Мусиқа ва санъат мактаблари – истеъдодли ёшларнинг ойдин йўли

Қулай шарт-шароит, яратиб берилган кенг имкониятлар барча соҳада юксак ютуқларга замин ҳозирлайди. Жумладан, юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор замирида ҳам тафаккури кенг, фик­ри теран, истеъдоди билан барчани ҳайратга соладиган баркамол ёшларни камол топтиришдек эзгу мақсад мужассам.

Бунинг учун мамлакатимизда кўп­лаб мусиқа ва санъат мактаблари, ёшлар марказлари бунёд этилиб, ёшлар ихтиёрига топширилмоқда.

Фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда мусиқий тарбия ҳам беқиёс ўринга эга. Чунки, спорт инсоннинг иродасини тарбиялаб, соғлиғини мус­таҳкамлашга ҳисса қўшса, мусиқа унинг руҳига озуқа беради.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури” тўғрисидаги қарори асосида бунёд этилган. Марказ замонавий мусиқа чолғулари, мебель ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Бугунги кунда мактабда 11 та йўналишда 350 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 48 нафар малакали устозлар мусиқа ва санъат сирларини ўргатиб келмоқдалар. Яратилган шароитларга жавобан мактаб ўқувчилари бир қатор республика ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда.

– 2015 йил Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган Александр Скрябин номидаги XV халқаро фортепианочилар танловида иқтидорли ўқувчимиз Анна Лян 1-, Максим Хабаров 2-, ансамбль ижрочилиги бўйича эса улар биргаликда фахрли 2-ўринни эгалладилар. Шунингдек, Радмилла Ибрагимова ва Анна Лянлар Литванинг Каунас шаҳрида бўлиб ўтган ёш пианиночилар халқаро танловида фахрли 3-ўринни қўлга киритишди. Қолаверса, Эмилия Расулова, Севара Агзамова, Асилбек Авазов, Жаҳонгир Бойқобилов, Оминабону Шукуриллаева, Александра Епифанова, Севархон Агзамова, Асал Қаюмова, Сарвиноз Боситова ҳамда Камила Сагатова каби истеъдодли ўқувчиларимиз Италия, Хитой, Испания, Озарбайжон каби мамлакатларда ўтказилган халқаро мусиқа фестивалларида фахрли ўринларни эгаллашди, – дейди мактаб директори Бахтиёр Қурбанов.

Санъат ва маданият халқнинг маънавий дунёқарашини шакллантирадиган, унинг тарихи, миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида акс эттирадиган воситадир. Жажжи авлодни санъатга ошуфта руҳда камол топтириш эса келгусида мамлакатимиз тараққиётига бемисл ҳисса қўшади.

 

Яна ўқинг:  Фарзандимни тўрт мучаси саломат дунёга келтирдим

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: