САНГЗОРЛИК КУЛОЛ

У болалик чоғларидаёқ мусаввир бўлишни дилига тугиб, мўйқалам усталарининг асарларини диққат билан кузатар, тинмай машқ қиларди.

Иш столи устида ҳамиша турли шакл, чизма ва хомаки сурат нусхалари турарди. Чизаётган суратларида аксарият ёш, қувноқ болалар акс этарди.

Файзулла кейинчалик лой ва гипсдан турли ўйинчоқлар ясаш билан машғул бўлди. Бу қизиқиш унда атроф-муҳит таъсири ва мактабда ўтказилаётган касб-ҳунарга йўналтириш ишлари орқали шакллана бошлади. Унинг иштиёқини пайқаган устоз Баҳром Ҳамдамов йўл-йўриқ ва маслаҳатларини аямайди. Файзулла секин-аста кичкинтойлар учун ҳавас қилса арзигулик турли ўйинчоқ ва ҳайкалчалар ясашга бел боғлади. Улар ҳали санъат даражасига етмаган бўлсада, нафис ва бежирим ишлангани туфайли кўпчиликда ҳавас уйғотди. Унинг гипсдан ишланган кичик ҳажмдаги бюст ва ҳайкалчаларида маънони тўлароқ ифодалашга, ишонарли қиёфалар яратишга ҳаракат қилаётгани сезилиб турарди.

Ўрта мактабни тугатгач Файзулла Жиззах санъат билим юртига (ҳозирги Санъат касб-ҳунар коллежи) ўқишга киради. Бу ерда машғулотлар давомида устозларидан рангтасвир ва ҳайкалтарошлик сирларини ўргана бошлайди. Билим юртида ўтказиладиган турли тадбир ва кўргазмаларда расм ҳамда ҳунармандчилик буюмлари билан иштирок этади.

Файзулла Жўрабеков ўқув даргоҳини тамомлаб, Жиззах шаҳар, “Сангзор” маҳалласида кулолчилик цехи очди. Вақт ўтиши билан ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилиб, зарур жиҳозлар билан тўлдириб борилади. Аҳолидан бирин-кетин буюртмалар туша бошлади. Маҳаллада кўпчилик уни “уста кулол” деб атайдиган бўлди. Уста билан цехда учрашдик.

Уста кулол йигирма йилдирки, ўз касбини эъзозлаб, ёшларга ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатишдан чарчамайди. Унинг шогирдлари бугун вилоятнинг турли туманларида фаолият юритмоқда. Аҳил жамоа ҳар йили вилоят бўйича ўтказиб келинаётган турли ярмарка ва кўрик-танловларда гипсдан кошинлар, нақшлар, кичик ҳажмдаги ҳайкалча ва ўйинчоқлар, лойдан ишланган уй-рўзғор буюмлари билан иштирок этади. Айниқса, Ҳасан ва Ҳусан Мамараҳимов, Зойир Худойқулов каби усталар ишлари кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Устоз Файзулла Жўрабеков 2010 ҳамда 2012 йилларда “Ташаббус” республика кўрик-танловининг совриндори. Яқинда “Уста-шогирд мактаби”ни ташкил этган устоз Файзулла ака Жўрабеков “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси ғолиби бўлиб, диплом ва совғалар билан тақдирланди ҳамда танловнинг республика босқичида фаол иштирок этди.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ ОИЛАДА БАРКАМОЛ АВЛОД КАМОЛ ТОПАДИ

Ўз касбининг устаси Файзулла Жўрабеков ўз ижод намуналарини болажонларга совға қилишни ёқтиради. Болалар ҳам вақти-вақти билан кулолчилик устахонасида бўлиб, касб ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Абдулла САИДОВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: