Ҳам завқли, ҳам бехавотир

Болалигимда дугоналарим билан тупроқ тўла кўчаларни кезиб, қўшни қишлоққа ўйнагани борардик. “беш тош”, “оқ терагу кўк терак”, “тўп отиш” каби ўйинлар, айниқса, анҳор бўйига ўрнатилган арғимчоқда учиш барчамизнинг энг севимли машғулотимиз эди.

Бугунги кунда болажонларимиз бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун узоққа бориши, тупроқ тўла кўчаларни кезиши шарт эмас. Чунки, улар учун ота-онасининг эътиборидан узоқда бўлмаган жойда, маҳаллаларда шинамгина болалар майдончалари ташкил этилган.

Бу каби майдончалар ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишида, жисмоний, маънавий ривожланишида муносиб хизмат қиладиган муҳим маскандир. Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, мамлакатимиз миқёсида болалар майдончаларини ташкил этиш, мавжудларини таъмирлаш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Дастурига асосан қишлоқ жойларида, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган фуқаролар йиғинларида болалар майдончаларини ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, шаҳарлардаги болалар майдончаларига ҳам алоҳида эътибор берилди.

– Маҳалламизда бундан бир неча йил аввал замонавий болалар майдончаси бунёд этилди, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусаттор Имомов. – Шунингдек, фарзандларимизни спорт билан шуғулланишлари учун ҳам алоҳида спорт майдончаси ишлаб турибди. Айни пайтда бу ерда жажжи фарзандларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011–2015 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида болалар майдончаларини ташкил этиш билан биргаликда унинг ёритиш масалалари, танланган жойи, ўйин жиҳозлари, дизайни борасида ҳам бир қатор кўрсатмалар берилган. Зеро, болалар майдонида жойлаштириладиган барча жиҳозлар қизиқарли ва хавфсиз бўлиши лозим. Сабаби мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларнинг кундалик ҳаётидаги турли ўйинлар улар учун қизиқарли фаолият тури ҳисобланади. Ўйин орқали болалар атроф-муҳит билан яқиндан танишади, одамлар билан ўзаро мулоқот қилишни ўрганади ва мустақил ҳаракатланиш, ўз кучини синаб кўриш имконига эга бўлади.

Пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалласида бунёд этилган эртакларга монанд болалар майдончасини кўриб, дилингиз қувнайди. Майсалар-у гуллар ифори уфириб турган ям-яшил боғнинг атрофи доирасимон дам олиш ўриндиқлари билан безатилган. Дарахтзор ичидаги майсазор чиройли йўлакчалар билан ясатилган. Турли арғимчоқлар, сирпанчиқлар болаларнинг бўш вақтини чоғ ўтказишига хизмат қилмоқда. Энг қувонарлиси, бундай майдончаларни ҳозир юртимизнинг ҳар биргўшасида учратиш мумкин.

Яна ўқинг:  JAMG`ARMA FAOLIYATIDAN (2013-6)

Шу ўринда болалар майдончаларини асраб-авайлаш, улардан тўғри ва оқилона фойдаланиш муҳим эканлигини таъкидлаш ўринлидир. Уларни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш, болаларимиз онгига жавобгарлик туйғуларини сингдирмоғимиз даркор.

 

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ,

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: