Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул ва пуллик тиббий хизматлар хақида маълумот

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига асосан давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилади. Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва белгиланган тартибда пул тўлаш орқали амалга оширилади.

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107 сонли Фармони билан тасдиқланган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури”га асосан давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига қуйидагилар киради:

1. Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдамнинг барча турлари бепул кўрсатилади.

2. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатиш, жумладан:

қишлоқ ва маҳалла врачлик пунктлари;

қишлоқ участка шифохоналари;

туман ва шахар оилавий поликлиникалари;

туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари;

туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари (хўжалик хисобидаги реабилитация ва соғломлаштириш бўлимларидан ташқари).

3. Аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш;

4. Ижтимоий ахамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик, ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, жумладан:

руҳий ва рухий-асаб касалликларни даволаш муассасалари (диспансерлар, шифохоналар, марказлар ва сихатгохлар);

сил касалликларни даволаш муассасаларида (клиникалар, диспансерлар, шифохоналар ва сихатгохлар);

онкологик касалликларни даволаш муассасалари (клиникалар, диспансерлар, марказлар ва шифохоналар);

тери-таносил касалликларни даволаш муассасалари (хўжалик хисобидаги тери касалликларини даволаш бўлим, ўринларидан ташқари);

эндокринологик касалликларни даволаш муассасаларида (клиникалар, диспансерлар ва шифохоналар);

наркологик касалликларни даволаш муассасаларида (диспансер ва шифохоналар);

касб касалликларни даволаш муассасаларида (марказлар ва бўлимлар);

лепрозорийлар;

ОИТС-марказлари.

5. Болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан:

болалик муассасалари (шифохоналари, сихатгохлари, поликлиникалари, марказлари,  боғчалари ва бўлимлари);

туғруқ муассасалари – хўжалик хисобидаги гинекологик бўлимлардан ташқари (акушерлик комплекслари, туғруқ бўлимлари, перинатал марказлар) ва оналик ва болалик муассасалари (“Она ва бола”, скрининг марказлари).

15-17 ёшдаги ўсмирларни, ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш;

6. Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан:

Юқумли касалликлар муассасаларида (клиникалар, шифохоналар, марказлар ва бўлимлар).

7. Беморларнинг имтиёзли тоифаларига (ногиронлар, уруш фахрийлари, ғирт етимлар ва бошқалар) бепул тиббий хизмат кўрсатиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли Қарори билан шахсларни (беморларни) даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилувчи касалликлар рўйхати ва тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифалари тасдиқланган.

Яна ўқинг:  Остеомиелит қандай касаллик?

А. Стационар шароитда даволаш-профилактика муассасаларида  овқатланиш тўловидан озод қилинган касалликлар рўйхатига қуйидагилар киради:

1. ОИВ касаллигини юқтирганлар (ОИТС).

2. Онкологик касалликлар.

3. Руҳий касалликлар.

4. Юқумли касалликлар.

5. Гиёҳвандлик касалликлари.

6. Эндокринологик касалликлар.

7. Нурланиш касаллигига чалинган беморлар.

8. Мохов касаллиги.

9. Сифилис.

10. Сил касаллиги.

11. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларининг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирларини ва интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар.

12. Даражасидан қатъи назар, камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор аёллар ва туққан аёллар.

Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига ёки палаталарига татбиқ этилмайди.

Б. Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифаларига қуйидагилар киради:

1. I ва II гуруҳ ногиронлар.

2. Болаликдан ногиронлар.

3. 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар.

4. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган — ногирон шахслар.

5. 1941 — 1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари.

6. Байналмилалчи жангчилар.

7. Ғирт етимлар.

8. Ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар.

9. 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари.

10. Чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар.

11. “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” (“Почетный донор Республики Узбекистан”) кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар.

12. 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар.

Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига ёки палаталарига татбиқ этилмайди.

Ушбу Ҳукумат Қарори билан даволаш-профилактика муассасаларида овқатга пул тўлаш тартиби қабул қилинган ва бемор ўз ҳоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан ташқари) пул тўлаши ёки овқатланишга пул тўлашдан қисман ёки бутунлай бош тортиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул қилмаслик учун асос бўлиши мумкин эмас. 

Яна ўқинг:  Тиббий маданият – соғлом ҳаёт асоси

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли Қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланган.

1. Онкологик касалликларга чалинганлар.

2. Сил касаллигига чалинганлар.

3. Мохов касаллигига чалинганлар.

4. Эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга) чалинганлар.

5. Руҳий касалликларга чалинганлар.

6. ОИВ касаллигини юқтирганлар.

7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар.

8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.

9. 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар.

10. 1941—1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари.

11. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган — ногирон шахслар.

12. Байналминалчи жангчилар.

13. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги   ПФ-3214 сонли Фармонига асосан ихтисослаштирилган академик В.Вохидов номидаги хирургия, урология, кўз микрохирургияси ва кардиология марказларида махсус йўлланмаларга (ордерларга) асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул даволанадиган қуйидаги имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган:

болаликдан ногиронлар;

ғирт етимлар;

I ва II гуруҳ ногиронлари;

1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ҳамда уларга тенглаштирилганлар;

ёшга оид ишламайдиган пенсионерлар;

1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари;

Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар;

байналминалчи жангчилар;

фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органларида моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оила аъзолари.

Ушбу имтиёзларга эга бўлган беморларни Марказларда даволанишлари учун махсус йўлланмалар (ордерлар) ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сонли “Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги қарорига асосан Республика фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказларида барча тиббий хизматлар бепул кўрсатилади. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология ҳамда терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига қуйидаги имтиёзли тоифадаги  шахсларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади:

15 ёшгача бўлган болалар;

ғирт етимлар,

I ва II гуруҳ ногиронлари;

болаликдан ногиронлар;

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари;

ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар; 

Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этишда қатнашган шахслардан ногиронлар;

байналминалчи жангчилар;

15-17 ёшдаги ўсмирларни ва чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақириқ  ёшидаги (18-27 яшар) шахсларни текшириш ва даволаш;

Яна ўқинг:  Тиббиёт муассасалари деярли 84 миллион долларлик асбоб-ускуналар билан жиҳозланади

фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа оладиган кам таъминланган оилалардаги шахслар.

Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёлларга, 15 ёшгача бўлган болаларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 20 фоизигача миқдорида, Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликлардан азоб чекадиган беморларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 30 фоизигача миқдорида махсус йўлланма (ордер) асосида бепул хизмат кўрсатилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги “Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 48-сонли Қарорига асосан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли шахслар рўйхати белгиланган:

ғирт етимлар,

I ва II гуруҳ ногиронлари;

болаликдан ногиронлар;

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари;

ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар; 

Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этишда ногирон бўлган шахслар;

байналминал жангчилар;

фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оилалар аъзолари;

ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар;

чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ  ёшидаги (18-27 яшар) шахслар.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 февралдаги 55-сонли Қарорига асосан даволаш-профилактика муассасаларида кўрсатилаётган сервис хизматларини ривожлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 2 августдаги 340-сонли буйруғи билан тизимда қўшимча пуллик сервис хизматлари жорий этилди ва ушбу хизматлар беморларга уларнинг ҳоҳишига асосан кўрсатилади.

8. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” Қонунига асосан аҳолини тегишли ахборот ва маълумот билан таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи билан барча тиббиёт муассасаларида пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб ва қоидалари, хизмат турлари ва нархлари акс эттирилган ахборот бурчаклари бўлиши керак.

Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи барча муассасалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ҳудудий бошқармалар томонидан берилган рухсатномаларга эга бўлиши лозим. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи муассасаларда фуқаролар билан шартнома тузилиши ва уларга пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши лозим.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: