Орзулари осмон қиз
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар натижасида фарзандларимизнинг спортга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
Яратилган шароит ва имкониятлар туфайли кўплаб ўғил-қизларимиз халқаро майдонларда она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон чинакам истеъдодлар мамлакати эканини бутун дунёга кўрсатмоқда.
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 317-умумтаълим мактабининг 4-синфида таҳсил олаётган Зилола Жўраева ҳам юртимизнинг иқтидорли ёшларидан бири. Мана бир неча йилдирки, у спортнинг каратэ, ўзбек жанг санъати турлари билан мунтазам шуғулланиб келади. Тўрт карра Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлган қизалоқ, 2015 йил Бухоро ва Самарқанд шаҳрида каратэ бўйича ўтказилган мусобақаларда ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. Шунингдек, 2016 йил “Камолот” ЁИҲ томонидан ташкил этилган турнирда ўзбек жанг санъати бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Зилоланинг эришаётган муваффақиятлари яқинлари, устозларини беҳад мамнун этмоқда.
– Фарзандимда спортга бўлган ҳавас ва қизиқиш 4 ёшидаёқ пайдо бўлган, – дейди онаси Камола Жўраева. – Дастлаб, уни спортнинг гимнастика турига беришни ният қилган эдим. Лекин спорт мактабига олиб борганимда қизим каратэ билан шуғулланаётган болаларга ўзгача ҳавас билан қараб турганини сездим. Ўшанда “Зилола, сен ҳам улар билан шуғулланишни истайсанми? ” – дея сўраганимда, у ҳеч иккиланмай “ҳа” дея жавоб берганди. Шундан буён қизим каратэга ошно тутинган.
Истиқлол шарофати билан юртимизда болалар спорти соҳасида туб ўзгариш ва янгиланишлар рўй бердики, бунинг самарасини Зилола каби умидли ёшларимизнинг муваффақиятлари мисолида кўришимиз мумкин. Ишонамизки, унинг келажакдаги ғалабалари она юртимиз номини бутун дунёга танитади.
Чарос ХУШВАҚТОВА