МАРҒИЛОН – ДУНЁ САЙЁҲЛАРИ НИГОҲИДА

Дарҳақиқат, миллий ҳунармандчилигимизнинг нодир намуналари дунё сайёҳларини ўзига мафтун этади, улар ҳунар соҳибларининг мўъжизакор қўллари, санъаткорона маҳорати олдида ҳамиша қойил қоладилар.

Оддий бўзга ишланган камалак жилоси, ироқи дўппилардаги нақшу нигорлар, шоҳи сўзаналарнинг турфа ранг гуллари, қўйингки, қўл ҳунармандчилигининг барча намуналари улкан таассурот манбаидир.

Фарғона вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган 2016–2017 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Вилоятда айни пайтда 170 га яқин зиёратгоҳ мавжуд бўлиб, мазкур қадамжолар кейинги йилларда янада ободонлаштирилди, маънавият ва маданият масканларига айлантирилди.

Дастур режасига биноан Марғилон шаҳрида “Марғилон тарихи” музейи негизида ҳунармандчиликнинг шаклланишига оид бўлим очиш, Саидаҳмад Эшон Хўжа мажмуасида Миллий ҳунармандчилик маркази фаолиятини такомиллаштириш, уй-музей, меҳмонхона, ёдгорлик буюмларидан иборат савдо дўконларини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

– Бугунги кунда музейимизда 6 мингдан зиёд экспонат сақланади, – дейди “Марғилон тарихи” музейи директори Ғанижон Алижонов. – Шаҳарнинг 2000 йиллик ёшини кўрсатиб турувчи лойдан ясалган уй-рўзғор буюмлари, мис тақинчоқлар, тангалар узоқ асрлик тарихий ҳақиқатлардан гувоҳлик беради. Музей залида XVIII асрга доир ҳунармандчилик бўлими алоҳида эътиборга сазовор. Заргарлик, бешиксозлик, этикдўзлик, мисгарлик, читгарлик ҳунарига оид тарихий фотосуратлар, абрбанд Турғунбой Мирзааҳмедов қайта тиклаган 100 йиллик адрас матоси нусхалари намуналари ҳақида қизиқарли маълумотлар мавжуд. Эндиликда бўлимда саёҳатчиларга ҳунармандчилик тарихидан батафсил маълумот бериш мақсадида адрас ва атлас тўқиш дастгоҳини амалий тарзда ишлатишни йўлга қўйдик.

Ўтган йили Марғилонда “Атлас байрами” халқаро фестивали ўтказилган эди. Бу тадбир том маънода Марғилон атласларини дунёга танитди, десак асло муболаға бўлмайди. Дастур режасига кўра бу йил ҳам иккинчи бор ана шу фестивални ўтказиш кўзда тутиляпти. Байрамда тўқимачилик ва кулолчилик бўйича ЮНЕСКО сертификати учун “Сифат белгиси” танловида қатнашган ўзбек ҳунармандлари маҳсулотлари коллекцияси, ўзбек миллий матоларидан тайёрланган модалар намойиши, вилоятлардан ташриф буюрган ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади. Шу кунларда Миллий ҳунармандчилик марказида ёш ҳунарманд ва дизайнерларга замонавий безакларни қўллаган ҳолда маҳсулот яратиш бўйича амалий машғулотлар ўтказиляпти.

– Миллий архитектура ансамбли ва замонавий андозаларни ўзида мужассам этган уй-музей ва меҳмонхона барпо этиш орзуим эди, – дейди ипакли матолар устаси Расулжон Мирзааҳмедов. – Бунинг учун ҳунармандчилик тарихини пухта ўрганиш, қолаверса, халқимизнинг тафаккури, истеъдоди, ўзига хос фазилатларини ифода этадиган номоддий мерос намуналари билан сайёҳларни таништириш имкониятини ҳам яратиш зарур эди. Узоқ йиллик изланишлар натижасида “Ипак йўли” кўчасида “Меҳмондўст ҳунарманд” меҳмонхонасини қуриб битказдик. Адрас ва атлас декорациялари билан безатилган хоналар, устунли ёғоч айвон, меҳмонхона ҳовлисидаги манзарада ҳам миллий дид ва жозибани акс эттиришга ҳаракат қилдик. Мазкур меҳмонхона Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда бу йил сентябрь ойида ўтказиладиган “Атлас байрами” га муносиб туҳфа бўлади.

Яна ўқинг:  Хўшали қишлоғининг хуш одатлари

Устазодалардан саналган Расулжон яратган матолари билан дунёнинг машҳур дизайнерлари назарига тушган. Масалан америкалик таниқли дизайнер Оскар Де Ла Рента ўзининг либослар коллекциясини марғилонлик ҳунарманд ишлаб чиқарган ипак бахмал ва адраслардан яратган. Ҳунар соҳиби музейларда сақланиб қолган Бухоронинг “Аъло бахмали”, Хоразмнинг “Турма белбоғ” ва “Алоча” матоларини қайта тиклади. Марғилонлик ҳунарманд ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Хоразм тўқимачилик мактаби” ни ташкил этиш лойиҳаси доирасида Хива шаҳридаги Ичан-қалъада иш олиб борди ва 20 нафар шогирд тайёрлади. Сурхондарё вилоятида Бойсун ҳунармандлар марказида ҳам қадимий кашталар нусхаларини яратишда табиий ранглардан фойдаланиш усулини шакллантириб, 38 нафар шогирд етиштирди.

“Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон шаҳар бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган Расулжоннинг изланишлари замирида дунё сайёҳларига халқимизнинг бой маданий меросини яқиндан таништириш истаги, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини шакллантириш, бир сўз билан айтганда қадриятларимизга, қўли гул ҳунармандларимизга чексиз ҳурмат-эҳтиром мужассамдир.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

Фарғона вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: