Она табиат – табиий дорихона

Маълумки, одам ва ҳайвонларда учрайдиган касалликларни даволаш ва унинг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган гиёҳлар доривор ўсимликлар ҳисобланади.

Марказий Осиё ҳудудида асрлар давомида ўзига хос табобат шаклланган. Минг йиллар давомида табиблар шифобахш ўсимликлардан фойдаланиб, ўз тажрибаларини аждодлардан авлодларга мерос қолдиришган.

Ҳозирги кунда доривор ўсимликларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бунга асосий сабаб узоқ вақт давомида мунтазам турли сунъий дори воситаларини истеъмол қилиш организмда кўпгина салбий ўзгаришларга олиб келиши ва унда жиддий асоратлар қолдириши аниқланди. Масалан, ҳомиладор аёлларда сунъий ухлатувчи дориларни кўп қўллаш, болаларнинг турли нуқсонлар билан туғилиши ёки бошқа кучли таъсир этувчи синтетик дори воситалари сабабли саратон касаллиги келиб чиқиши маълум бўлди.

Доривор ўсимликлардан касалликларни даволаш мақсадида қўллаш учун одатда улардан кўпинча дамлама, қайнатма ва тиндирма каби препаратлар тайёрланади. Уларнинг аксариятидан сув, турли даражадаги спирт ва бошқа эритувчилар ёрдамида шифобахш маҳсулотлар ажратиб олинади. Натижада биологик фаол моддалар йиғиндисидан иборат табиий малҳам вужудга келади. Ҳар бир доривор ўсимлик кенг спектрдаги шифобахшлик хусусиятга эга бўлиб, унинг таркибини кимёвий бирикмалар ва микроэлементлар белгилаб беради. Бир ўсимликдан олинган фитопрепаратлар бир пайтнинг ўзида ҳам оғриқни қолдирувчи, ҳам седатив, яъни тинчлантирувчи, ҳам кардиологик таъсирга эга бўлиши мумкин. Доривор ўсимликлар синтетик дориларга қараганда кам асорат қолдиради. Улар камдан-кам ҳолларда аллергик реакциялар келтириб чиқаради. Бундан ташқари, мамлакатимизда доривор ўсимликлар бизни ўраб турган табиатда мавжуд ва уни йиғиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Шу сабабли ҳам бу каби ўсимликлардан олинаётган табиий препаратларнинг сони йил сайин кўпаймоқда. Сўнгги йилларда янги ва асорат қолдирмайдиган безарар дорилар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида табиий ҳолда 4 минг 500 га яқин ўсимликлар тарқалган. Уларнинг 1 минг 200 га яқин тури дориворлик хусусиятига эга. Ҳозирги пайтда республикамизда 112 турдаги доривор гиёҳлар расмий тиббиётда қўлланилмоқда. Уларнинг 80 фоизини табиий ҳолда ўсувчи ўсимликлар ташкил этади.

Фармацевтика саноати ва аҳолини доривор ўсимлик хомашёсига бўлган талабини қондириш ва унинг асосида замонавий дори-дармонлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 августдаги “Доривор ўсимликшунослик ва янги дори воситаларини ишлаб чиқариш корхоналарини ташкиллаштириш учун доривор ўсимликларни саноат миқёсида плантацияларини яратиш” ва 2015 йил 20 январдаги “2015–2017 йилларда ўрмон хўжаликлари тизимини ривожлантириш, доривор ва озуқабоп ўсимликлар хомашёсини етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баённомаларининг бандлари ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Яна ўқинг:  Сўлим сиҳатгоҳ – танни соғ, дилни чоғ этади

Ҳозирда республикамизда халқ соғлиғини сақлаш, турли касалликларнинг олдини олиш, келажак авлодни соғлом қилиб вояга етказиш каби долзарб масалаларга катта эътибор берилмоқда. Аҳолига ўз вақтида ва тез, юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишда хасталикни даволаш ва унинг олдини олишнинг асосий омиллардан бири бўлмиш асоратсиз таъсир этувчи шифобахш ўсимликлар ҳамда улардан тайёрланадиган дори воситалари ҳақида фуқароларга кенг тушунча бериш, уларни етказиб бериш учун бор ички имкониятларни ишга солиш зарур.

 

Зулхумор РАСУЛОВА,

Тошкент давлат аграр университети 4-босқич талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: