Эндиликда нафақалар нақд пул шаклида берилади

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 февраль санасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ушбу қарор кенг жамоатчилик ва аҳоли ўртасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Нуронийларнинг нафақа пулларини 100 фоиз миқдорда, тоғли ва олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилоти ходимларининг иш ҳақларини тўлиқ ҳажмда ҳамда талабаларга тўланадиган стипендияларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорини нақд шаклида тўланиши мазкур қарорнинг нечоғли халқчил эканидан далолатдир.

– Бугунги кунда инсоннинг ҳар томонлама тўкис, хотиржам ҳаёт кечириши учун аввало, моддий таъминот бирламчи ҳисобланади, – дейди меҳнат фахрийси Маҳмадўст Қудратов. – Минг шукурки, тинч ва осуда мамлакатда нафақа олиб фарзандлар, неваралар қуршовида тўкис ҳаёт кечириб, кексалик гаштини сурмоқдамиз. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Давлатимиз шунчалик ғамхўрки, бизларга нафақа тўлайди, вақтида саломатлигимиздан хабар ҳам олиб туради. Эндиликда нафақалар нақд пулда бериладиган бўлди. Биз эса бундан жуда мамнунмиз.

Қарор мазмунидан шуни англаш мумкинки, у мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлашдаги мавжуд аҳволни танқидий таҳлил қилиш натижасида қабул қилинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ишга тушганидан буён айни масала юзасидан 7 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг мазмуни кенг ўрганилиб, тегишли ташкилот вакиллари зиммасига юклатилган вазифа муҳим ҳужжат сифатида ўз аксини топди.

– Президентимизнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори республикамизнинг барча олийгоҳларида таҳсил олаётган талабаларга чексиз қувонч бағишлади, – дейди Тошкент Молия институти талабаси Зилола Ҳолиқулова. – Чунки, кўпчилик талабалар уйдан олисда яшаганлари учун ҳам нақд пулга кўпроқ эҳтиёж сезади. Назаримда, Юртбошимизнинг бу ғамхўрлиги биз ёшларнинг қийинчиликларсиз фақатгина яхши ўқишимиз, изланишимиз учун берилган яна бир имкониятдир.

Шунингдек, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир топшириқ берилган.

Дарҳақиқат, аҳолининг яшаш шароити ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб қабул қилинган ушбу қарор фуқароларнинг ўз пул маблағларини ўзларига қулай шаклда олиш бўйича қонуний ҳуқуқларини тўла таъминлашга хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Шоирга эҳтиром

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: