Анжир – минг дардга даво
Анжир тутдошлар оиласига мансуб субтропик мева бўлиб, унинг таркибида 20-24 фоиз қанд, 0,5-4,2 фоиз пектин моддалари, 3-7,4 фоиз клетчатка, 0,1фоизгача органик кислоталар, каротин, кальций, темир, фосфор каби микро ва макроэлементлар ва бошқа моддалар мавжуд.
Таркибидаги калий, натрий ва оқсил бўйича у ёнғоқ ва ўрик билан рақобатлаша олади. Тўйинтириш даражаси эса гўштникидан асло кам эмас.
Мазкур мева дарахти 150-200 йилгача яшайди. Унинг бир тупидан 50кг гача ҳосил олиш мумкин. Анжир баргидан узум ва меваларни қуритишда ишқор сифатида, “сути” эса тери касалликлари (сўгал, темиратки), чаён ва ари чаққанда даво мақсадида ишлатилади.
Қадим-қадимдан анжир табобатда кенг қўлланилган. Унинг меваси қайноқ сув ёки сутда дамлаб истеъмол қилинса, йўтал, томоқ оғриғини даволашда яхши самара беради. Мағзи эса тана ҳароратини туширувчи ва терни ҳайдаш хусусиятига эга. Қора анжир бод касалида ёрдам беради. У эчки сути билан биргаликда қайнатиб истеъмол қилинса, организмни зарарли моддалардан тозалайди ҳамда иммун тизимини мустаҳкамлайди. Бу тансиқ мева ўпка сили, мушакларнинг ҳолсизланиши каби хасталикларда ҳам энг яхши даво ҳисобланади.
Ушбу мевада олмага нисбатан темир моддаси бисёр. Шу сабаб камқонлик билан оғриган беморларга анжир истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, юракнинг тез уриши, бронхиал астма(зиққинафас), кўкрак оғриғи, ўпка пардаси яллиғланиши(плеврит)да ниҳоятда фойдали. Қуритилган анжир ич суриш хусусиятига эга. Унинг шарбати эса болалар учун қувват бағишловчи дармондори саналади. Мазкур шарбат иштаҳани очиб, овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Бундан ташқари, ревматизм (бод), тери касалликлари, буйрак ва қовуқда тошлар пайдо бўлганида, жигар ҳажми катталашиб, оғриқ берганида анжир шарбатини ичиш яхши самара беради.
Анжир моддасининг ферменти фицин фибринин (қон ивишида ҳосил бўладиган оқсил модда)ни эритиш хоссасига эга. Шу сабаб қон томирларда тромб ҳосил бўлишига мойил ҳамда тромфоблебит касаллиги билан оғриган беморларга доимий равишда истеъмол қилиш тавсия этилади. Анжир юрак касаллигига ҳам даво. Унда юрак фаолиятини яхшилайдиган калий тузи мавжуд.
Унинг баргидан псоберан номли доривор восита тайёрланади. Бу малҳам теридаги оқ доғлар (витилиго) ҳамда бошқа тери касалликларини даволашда қўлланилади. Баргидан олинадиган фурален дори воситаси терининг замбуруғли хасталиклари, соч тўкилиши ва оқ доғларда фойда беради.
Анжир ўзида бир қанча ижобий хусусиятларни жамлаган бўлса-да, мазкур мевани ҳаммага ҳам тавсия қилиб бўлмайди. Хусусан, семизликка мойил инсонлар, қандли диабет билан оғриган беморлар анжирни кўп истеъмол қилмаганлари маъқул. Чунки, унинг таркибида кўп миқдорда қанд моддаси мавжуд. Шунингдек, анжирда кўп миқдорда оксалат кислотаси борлиги сабаб подагра, буйрак-тош касалликларида ҳам мазкур мевани истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Таркибида шовул кислотаси сабаб меъда-ичак хасталиклари билан оғриган беморлар ҳам бу мевани меъёрда тановул қилганлари маъқул.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси