Она сути – микроэлементлар манбаи
Агар аёл ҳомиладорлик ва эмизикли даврларда, яъни бола 2 ёшгача бўлган вақтда тўйиб овқатланмаса, бу ҳолат гўдакнинг улғайишида катта муаммоларга олиб келади.
Унинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланишининг ортда қолишини бола ҳаётининг кейинги даврларида бутунлай тўғирлаш мумкин бўлмай қолади. Бу кичкинтойнинг бутун ҳаётига ўз салбий таъсирини кўрсатади.
Чақалоқ яхши ўсиши ва вазни ортиб бориши лозим. 2 ёшга етгунга қадар гўдак вазнини ҳар ойда аниқлаб бориш мақсадга мувофиқ. Боланинг вазни 2 ой давомида ошмаса, бу хавотирли белги ҳисобланади ва албатта, ота-она шифокор-педиатрга мурожаат қилиши зарур.
Она сути – бола ҳаётининг дастлабки 6 ойида зарур бўлган ягона озуқа ҳисобланади. Кўкрак сутида чақалоқ учун зарур бўлган барча озиқ моддалар мавжуд. Миттивой 6 ой бўлгандан кейин биргина она сутининг ўзи унинг озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди. Шунинг учун она сутини эмизишни давом эттириш билан бирга шифокор маслаҳати асосида гўдакка турли хил қўшимча овқатлар берилиши мақсадга мувофиқ. Жажжи инсон ҳаётининг 6 ойлигидан 1 ёшгача бўлган даври давомида унга кунига 5 маҳал қўшимча овқат бериш керак бўлади. Она гўдагини кўкрак билан эмизишни у икки ёшга етгунга қадар давом эттириши лозим.
Ўсиши ва ривожланиши ҳисобига боланинг озиқ моддалар, витаминлар, минерал моддалар жумладан, темир ва йод кабиларга эҳтиёжи ортиб боради.
Боланинг меъёрда ўсиши ва кўз нурининг яхшиланиши учун унга А витамини зарур бўлади. Бу витамин сариёғ, тухум, сут маҳсулотлари, она сути ва жигарда кўп бўлади. Шунингдек, бу дармондори бета-каротин шаклида сариқ ва тўқ сариқ рангдаги мева-сабзавотларда ҳамда ўсимлик ёғида мавжуд. Бета-каротиндан А витамини жигарда ҳосил бўлади.
Ақлий ва жисмоний соғлом ривожланиши учун болага темир моддаси зарур. Темир моддаси танқислиги мавжуд онадан туғилган бола нимжон, касалликка тез берилувчан бўлади. Хасталиклар уларда оғир кечади ва узоқроқ давом этади. Темир танқислиги мавжуд болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланиши сусаяди ҳамда у соғлом тенгдошларидан ортда қолади.
Эмизикли бола учун темирнинг асосий манбаи бу она сутидир. Ушбу элементнинг табиий манбаи – гўшт ва гўшт маҳсулотлари, жигар ва балиқ ҳисобланади.
Мол гўштининг лаҳм қисми эзилгунча қайнатиб пиширилади ва гўштқиймалагичдан икки марта ўтказилади. Сўнгра уни гўдакка юмшоқ бўтқа ҳолига келтириб берилади.
Ҳозирги вақтда республикамизда темир билан бойитилган ун ва ун маҳсулоталари ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотларни ҳар куни истеъмол қилиш темир танқислигининг олдини олади. Шунингдек, зарур ҳолларда шифокор маслаҳати асосида болага темир моддаси мавжуд кўшимчалар берилади.
Йод моддаси ҳам организм учун муҳим элемент
Йод танқислиги бўқоқ касаллигини юзага келтириши ҳаммага маълум. Бу элемент ҳомиланинг соғлом шаклланишида, шунингдек, унинг ақлий ва жисмоний ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, йод танқислиги ақлий салоҳиятни юзага чиқаришда катта салбий таъсир этиши охирги ўн йилликнинг муҳим янгиликларидан бири бўлди. Организмда бу модда етишмаслиги маълумотлар қабул қилишни қийинлаштиради. Яна хотирани пасайтиради ва фикрлаш жараёнини сустлаштиради. Бу эса ўқувчи ва талабаларнинг ўқув дастурларини ўзлаштиришда қийинчиликларни юзага келтиради. Хасталик сабабли ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг тушиши ёки унинг ўлик туғилиши шунингдек, гўдак турли нуқсонлар билан дунёга келиши мумкин.
Йод танқислиги оқибатида беморда жинсий ривожланиш ҳам сусаяди. Агар ўз вақтида унинг олди олинмаса, кейинчалик беморда бепуштликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори. Бундан кўриниб турибдики, йод танқислиги боланинг нафақат саломатлигига, шунингдек, унинг келажагига ҳам соя солиши мумкин. Ўзидан асорати ёмон бўлган бу ҳолатнинг олдини олиш жуда осон. Бунинг учун йодланган ош тузини мунтазам истеъмол қилиш зарур.
Тупроғимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, дон ва чорва маҳсулотларида йод миқдори кам бўлиб, инсоннинг ушбу элементга бўлган кунлик эҳтиёжини қондира олмайди. Йодланган ош тузини ҳар куни истеъмол қилиш одамнинг бу моддага бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Шунингдек, унинг ақлий ва жисмоний ривожланиш имкониятларига ижобий таъсир этади.
Эмизикли бола учун темир моддаси каби йоднинг ҳам манбаи она сутидир.
Дилдора БОЙМАТОВА,
Қоракўл туман тиббиёт коллежи ўқитувчиси