Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимиз фуқароларидан кўплаб таклифлар тушмоқда.

Халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2016 йил октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилгани;

Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жоме масжидга “Ислом ота жоме масжиди” деб ном берилгани;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрда “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси (А. Арипов) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари режасини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқсин.

Шу муносабат билан қуйидаги вазифалар топширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш;

тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш;

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ БОЛА – ОИЛА ТАЯНЧИ

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари биргаликда: Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида (Ўзбекистон кўчаси, 45) Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини ҳам ушбу манзил бўйича жойлаштириш; Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш;

қуйидаги муассаса ва объектларга:

Тошкент давлат техника университетига;

Асака шаҳридаги автомобиль заводига;

Фарғона шаҳридаги Санъат саройига;

Тошкент халқаро аэропортига;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини бериш;

ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш. Ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш;

олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш;

Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш;

Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ тадбирлар кенг ёритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 25 январь

 

Манба: ЎзА

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: