Экотуризм – ёввойи табиат қўйнига саёҳат

Уйи тор дунёнинг кенглигини билмас, – дейишади доно халқимиз. Ажойиб обидалар, бетакрор тарихий яратиқлар қаршисида турганингда беихтиёр ҳайратингни яширолмай во-ажаб! — дея ёқа ушлашинг турган гап.

Қадим Бобил сингари цивилизация ўчоқларини биз бугун фақат Берлин ва Лондон музейларидангина кўра оламиз. Унинг ҳозирги ҳудудида қолган изларни энди топиб ҳам бўлмайди. Ота-боболарининг қадриятларини муқаддас билгувчи бир қанча элат ва миллатлар борки, улар ўз авлодларига бу каби обидаларни авайлаб етказмоқда. Узоқ Шарқ, Чин юрти, қудратли Рим, Миср эҳромлари дейсизми, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ўзбекистон ҳам дунёдаги буюк давлатлар қаторида ажойиб ўзбек халқи яратган хазинани сақлаб қолишдек бахтга муяссар бўлган юртдир.

Саёҳатингизни замонавий, ҳар томонлама қулай, барча шароитлар муҳайё бўлган шаҳарларда ўтказишингиз яхши, аммо табиат яратган мўъжизалардан олган ҳайратингиз олдида бу ҳеч нарса эмас. Негаки, инсон доимо аслиятга интилиб яшайди. Биз кўҳна мақбара ва замонавий шаҳарлар бағрида эмас, табиат бунёд этган қадамжолар, яъни туризм соҳасининг сўнги пайтларда кенг урғу берилаётган экотуризм ҳақида сўзламоқчимиз.

Экологик туризм ўтган асрнинг охирларидан жаҳон сайёҳлик индустриясига аста-секин кира бошлади ва бугунги кунга келиб жадал суръатларда ривожланиб бораётган иқтисодий соҳалардан бирига айланди.

Экспертларнинг фикрича ҳозирда экотуризм бутун дунёда энг сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу тармоқни янада ривожлантириш нафақат ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этиш, балки экологик муаммоларни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда туризм саноатида 210 миллиондан зиёд ишчи хизмат қилади ва ундан олинадиган даромад йилига 770 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда туризм ривожланаётган мамлакатларда ҳам тараққий этмоқда. Бу ўринда туристик бозорнинг деярли ярмини қамраб олган Осиё-Тинч океани, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Европа минтақаларидаги мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, туризм индустриясида экотуризм тармоғига кирувчи табиий ва саргузашт туризм тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Биргина Канада давлатида ёввойи табиатга саёҳат туризмининг умумий ҳажми ички туризмдан тушган даромаднинг 25 фоизини ташкил этади. Канада ҳукумати, фақатгина экотуризмдан тушган солиқ ҳисобидан ҳар йили 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда олади. Бу эса, ҳукумат томонидан ёввойи табиатни муҳофаза қилиш дастурига ажратилган маблағдан 5 баробар кўпдир.

Яна ўқинг:  Ягона бошқарув пульти яратилди

Шуни айтиш жоизки, экотуризм табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга катта ҳисса қўшади ҳамда уларни тўла-тўкис ўтказишга сезиларли молиявий кўмак беради. БМТ маълумотларига қараганда, ҳар йили экотуризмдан нисбатан кичик давлатлар ҳам Кения-1,4, Эквадор-1,18, Коста-Рика-1,14, Непал- 1,55 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олади. Ушбу мамлакатларнинг экотуризмдан олган даромади мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 70-80 фоизини ташкил этади. Айни пайтда жаҳон туризми саноатида халқаро туризмдан тушган даромад автомобиль, нефть, газ ишлаб чиқариш саноатидан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Мамлакатимизда экотуризм барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган ишлар жараёнида табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, атроф-муҳитга инсон омилининг салбий таъсирини камайтириш, чиқиндиларни зарарсизлантириш, ишлаб чиқаришга соф технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида “яшил иқтисодиёт”ни жорий этиш, инновация технологияларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар кўлами кенгаймоқда.

Хўш, соҳа бизда қандай ривожланмоқда деган ўринли савол туғилади. Ҳозирда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида бундай ишлар кенг миқёсда йўлга қўйилган десак асло янглишмаймиз. Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомарказида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Жиззах вилояти Зомин туманидаги табиий ҳудудларда экотуризм хизмати кўрсатиш инфратузилмалари яратилган.

Мамлакатимизда нафақат дунёга машҳур, хорижий сайёҳларни жалб қилувчи Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз каби қадимий шаҳарлар, тарихий ёдгорликлар, шу билан бирга, экотуризм билан боғлиқ бетакрор гўзал табиат, ландшафтлар (саҳро, чўл-адирлар, тоғлар, пасттекисликлар), хилма-хил ноёб ўсимлик ва ҳайвонот олами, нодир, дунё аҳамиятига эга бўлган археологик топилмалар, дунёда кам учрайдиган геологик кесимлар ва шунга ўхшаш табиий ёдгорликларнинг 8000 дан ортиғи мавжуд. Бу биз яшаб турган ўлка табиати ажойиботларга бой эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон 38 миллион гектардан ортиқ бўлган овчилик-балиқчилик ер майдонларига эга. Улардан бир миллион гектарини сув фонди, кўллар, дарёлар, сув омборлари ташкил этади. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўртасида экотуризм учун қулай транспорт-географик ҳудудда жойлашган, ривожланган турли хилдаги коммуникация алоқа йўллари билан боғланган бўлиб, ўзининг халқаро туризм салоҳияти бўйича жаҳонда олдинги ўринларни эгаллайди. Бироқ, амалда Ўзбекистонда бу салоҳият ва имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланилмаётгани натижасида мамлакатимизда туристларни қабул қилиш амалиёти салоҳиятга нисбатан анча кам. Шу ўринда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўз ташласак. Ўзбекистонга йилига ўртача 470 минг нафар атрофида сайёҳ келиб кетмоқда, ваҳоланки, Ўзбекистон туристик ресурслари ҳар йили 1 миллиондан ортиқ сайёҳларни қабул қилиш имкониятини беради.

Яна ўқинг:  Болаларни назорат қилувчи телефон

 Қизиқарли далиллар

Каталония Рим ва Венеция ортидан бориб туристик солиқни жорий этмоқда. Испаниянинг Шимоли-Шарқий вилоятидаги меҳмонхоналар эгалари сайёҳлардан меҳмонхонада ўтказилган ҳар бир тун учун қўшимча 1 евро ундирадилар. Тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарда меҳмонлар учун йиғим миқдори 2 ёки 3 еврони ташкил этади. Меҳмонхонада 10 кундан кўп турадиган сайёҳлар 11-кундан бошлаб солиқ тўловидан озод этиладилар. Шунингдек, қўшимча йиғимлар 12 ёшга тўлмаган болаларга тадбиқ этилмайди.

* * *

Буюк Британияда ўнта британияликдан фақат бир нафари сайёҳлик агентлигига боришдан эринмайди. Кўпчилик интернет орқали буюртма берадилар.

* * *

Савдо-сотиқ билан шуғулланувчи сайёҳлар самолётларда бар, душ ва икки кишилик кроват бўлишини хоҳлашмоқда.

 Ўзбекистонда экологик туризмнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири — бу табиий ҳудудларда экотуристлар учун энг муҳим бўлган, ёввойи табиат қўйнида Марказий Осиёда камёб ҳайвонларнинг эркинликда яшаши учун инфратузилманинг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлмоқда десак янглишмаймиз.

Экотуризмни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар юртимизнинг табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида, нафақат хорижий сайёҳларни она Ватанимизнинг ландшафти, ҳайвонот ва наботот дунёси, бой ва бетакрор табиати билан таништириш, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини боғлашдан иборат. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида йўқолиб бораётган ноёб ҳайвонот ва наботот оламини сақлаш ва кўпайтириш мақсадида қўриқхоналар (Сурхон, Нурота, Ҳисор, Бадай-Тўқай, Зарафшон, Қизилқум, Чотқол, Зомин, Китоб), парваришхоналар (“Жайрон” Экомаркази, Сайхун хўжалиги) таркибида ва атрофида жаҳон талабларига жавоб бера оладиган миллий табиий боғларни яратиш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатимизда экотуризм салоҳияти ниҳоятда катта ва уни жадал суръатлар билан ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Фақат бу салоҳият ва имкониятлардан жаҳонда экотуризм тараққий этган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, оқилона фойдаланиш, соҳанинг ўзимизга хос ва мос йўлларини излаб топиб, амалга ошириш лозим. Халқимиз юртимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳга “сафарингиз бехатар, саёҳатингиз кўнгилли ўтсин!” – дея тилак билдиради.

Истардикки, юртдошларимиз ҳам она Ватанимиз сарҳадлари бўйлаб ёввойи, асли табиат мўжизаларидан баҳра олсалар ва бунга вақт ажратсалар нур устига аъло нур бўлур эрди.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: