Шифобахш кислородли кўпик

у қандай хасталикларга даво?

Бугунги кунда аксарият дорихона пештахталарига “кислородли кўпик” номли ёзув осиб қўйилган. Табиий савол туғилади: бу кўпикнинг инсон организми учун қандай фойдаси бор? Бу борада шифокор Малоҳат Юнусова бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Кислородли коктейль бу фақатгина мазали кўпик бўлмасдан, балки таркибида кислород мавжуд бўлган фойдали маҳсулотдир. Мазкур ичимлик таркибида бир қанча витаминлар, шу билан биргаликда турли шарбат ва шифобахш гиёҳлар дамламаси ҳам мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, доимий равишда кислородли кўпикни истеъмол қилиш, ичак микрофлорасини яхшилайди. Организмни заҳарли модда(токсин)лардан тозалайди ва танада моддалар алмашинувини яхшилайди. Бунинг натижасида инсон ўзини яхши ҳис қилади ва тери ҳолати ҳам яхшиланади. Кислороднинг меъда орқали етиб бориши ўпкадан борган кислородга нисбатан 5 баробар юқори ҳисобланади. Мазкур ичимлик иммун тизимининг мустаҳкамланишида ҳам ўзининг самарали аҳамиятига эга. Шу билан бирга, кислородни исталган ёшдаги инсон истеъмол қилса бўлади.

Ушбу кўпик ҳомиладор аёл организмига кўп миқдордаги кислородни етказиб беради. Унинг етишмаслиги эса ҳомилада гипоксия (кислород етишмовчилигига) сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиланинг меъёрда ривожланиши учун унда кислород билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг олдини олишда, қолаверса, бачадонда қон айланишининг яхшиланишида ичимликнинг фойдаси бисёр. Кўпгина аёллар шифокорлари одатда бўлажак оналарга ушбу ичимликни ичишни тавсия этади.

Тез-тез касалликка чалиниб турувчи болаларда кислород қувват манбаи ҳисобланади. Бола бўйининг ўсиши, организмининг яхши ривожланиши ва иммунитетининг мустаҳкамланишида кислороднинг ўрни беқиёс. У болаларда содир бўладиган жисмоний ва ақлий зўриқишда ўзининг фойдали самарасини беради.

Кексаларда, айниқса, 50 ёшдан ошган инсонлар организмида кислород тақчиллиги кузатилади. Натижада нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлилик сабабли қоннинг қуюлишига олиб келади ва ортиқча вазн пайдо бўлади. Организмнинг ишлаш жараёнида муаммолар юзага келади. Уларни бартараф қилишда ушбу ичимликни истеъмол қилиш яхши самара беради. Шунингдек:

– инсонлардаги юрак-мушак, нафас олиш, асаб, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни бартараф этишда;

марказий асаб тизими фаолиятини яхшилашда;

– артериал босимни (артериал босимнинг кўтарилиши бевосита кислород етишмаслиги билан боғлиқ) меъёрлаштиришда;

– жигар фаолиятини яхшилашда (жигар бир қанча токсинларни қайта ишлайди. Бунинг учун унга жуда кўп миқдорда кислород зарур бўлади. Агар кислород етишмовчилиги юзага келса, жигарнинг ишлаш фаолияти оғирлашади);

Яна ўқинг:  УМРНИНГ ҚИЙМАТИ

– иммунитетни кўтаришда (кислород етишмаслиги натижасида иммун тўқимаси фаоллиги пасаяди);

– уйқуни яхшилашда.

Ақлий меҳнат билан шуғулланувчи инсонлар кислороднинг энг кўп қисмини сарфлайди. Сабаби бош мия умумий кислороднинг учдан бир қисмини ўз фаолияти давомида “ишлатади”. Кислород етишмовчилиги натижасида биз тез чарчаймиз, фикрлаш қобилиятимиз пасаяди ва бош айланиши кузатилади.

Профессионал спорт билан шуғулланадиган ва фаол ҳаракат билан ҳаёт кечирадиган инсонларнинг мушак фаолияти фаол ишлашида кислородли кўпикнинг фойдаси бор. Машғулотлардан сўнг организмда кислород қанча кўп бўлса, ишчанлик ҳам ортади.

Зарарли одатлар сабабли организмнинг заҳарланишини бартараф этиш учун хусусан, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилувчи шахслар ва кашандаларга ҳам мазкур ичимликни истеъмол қилиш тавсия этилади. Кислород истеъмол қилиш организмни тозалайди. Заҳарли токсинларни организмдан ҳайдаб чиқаради. Бир сўз билан айтганда у тозаловчи хусусиятга эга.

Кислород терапия (кислород орқали даволаш)нинг натижаси ўта юқори бўлиб, у нафақат соғлиқ балки инсон гўзаллиги учун ҳам жуда муҳим саналади. Терининг эрта қаришини ва қуруқлашишининг олдини олади.

Мазкур кўпик тайёрланиши биланоқ узоғи билан 20 дақиқа ичида истеъмол қилиш тавсия этилади. Ичимликни асосан овқатдан сўнг ичиш мақсадга мувофиқ. Доимий равишда кислород истемол қилинса, унинг самараси икки ҳафтадаёқ намоён бўлади.

Ушбу ичимлик таркибида аллергия чақирувчи гиёҳ ва қизил рангли ва цитрус мевалар бўлса, уларни диатез (чилла яра) ва аллергияга мойиллиги бор болалар ва катталарга тавсия этилмайди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: