Шоир вафотига

Бу йил оғир келди Ўзбекистонга,

Садафдек дурларим тўкилди қатор.

Чиғатойтепага шудрингдек томган,

Ҳали қуримаган кўзёшларим бор…

 

Алвидо, муҳтарам Абдулла Ориф!

Гарчи ажал бермас ҳеч кимга омон.

Вале шоирсиз эл ғарибдан ғариб,

Шоирга тош отган миллат – оломон.

 

Ғийбат қилиб тўкдик гуноҳингизни,

Сиздан қолган майдан майда хўплашиб.

Муҳташам ҳаётдан бездирдик Сизни

Гоҳ якка тартибда, баъзан кўплашиб.

 

Кимдир қайта-қайта топар асолар,

Уни косов қилар бошқа ғўр банда.

Ҳа, казо-казолар ва ҳоказолар

Ҳушёр тортар эди Сизни кўрганда.

 

Сиз билан юзма-юз қолсак ногаҳон

Ёдга солардингиз кимлигимизни.

Кеча не сабабдан эдигу бийрон,

Бугун не сабабдан жимлигимизни.

 

Рост сўзни айтмоқлик мушкуллиги рост,

Гўзал оҳ тортмоққа юрак керак, оҳ!

Тафаккур шиддати Навоийга хос,

Темурбекка оид бу қаттиқ нигоҳ.

 

Бол томизиб мақтаб асарларини

Шоирни бундайроқ кўргувчилар бор.

Тутун пуркаб ҳайдаб асаларини,

Асални ўймоқлаб ургувчилар бор…

 

Оқибатни ўйлаб чекдингиз алам,

Гина, ўкинчингиз беғараз тамом.

Мақсадингиз – завол топмасин олам,

Одамга ярашсин инсон деган ном.

 

Сизга ошно бўлдим болалик кездан,

Сиздан ранглар олдим сўзимга аён.

Эл қатори қарздор эдим мен Сиздан,

Ўзимнинг армоним ўзимга аён…

 

Баҳри муҳит тўлқин урар ёлвориб,

Юлдузлар йўл қарар жавдираб илҳақ.

Мендан рози бўлинг, Абдулла Ориф,

Сиздан рози бўлсин Ҳокими мутлақ!

 

Иқбол Мирзо,

Ўзбекистон халқ шоири

Яна ўқинг:  Онам

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: