Қайта қад ростлаган қадамжолар
Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳи
Ёши катталарнинг эслашича, қишлоғимизнинг бир чеккасида жойлашган Абул Мўъийн ан-Насафий тарихий ёдгорлиги собиқ тузум даврида қаровсиз, эътиборсиз ва анчайин хароба манзил бўлган.
Бобомнинг айтишича, ўтган асрнинг 40-50 йилларида бу ерда тандирлар қурилиб, ғаллачилик, пахтачилик бригадаларига нон етказиб берилган экан.
Одамлар бу ернинг муқаддас қадамжо эканини билишар, аммо кимнинг қабри жойлашгани, у одамнинг ўзи ким бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлишмаган. Сабаби, буни ўрганишга мутлақо рағбат қилинмаган. Ҳатто мақбара атрофининг обод қилиниши ўша пайтларда кўпчиликнинг эътирозига, қаршилигига сабаб бўлган.
Мажмуанинг яна бир эътиборга сазовор жиҳати, бу ерда қарийб минг йиллик Қуръони карим нусҳаси сақланади.
Бугун халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъмат миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш баробарида, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш имконини берди.
Қарши тумани, Қовчин қишлоғидаги Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳи ҳақида бор ҳақиқатни истиқлол даврида билдик. Аниқроғи, билиш, ўрганиш учун шароитга эга бўлдик. Яқингача Абул Мўъийн ан-Насафий ҳоки Мотурудий қабри жойлашган Самарқанднинг Чокардиза қабристонида, деб ҳисоблаб келинган. Ўрганишлардан сўнг Абул Мўъийн ан-Насафий 1027 йилда Насаф вилоятида таваллуд топгани, вояга етгани, узоқ йиллар Бухоро ва Самарқандда яшаб, ижод қилгани, қабри Қашқадарёда, ҳозирги Қовчин қишлоғи ҳудудида экани маълум бўлди.
У зот ҳақида насафлик бошқа бир олим Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий ўзининг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли асарида “Шарқу ғарбнинг олиму уламолари Абул Мўъийн ан-Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, ул таратган зиё нурини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар” деган таърифидан ҳам унинг нечоғлик буюк сиймо эканини англаш мумкин.
Манбаларга кўра, алломанинг “Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ”, “Баҳр ал-Калом фи илм ал-Калом”, “Табсират ал-адиллати фи илм ал-Калом”, “Ат-Тамҳид ли-қавоъид ат-тавҳид”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Ал-Мўътақидот” каби ўн бешга яқин асарлари бўлган.
Тарихчи олим Убайдулла Уватовнинг маълумотларига кўра, Абул Мўъийн ан-Насафийнинг ҳаёти ва таълимоти ҳақида олмониялик шарқшунос олим Ульрих Рудольф ўзининг Абу Мансур Мотурудийга бағишлаб чоп эттирган йирик тадқиқотида қимматли маълумотлар келтирган.
Буюк бобокалонимизнинг ижоди Германия, Франция, Тунис, Миср каби давлатлар олимлари томонидан қунт билан ўрганилган. У зот ислом билимдони сифатида чуқур эҳтиром билан қадрланиб келинади.
Қишлоқ оқсоқолларининг авлоддан авлодга ўтиб келаётган хабарларига қараганда, ҳозирги имом Мўъийн зиёратгоҳи ўрни карвон йўлларининг энг гавжум кесишган чорраҳаси яқинида бўлган.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда тарихий ёдгорликларни аслича сақлаш, қайта тиклаш, таъмирлаш, реставрация қилиш, археологик изланишлар олиб бориш ишларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди.
Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуаси ва унга ёндош Хўжа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳларида ҳам истиқлол туфайли кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. 2000 йилдан бошлаб ҳар икки йилда Абул Мўъийн ан-Насафий илмий меъроси ўрганилишига бағишлаб нуфузли олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қатор тадбирлар, илмий-амалий конференциялар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, истиқлол тарихни, аждодларимиз меросини ўрганишда кенг имкониятлар эшигини очди.
Бекзод ЎКТАМ