Пойтахтдан олисда…

Мамлакатимизнинг ҳеч бир гўшаси йўқки, тиббий хизмат кириб бормаган бўлса. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу ишларга ҳамиша камарбаста.

Фонднинг Навоий вилоят ҳудудий филиалида фаолият юритувчи ходимлар ҳам кунни тунга улаб, эл саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилмоқда.

Бугун шифокор ва ҳамширалардан иборат жамоа навбатдаги кўрикка отланди. Бу галги тиббий текширув марказдан 150 км олисдаги Нурота туманининг Янги турмуш қишлоғи аҳолиси ўртасида бўлиб ўтади. Бригада бошлиғи, биринчи тоифали шифокор, терапевт Фарҳод Замонов бошчилигидаги ходимлар – биринчи тоифали шифокор, акушер-гинеколог Гавҳар Саидова, 30 йиллик тажрибага эга шифокор Зулхумор Шаропова, ҳамширалар – Мадина Эргашева ва Дилором Сатторовалар белгиланган манзилга етиб келгач, уларни қишлоқ врачлик пункти мудири Саттор ака Қамбаров бошчилигидаги тиббиёт ходимлари ҳамда қишлоқ аҳолиси қарши олишди.

Бригада тиббий кўрикни тезда бошлаб юборди. Текширувлар давомида 30 нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар кўрикдан ўтказилди. Шифокорлар 2009 йилда туғилган Нозима Абдумўминовада маймоқлик ташхисини аниқлади ҳамда у Корея Республикасидан ташриф буюрадиган юқори малакали ортопед-врач кўригига таклиф этилди.

Дарҳақиқат, болаларни республика ва чет эл клиникаларида соғломлаштириш ҳамда тезкор даволаш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва унинг вилоятлардаги филиалларининг алоҳида ўрни бор. Шу мақсадда бемор болаларни чет элдаги нуфузли клиникаларда даволаш учун махсус дастур ишлаб чиқилган. Шунга кўра ногирон ва куйишдан кейинги контрактурали болаларни Германия клиникаларида тезкор даволаш мақсадида 2007 йилдан 2016 йилгача 3720 нафардан ортиқ бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа муваффақиятли давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг август ойида Зарафшон шаҳрида яшовчи 2 нафар бемор бола ҳам Германия клиникаларида даволаниш учун жўнаб кетди.

 

Жорий йил фонднинг Навоий вилоят ҳудудий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан 104 та маҳалла ва 22 та қишлоқда жами 13 минг 874 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 3 минг 932 нафарини 18 ёшгача болалар ташкил этади.

 

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Навоий вилоят филиали, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Навоий халқаро аэропорти ҳамда Ин Ха университети госпитали делегацияси врачлари томонидан ўтказилган акция давомида 2010 йилдан то 2016 йилгача 3 минг 720 нафардан ортиқ ногирон, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Корея Республикасининг “Ин Ха” госпитали томонидан ташкиллаштирилган инсонпарварлик тиббий кўриги натижасида вилоятдаги 5 нафар ҳимояга муҳтож юртдошимиз жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилди.

Яна ўқинг:  Кўмагингиз учун ташаккурлар айтаман

Янги турмуш қишлоғида бўлиб ўтган тиббий акцияда иштирок этганларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил қилди. Кўрик жараёнида аёлларда асосан камқонлик, қалқонсимон без хасталиги, турли гинекологик касалликлар аниқланди. Бундан ташқари ҳудудда яшовчи, кўп йиллардан буён шифокор назоратида бўлган, юрак ишемик, гипертония (хафақонлик) касалликлари билан оғриган кишилар ҳам қайта тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда уларнинг барчасига керакли тавсиялар берилди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга фонд томонидан дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари топширилди.

Мухтасар қилиб айтганда, саломатлик посбонлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда. Ўйлаймизки, бу каби хайрли ишлар бундан кейин ҳам давом этажак.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: