Бойсунлик гиламдўз Мафтуна
Қўл меҳнатида яратилган нақшинкор гиламлар… Унда акс этган ранглар бир бирини сира такрорламайди. Ҳар бири ўзига хос – нафис ва гўзал. Нақшларнинг турфа хиллиги эса киши ҳайратини оширади.
Номлари ҳам шунга яраша. “Қурбақа пишти нақши”, “қўчқоршоҳи”, “туябўйин”, “тўдагул”… Гиламларни кузата туриб, уни қўли гул, кўп йиллик тажрибага эга ҳунарманд яратган дея хаёлга боришингиз тайин. Лекин бундай гўзал ва бежрим гиламларнинг ижодкори сурхондарёлик ёш ҳунарманд Мафтуна Азизова бўлади.
Бойсун туманидаги “Ҳунармандлар” маҳалласида истиқомат қилувчи бу гиламдўз қиз эндигина 23 ёшни қаршилади. Ёш бўлишига қарамай, Мафтуна нафақат Бойсун элининг, балки вилоят, борингки, республикамиздаги кўплаб устоз ҳунармандлар эътиборига тушган.
Қаҳрамонимиз гиламдўзлик ҳунари билан асрлар оша Сурхон элида обрў топган машҳур сулоланинг бешинчи авлоди. Мафтуна ушбу ҳунар сир-асрорларини катта онаси ва опаларидан ўрганиб келмоқда.
– Болалигимда онам маҳалладаги қизлар билан жам бўлиб, турли рангларда бежрим гиламлар тайёрлашарди, – дейди Мафтуна ҳунарга бўлган қизиқиши ҳақида сўзларкан. – Ўша пайтларда мени фақат онамнинг мўъжазгина иш жойида учратиш мумкин эди. Баъзан гилам тўқишга шу қадар қизиқиб кетардимки, катталарнинг ишига халақит бераётганимни ҳам сезмай қолардим. Шундай кезларда уларнинг беғараз даккиларини ҳам эшитганман. Вақт ўтиши билан ана шу жараённинг бевосита иштирокчисига айландим. Дастлаб иплардан турфа ҳайвончалар ясаган бўлсам, тўққиз ёшимда мустақил тарзда гилам тўқидим.
Мафтуна тумандаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлагандан сўнг якка тартибдаги ҳунарманд сифатида иш бошлади. Ҳозирда 30 нафарга яқин қишлоқ ёшларини иш билан банд қилди. У ўзининг мўъжазгина иш жойида нафақат гиламдўзлик билан шуғулланади, балки шогирдлари билан турли либослар, турфа миллий буюмлар яратади. Замонавий дид ва миллий руҳ жам бўлиб ҳақиқий санъат даражасига етган асл гиламлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ёш ҳунарманд қиз бугунга қадар кўплаб танлов ва семинарлар, жумладан, уч йилдан буён Бухоро шаҳрида ўтказилаётган “Ипак ва зираворлар фестивали”да нафис гиламлари билан мунтазам қатнашиб келмоқда.
Шунингдек, Германиянинг Гёте институти томонидан сурхондарёлик ҳунармандлар учун ўтказилган семинар-тренингда ўзининг лойиҳаси билан ғолиб бўлиб, Бухорода ташкил этилган ўқув-тренингида ўз малакасини ошириш имконига эга бўлди. Шунингдек, у “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида муваффақият қозониб, республикада “Энг ёш ҳунарманд” йўналиши бўйича ғолиб бўлди.
Келажакдаги режалари ҳақида сўзларкан у ана шундай семинар-тренинглар ва турли танловларда кўпроқ иштирок этиб, ўз малакасини ошириш ва келгусида ЮНЕСКОнинг “Сифат белгиси” мукофотини қўлга киритишни мақсад қилган. Биз Мафтунага эзгу орзулари ушалишига тилакдошмиз.
Маърифат ТОЛИПОВА