска, кам миқдорда хек ва камбалада) мол, қуён гўшти, гречиха ва сули ёрмаларида, яшил нўхат, исмалоқ, гулкарам, ширин булғор қалампири, кўк пиёз, шивит таркибида кўп бўлади.

В6витамини етишмаса тил яллиғланади. Болаларда томир тортишиши ва кам­қонлик кузатилади.

В6витамини (пиридоксин) гўшт, жигар, буйрак, мия, балиқ, тухум, дуккаклилар, картошка, пиво ва хамир ачитқиси (дрожжа) таркибида кўп бўлади.

С витамини етишмаса милклар қонайди. Терига кичик жароҳат етса ҳам кўкаради.

С витамини (аскорбин кислотаси) ширин булғор қалампири, кўкатлар, карам, помидор, исмалоқ, яшил нўхат, мевалар (олма, апельсин, мандарин, лимон), реза мевалар – қора қорағат (смородина), наъматак таркибида кўп миқдорда мавжуд.

Д витамини етишмаса болаларда рахит касаллигига сабаб бўлади. Катта ёшли кишиларда эса остеопороз касаллиги ривожланиб, суяклар тез синадиган бўлиб қолади.

Д витамини (кальциферол) ўсимлик ёғлари, дрожжа, жигар, буйрак, тухум, сариёғ, ёғли балиқ турлари ва икра(балиқ увилдириғи) таркибида кўп бўлади.

РР витамини (никотин кислотаси) етишмаса баъзи асаб касалликлари қўзғалади.

РР ёки Вз витамини (никотин кислота) мол жигари, буйрак, тил, товуқ, қуён, мол, қўй гўшти, сули, тариқ, арпа, манний, гречиха ёрмалари, кофе, яшил нўхат, балиқ, нон, гуруч, буғдой, картошка, карам, сабзи, помидор, мевалар, сут маҳсулотлари, шунингдек, тухум таркибида мавжуд.

СОЧЛАР ПАРВАРИШИ

Баҳорги “илик узилди” даврида организмда умумий беҳоллик кузатилади. Шу сабабли сочлар ҳам парваришга муҳтож бўлади. Сочларингизни қатиқ ва хина аралашмаси билан ювинг. Бунинг учун бир литр қатиққа бир қути қуритилган хина кукуни аралаштириб сочларингизга суриб қўйинг. Кейин бошингизга махсус клёнка қалпоқ кийиб, устидан сочиқ ўранг. Икки-уч соатдан сўнг бошингизни ювинг. Сочларингизни пахмоқ, табиий толали сочиқ билан қуритинг. Ёғли сочлар учун ҳафтада икки марта ёғсиз қатиқ ва хина аралашмаси кифоя қилади. Аксинча, ёғсиз сочлар учун ёғли қатиқ ва хина аралашмаси ҳафтада бир маротаба озиқлантирувчи ниқоб сифатида зарур бўлади.

Яна ўқинг:  Кариесга қарши вакцина яратилди

СОЧ “ГУЛЛАШИ“ГА ҚАРШИ

500 грамм қичитқи ўт (крапива)нинг устидан ярим литр қайнаб турган сувни қуясиз. Бир оз совугач, шифобахш дамламани докадан сузиб олинг. Сўнгра илиқ дамламани ювиб қуритилган сочларингизга суртиб чиқинг. Бу ниқоб соч илдизини мустаҳкамлайди. Унинг тўкилишининг олдини олади ва бош терисининг қичишига барҳам беради. Муолажа ҳафтада бир марта амалга оширилади. Шунингдек, соч учи иккига бўлиниб, “гуллаши“га йўл қўймайди. Соч учлари “гулласа” 2-3 см. кесиш зарур.

ҚАЗFОҚНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Бир ош қошиқ қуритилган оққайин барги (дорихонада сотилади) устига 300 мл. қайнаб турган сув қуйилади. Икки соат тиндириб қўйилгач, докадан сузиб олинади. Бу дамламани ҳар сафар бош ювганингиздан сўнг бош терисига суртиб чиқинг. Дамламани музлатгичнинг пастки қисмида, усти ёпиқ шиша идишда сақланг. Зарур бўлса хона ҳароратида илиқ ҳолга келган ушбу шифобахш дамламани яна қўллашингиз мумкин. Бу дамлама нафақат қазғоққа қарши самарали таъсир этади. Балки сочларнинг қалин ва сержило ўсишида ҳам ижобий таъсир этади.

ҚЎЛЛАР ПАРВАРИШИ

Қўллар териси ҳам парваришга муҳтож. Уни доимо таранг ва силлиқ бўлишини истасангиз ҳафтада икки марта озиқлантирувчи ниқобни қўл терисига суртинг. Бунинг учун бир чой қошиқ хамиртурушни бир ош қошиқ ёғли сут билан аралаштиринг. Сўнгра ҳосил бўлган аралашмани қўлларингизга суртинг. Ўн дақиқадан сўнг илиқ сувда қўлларингизни ювинг. Орадан икки ой чамаси вақт ўтгач қўлларингиз терисини ёшараётганининг гувоҳи бўласиз.

ЮЗ ТЕРИСИ ПАРВАРИШИ

Бир ош қошиқ творогни бир чой қошиқ қаймоқ, бир чимдим туз билан аралаштиринг. Тайёр ниқобни юзингизга суртинг. 15-20 дақиқа ўтгач илиқ сув билан ювинг. Ушбу ниқоб қуруқ юз терисига мўлжалланган бўлиб, озиқлантирувчи хусусиятга эга. Юз терисини силлиқ ва майин бўлишига сабаб бўлади.

Ҳафтада 2-3 марта қатиқ, қаймоқ, сузма ва асалли ниқобларни юзга суртиб, уни енгил уқаланг. Диққат! Бу ниқоблар юз териси ҳолатига қараб суртилади.

Сифатли ва тўйимли овқатланиш, тўйиб ухлаш меъда-ичак тизими касалликларини ўз вақтида даволатиш ҳам юз терисининг соғлом ва чиройли бўлишига сабаб бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларидан таркибида елимшак (желатин) бўлган “лиқ-лиқ” (холодец) калла-поча ҳам аминокислоталарга бой бўлиб терига ижобий таъсир кўрсатади.

Яна ўқинг:  Болада иммунитет пасайса...

ОЁҚЛАР ПАРВАРИШИ

Оёқларингиз кун бўйи юрганингиздан толиб, кечга бориб оғрий бошласа мойчечак дамламасини тоғорага солиб, ярим соат оёқларингизни ванна қилинг. Ҳафтада 2-3 марта ана шундай муолажа қилсангиз оёқларингиз дам олади. Кейин пахмоқ, табиий толали сочиқ билан оёқларингизни артиб қуритинг. Унга махсус озиқлантирувчи крем суртинг. Оёқларингизни ҳам тез-тез уқалаб туринг. Шунда қон айланиши яхшиланади. Иссиқ кунларда эса шағал, асфальт ва майин тупроқли ерда оёқ яланг юриш аъзои баданга ижобий таъсир этади. Сабаби оёқ тагида (қўл ва қулоқ супрасида ҳам) организмнинг барча аъзолари билан боғлиқ биологик фаол нуқталар мавжуд. Оёқ яланг юрилганда шу биологик фаол нуқталар таъсирланиб, уқаланади.

ОЛМА СИРКАСИ ТЕРЛАШНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Оёқ ва қўллар терласа зарарли микроорганизмларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратилади. Шу сабабли бу салбий ҳолатнинг олдини олиш учун жигарранг олма сиркаси билан оёқ ва қўллар ювилади. Лекин чайилмайди. Шунингдек, оёқ кийимнинг ички юзаси ҳам олма сиркасига ботирилган пахта билан артиб чиқилади. Сўнгра целлафон халтачага солиниб 5-6 соат ўраб қўйилади. Ювилган пайпоқлар ҳам олма сиркасига ботириб қўйилади. 2-3 соат ўтгач чайилмасдан ёйилади.

Диққат!

Тери хасталиклари мавжуд ва аллергияга мойил шахслар дастлаб шифокор-дерматолог тавсиясидан сўнг олма сиркасини қўллаш-қўлламасликни билиб оладилар.

Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: