“Тақ, тақ”, сизга мактуб бор!
Ёдимда, болалигимда ҳарбий хизматга кетган амакимга хат ёзардик. Кимнинг дилномаси маъноли, чиройли бўлса, ота-онамиз томонидан тақдирланардик ёки амакимни кўргани боришга рухсат тегарди. Акаларим билан мусобақа уюштириб, чиройли ва маъноли хат ёзишга уринардик.
Афсуски, кўнгил розларини соф ва беғубор ҳолда етказиб берувчи мактублар бугунги кунга келиб одамлар орасида камайиб кетди. Эндиликда хатларнинг электрон вариантлари биз учун қулайдек, гўё. Бироқ, инсоннинг ўз қўли билан ёзган икки энлик мактубига ҳеч нарса тенг келолмайди. Чунки, унга одамнинг бутун ҳис-туйғулари, меҳр-муҳаббати жо бўлади. Шундан бўлса керак, хатлар миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва хулқ-атворини яхши томонга ўзгартиришга туртки бўлган.
Гарчи, инсонлар ўртасида хат ёзиш камайган бўлса-да, бироқ, почта хизмати ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, почта тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қадимдан инсонлар маҳаллий ҳамда олисда содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш мақсадида чопарлар хизматидан фойдаланишган. Улар олиб келган хабарлар эса оғзаки, ёзма ёки рамзий тарзда ёзилар эди. Рамзий хабарлар махфий маълумотларни етказишда, асосан ҳарбий мақсадларда ишлатилган. Бу каби мактубларни ёзиш учун эриган шам томчилари ёки шунга ўхшаш воситалар зарур бўлган.
Инсоният тарихида чопарлар дастлаб пиёда, сўнгра отдан фойдаланишган. Чопарлардан ташқари кабутарлар ҳам хат ташувчи вазифасини ўтаган. Улар инсонларга қараганда тезроқ мактубни ўз манзилига етказиб берган. Биринчи почта хабарлари бундан қарийб 5000 йил муқаддам Мессопатамияда топилган. Улар лойдан ясалган кўринишда сақланиб қолинган. Дастлаб мактублардан фойдаланиш оддий аҳолининг ўзаро мулоқоти учун эмас, балки ҳарбий мақсадларда ишлатилган. Маълумотларга қараганда, хатлар хизмати Мессопатамиядан ташқари қадимги Миср, Оссурия, Вавилон ва Персияда ҳам кенг тарқалган.
Почта маркалари илк бор 1840 йил Англияда почта хизмати сифатини яхшилаш мақсадида яратилган. Мутахассислар маркалар муаллифи ким эканлиги ҳақида аниқ тўхтамга келмаган.
Расмий равишда эса тарихга илк почта маркаси англиялик Роуленд Хилл томонидан киритилган. 3 йил ичида, яъни, 1840 йилнинг 6 майида у унчалик кўп бўлмаган нусхада қора рангли тўртбурчак шаклдаги қиролича Виктория сурати туширилган маркаларни ишлаб чиқарди. Дастлаб марка четларида “тишчалар” бўлмаган. Бу эса кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарган. Кунларнинг бирида почта ишчиси Генри Арчер тикув машинаси ёрдамида маркаларни бўлиб чиқади ва буклаб, уларни бир-биридан ажратади. Кейинчалик эса айнан шу мақсадда тахтакач ниналар яратилади. Маркалар учун мўлжалланган перфоратор (тешишга мўлжалланган ускуна) машиналар шу тариқа пайдо бўлган.
Телеграф (1832), телефон (1876) ва радио (1895)нинг яратилиши билан миллионлаб инсонларнинг ҳаётида почта алоқаси ўзининг муҳим ролини йўқота бошлади. Аммо, тан олиш керак, аҳамияти жиҳатидан инсоннинг ўз қўли билан ёзган, дилидан чиққан энг қайноқ сўзлар оққа тушгач, ҳар қандай етказилган хабардан устун туради.
Ҳар йили бутун ер юзида 9 октябрь санаси Бутунжаҳон почта куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу кун тарихий аҳамиятга эга бўлиб, айнан шу санада БМТнинг ихтисослаштирилган агентлиги – Бутунжаҳон почта иттифоқи ташкил этилган.
Мазкур ташкилот ўз ичига 192 та мамлакатни қамраб олган бўлиб, халқаро почта 6800 тилда мулоқот олиб боради.
Бу тармоқ маҳсулотларни самарали ва тежамли етказилишини таъминлаш, фикр алмашиниши учун мўлжаллангандир. Почта дўстлар орасида узоқ масофаларда шахсий ёзишмалар алмашинишига ёрдам беради. Шунингдек, ушбу хизмат турли ҳудуддаги фирмаларга мижоз топиш ва уларнинг эҳтиёжларига мос равишда иш олиб боришга кўмаклашади.
Бугунга келиб Бутунжаҳон почта иттифоқи дунёдаги энг йирик тармоққа айланган. 1994 йилнинг 24 февралидан буён Ўзбекистон Республикаси ҳам ана шу нуфузли ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир.
БПИнинг асосий вазифалари бутунжаҳон почта хизматларини ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда почта жўнатмаларининг ўсишига кўмаклашиш ҳамда мижозларга кўрсатилаётган почта хизматлари сифатини янада яхшилашдан иборатдир.
Майна ҲАСАНОВА,
Хуршида ҲУСЕНОВА