УЛУҒДИР УСТОЗ ДЕГАН НОМ

Оламнинг гултожиси инсон бўлса, инсонларнинг буюги аввало ибратли ота-она сўнгра устоз мураббийлардир. Инсон борки, таълим берган, унга дунё маънавий-маърифий дурдоналари хазинасини очувчи билим калитини қўлига тутқазган зотни устоз деб улуғлайди. Оламдаги барча яхшилик, илму маърифат, меҳр-саховат

отадай улуғ зотлар туфайлидир.

Ана шундай устоз-мураббийлардан бири – педагогика фанлари доктори, профессор, I-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг толмас тарғиботчиси Талъат Усмонхўжаев ҳақида кўп гаплар айтиш мумкин.

Қутлуғ ёшни қаршилаган устоз бир неча фарзандларнинг падари бузруквори, ўнлаб набираларнинг севимли бобожонисидир.

Қарийб 50 йил ўз касбини улуғлаган Талъат Усмонхўжаевда спортга бўлган қизиқишни 1-синфи­да ўқиб юрган кезларидаёқ жисмоний тарбия ўқитувчиси Сурен Жавадов уйғотган эди.

У ўша пайтда пойтахтнинг “Бешёғоч” даҳасида 90-мактабда спорт гимнастикаси билан астойдил шуғуллана бошлади. Институтни баскетбол мутахассислиги бўйича тугатган бундан эллик олти йил аввал Ўзбекистонда илк очилган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг “Спорт ўйинлари” кафедрасида ўзининг педагогик фаолиятини бошлади. Устоз мазкур олий таълим даргоҳида спорт соҳасида миллий кадрларни етиштириш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Ўша кезларда баскетболга оид барча дарслик ва қўлланмалар рус тилида бўлганлиги боис Т.Усмонхўжаев уларни ўзбек тилига таржима қилди.

Болалар жисмоний тарбияси, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ёш физиологияси айниқса, миллий ҳаракатли ўйинлар тадқиқотчимизнинг изланиш объектига айланди. Натижада устознинг бундан 40 йил аввал “Ҳаракатли ўйинлар” номли биринчи китоби чоп этилди.

Республикамиз мустақилликка эришгач, барча соҳалар қатори таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида илмий ишларини олиб бориш, унинг натижаларини амалиётга тадбиқ этиш борасида кенг имкониятлар юзага келди.

Ўзининг илмий, амалий, педагогик фаолиятини мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар спорти, жисмоний маданияти, жисмоний тарбиясининг назарий жиҳатларини асослаб беришга қаратган фидойи устоз 1995 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг махсус ихтисослаштирилган илмий кенгашида “Болаларни ҳаракат фаолликлари билан боғлиқ тарзда жисмоний камолотга етказишнинг илмий педагогик асослари” мавзусида диссертациясини муваффақиятли ёқлади ва педагогика фанлари доктори илмий унвонига сазовор бўлди.

Қарийб эллик йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида олимимиз ўзи ва шогирдлари билан биргаликда йигирмадан ортиқ монография, ўқув қўлланма, тавсияномалар яратиб, миллий ҳаракатли ўйинлар ва спорт турларини тиклаш, улардан ёшларимизда ватанпарварлик, миллий ғурур, қатъият ва интизом, ҳалоллик каби фазилатларни камол топтиришга ҳисса қўшди.

Яна ўқинг:  ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ: БЕМОР ҲАЁТИ УЧУН МУҲИМ АСОС

Талъат Усмонхўжаев юртимизда миллий ҳаракатли ўйинлар ва ўтказиб келинаётган спорт анжуманлари, фестивалларида фаол иштирок этиб келади. Шунингдек, устоз тарихий, миллий ҳаракатли ўйинлар – “Чўпон”, “Бўрон”, “Чиллак”, “Қараб теп”, “Отиб қочар” кабиларни миллий спорт турларига яна ҳам яқинлаштириш, тиклаш борасида ҳам ўзининг билим ва маҳоратини аямай келмоқда.

“Меҳнат қилган элда азиз”, дейди халқимиз. Педагогика фанлари доктори, профессор Т.Усмонхўжаевнинг мамлакатимизда болалар ҳамда ўсмирлар спортини ривожлантириш борасидаги сермашаққат меҳнати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 1999 йилда I-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат энг аввало, баркамол авлодни тарбиялаш, соғлом фарзандларни улуғлаш ҳақида қайғуради. Республикамизда баркамол, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўз касбининг ҳақиқий фидойиси, профессор Талъат Усмонхўжаевнинг эзгу ишларига ривож, соғлиқ-саломатлик тилаймиз.

Шавкат ЁҚУБОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: