Ёз яқин ёхуд мавсумий хасталиклар ҳақида

Иссиқ кунлар бошланиши билан ўткир юқумли ичак касалликларининг кўпайиши учун қулай шароит вужудга келади. Бу хасталикларни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради.

Касаллик қўзғатувчи микробларнинг турига қараб, бу хасталиклар ичбуруғ, сальмонеллёз, ич терлама, эшерихиоз, иерсиниоз каби номлар билан юритилади.

Ушбу касаллик ёз ойларида кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Аввало, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши, айниқса, ёш болалар организмида маълум иммунологик ўзгаришлар кузатилади. Шунингдек, ҳимоя воситалари кучсизланиши, яъни овқат ҳазм бўлишининг сусайиши, қайнатилмаган сувни истеъмол қилиниши оқибатида меъда ширасидаги муҳим ҳимоя воситаси ҳисобланадиган хлорид кислота концентрацияси пасаяди. Бу эса ушбу касалликларнинг тез ривожланишига замин ҳозирлайди.

Ушбу дарднинг қўзғатувчиси бўлган микробларнинг асосий манбаси, шу хасталик билан оғриб ўтган ёки айни дамда бемор, шунингдек, бу касаллик бактерияларини ташувчиларидир. Уларнинг нажаси билан микроорганизмлар ташқи муҳитга тарқалади, атроф-муҳит объектлари (сув, кийим-кечак, озиқ-овқатлар)ни ифлослантиради.

Ёзда озиқ-овқатлар, айниқса, улар нотўғри жойда сақланган бўлса, бу микроблар кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шунинг учун иссиқ жойда сақланган озиқ-овқат маҳсулотларида микроблар кўпайиб, унинг бузилишига сабаб бўлади. Бундай овқатни истеъмол қилиш касалланишга олиб келади. Шунингдек, айрим эмизикли оналарнинг озодаликка эътибор бермаслиги натижасида ҳам гўдак хасталанади.

Қайси микроб қўзғатишидан қатъий назар касаллликнинг асосий белгилари тўсатдан ич бузилиши ва қусиш билан кечади. Кетма-кет қусиш ва ич ўтиши оқибатида одам организми қисқа муддатда кўп миқдорда сув ва минерал тузларни йўқотади. Натижада бемор ҳолсизланади, тери қуруқлашиб дағаллашади, оғиз қурийди. Бу ҳолат болаларда кўпроқ намоён бўлиб, ўйнаб-кулиб турган бола 3-4 соат ичида бутунлай мажолсиз ҳолга келади.

Одатда одамлар ушбу касалликка яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни танаввул қилганда, ҳўл меваларни ювмасдан истеъмол қилганда, ушбу касаллик билан оғриган бемор билан мулоқотда бўлганда ҳамда беморни яхши тозаланмаган идиш-товоқларидан фойдаланилганда, шунингдек, болалар анҳорларда чўмилган пайтларида сув билан микробларни ютиб юборганида касалликни юқтириши мумкин.

Ўткир юқумли меъда-ичак касалликларининг тарқалишида пашшалар ҳам асосий роль ўйнайди. Улар ифлос жойларда тухум қўйиб, кўпайиб, касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни оёқларидаги тукларига илаштириб олади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва идиш-товоққа қўниб, уларга микробларни тарқатади.

Яна ўқинг:  Неврологлар мия учун фойдали маҳсулотлар рўйхатини тузиб чиқди

Агарда оила аъзоларингиздан бирортасида қайт қилиш, ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши каби касаллик белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Чунки, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалроқ. Шунинг учун ўткир юқумли меъда-ичак касалликларидан сақланишда биринчи галда озодаликка, саранжом-саришталикка, айниқса, овқатдан олдин ва ҳожатхонадан чиққач қўлларни албатта совунлаб ювишга одатланиш лозим. Хонадонда, ишхонада, мактаб ва болалар муассасаларида, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхоналарда, ошхоналарда тозаликка риоя қилиш зарур. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичларда, бошқа маҳсулотларни эса пашша, суварак, сичқон ва каламуш каби микроб ташувчи ҳашарот ва ҳайвонлар тегмайдиган жойда сақлаш лозим. Овқат қолдиқларини ўз вақтида йиғиштириб, махсус ажратилган чиқиндихоналарга олиб бориб ташлаш керак. Сувни фақат қайнатиб ичишни унутмаслик муҳим. Ишда, жамоат жойларида, уйда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.

Шифокорлар гижжа касаллиги каби бу хасталикни ҳам “ифлос қўллар касаллиги” деб бежиз айтишмаган. Бозорлардан ҳўл меваларни харид қилаётганингизда унинг тозалигини билмасдан татиб кўришдан сақланинг. Чўмилаётган жойингизда сувнинг тозалигига жиддий эътибор бериш керак. Яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни ёки салатларни истеъмол қилманг. Совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиш ва уни тез-тез янгилаб турмоқ даркор. Идиш-товоқларни ювгандан сўнг қайнаган сувда чайиш керак. Сўнгра уларнинг устини дока билан ёпиб қўйинг. Касалхонага борганда бемор яқин кишингиз бўлса-да, ундан масофа сақланг.

Ёш чақалоқларни овқатлантиришда сунъий озуқани болага етарли қилиб тайёрлаб беринг ҳамда уни узоқ сақламанг.

Атроф-муҳитни, хонадон ҳамда ҳожатхона ва аҳоли умумий фойдаланадиган жойларни доимо озода бўлишини таъминлаш керак.

Қайд этилган таклиф ва мулоҳазалар кўпчиликка маълум. Агар юқорида айтиб ўтилган фикрларга амал қилсангиз, ўткир юқумли меъда-ичак касалликлари ва унинг оғир асоратларидан йироқ бўласиз ва оила аъзоларингиз саломатлигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Омон МИРТАЗАЕВ,

Тошкент тиббиёт академияси “Эпидемиология” кафедраси профессори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: