“Ярим ой” кулчаси
Зарур масаллиқлар: 2 пиёла ун, 75 гр. музлатилган сариёғ, ярим стакан сметана, 4 чой қошиқ лимон шарбати, олма, 4 ош қошиқдан ун ва шакар, ярим чой қошиқ ванилин, тухум сариғи ва туз.
Тайёрланиши: музлатилган сариёғ майда тўғралиб, озгина ун билан аралаштирилади ва 1 соат музлаткичга қўйилади. Сўнгра қолган унга туз қўшиб, устига сариёғли аралашма солинади.
Сметанага лимон шарбати ва сув солиниб, хамир тайёрланади ва целлофан пакетга ўралиб, 1 соатга музлатгичга қўйилади. Сўнгра хамирни 3 мм. қалинликда ёйиб, айлана шаклда кесиб олинади ва целлофанга ўраб, яна ярим соат музлаткичга қўйилади.
Олма меваси майдалаб тўғралади. Кейин устига ун, шакар, туз, ванилин солиб, яхшилаб аралаштирилади. Хамирларни музлаткичдан олгач, ҳар бирининг ичига 2-3 чой қошиқдан мевали аралашма солиниб, ярим ой шаклида тугилади. Санчқи билан четига нақш берилиб, пергамент қоғоз устига териб чиқилади. Сўнг устини целлофан билан ёпиб, яна ярим соат музлаткичга қўйилади. Шундан кейин кулчаларнинг юзига тухум сариғи суртилади ва 190 даражада қиздирилган газ печига 20 дақиқа қўйилади. Хамир юзига қанд упаси сепилгач, яна 15 дақиқа газ печида пиширилади.
БЕГОЙИМ