Қариндошга қуда бўлманг

Қариндошлар ўртасидаги никоҳларга алоҳида эътибор беришдан мақсад, уларнинг келгуси фарзандлар ва авлодлар ҳаётида оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ва унинг зарарини яна бир бор илмий асосда аҳолининг кенг қатламига етказишдан иборатдир.

Кўпгина илмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, қариндош-уруғ билан турмуш қуриш бўлажак фарзанд сиҳат-саломатлигига ёмон таъсир кўрсатар экан. Олимларнинг фикрича, қавм-қариндошлардан ташкил топган 100 та оиладан 60 тасида туғма ирсий касалликка чалинган фарзанд туғилиши кузатилади. Носоғлом фарзанд туғилиш хавфи қариндошлар қанчалик яқин бўлса, шунчалик юқори бўлади.

Ўзаро қариндош эр-хотин соғлом бўлиши мумкин, аммо уларнинг наслида ирсий касалликлар учраш хавфи юқори бўлади. Чунки, гўдакка геннинг ярми онадан, ярми эса отадан ўтади. Ирсий касалликлар ирсий ахборотларни наслдан-наслга ташувчи генларнинг ўзгаришлари натижасида юзага келади. Баъзи ирсий касалликлар генлардаги яширин зарарланиш ўчоқлари оқибатида пайдо бўлади. Шундай ўчоқлари мавжуд генга эга қариндошларнинг ўзаро никоҳи натижасида ушбу касаллик белгиларининг юзага чиқиш “имконият”и ортади ва оқибатда ногирон, майиб-мажруҳ бола дунёга келади. Генлардаги ўзгаришларнинг барчасини ҳам ўз вақтида аниқлаш ва даволашнинг имкони йўқ. Ген билан боғлиқ айрим касалликларнинг яширин даври икки-уч авлод ўтиб ҳам юзага чиқиши тиббиётда ўз исботини топган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қариндошлар орасидаги никоҳ наслий ва туғма касалликлар хавфини кўпайтириши мумкин бўлган энг асосий омиллардан бири бўлиб, яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши туғма нуқсонли ва наслий касал болаларни туғилишига, ҳомилани бевақт нобуд бўлишига ёки ўлик туғилишига олиб келади. Шу сабабли фарзандларнинг соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етиши учун бундай никоҳларнинг олдини олиш лозим.

Яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларидан яна бири ҳомиладорликнинг оғир кечиши, кўп қон йўқотиш, ҳомиланинг тушиши, гўдакнинг нимжон, ногирон ёки ўлик туғилишидир. Бундай ҳолларда она ҳам, гўдак ҳам жабр кўради.

Орамизда фақат яқин қариндошларигагина қиз бериб, қиз оладиган одамлар йўқ эмас. Улар йиллар давомида ўз уруғининг “удум”ларига асосланиб, шундай йўл тутишади. Аммо ўзимиз ўйлаб топган ана шу “удум”лар неча-неча оилаларнинг барбод бўлишига, қариндошларнинг юз кўрмас бўлиб кетишига олиб келаётганини, қанча мурғак гўдак елкасига умрбод ногиронликни юклаётганлигини унутмайлик!

Яна ўқинг:  МУСИҚА ижро этиш ХОТИРАНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

 

Ирсиятдан ўтадиган хасталиклар – ногиронлик дебочаси

Булар асаб-мушак касалликлари, моддалар алмашинувининг бузилиши билан кечадиган наслий хасталиклар, руҳий ривожланишдан орқада қолиш, ички аъзоларнинг туғма нуқсонлари ҳисобланади.

Одатда бу касалликлар сурункали ва узоқ давом этиб, беморларнинг ногирон бўлишига ҳамда ҳаётдан эрта кўз юмишига сабаб бўлади ва маънавий қийинчиликни вужудга келтиради. Ачинарлиси, ирсий касалликларни даволаш ғоят мураккабдир.

Оилаларда ирсий касалликлар билан касалланган болалар туғилиши эҳтимолини баҳолаш, уларга ҳомиладорлик давридаёқ ташҳис қўйиш қавм-қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Скрининг марказлари ташкил қилиниб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши таъминланган.

Бу борада шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, соғлом, бенуқсон фарзанд ва авлодлар ҳақида ўйлар эканмиз, наслий касалликларга барҳам бериш мақсадида жигарларга қиз бериш ёки қариндошдан қиз олишга йўл қўймаслик керак. Буни эса ҳар бир ота-она билиши шарт.

Фарзандингиз келажагини, соғ-саломат, баркамол кўришни истасангиз, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлардан воз кечинг!

 

Гулноза ТОШМАТОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: