ЮРТНИ ҚЎРҒОН БЎЛИБ АСРАГАН ЎҒЛОН

Фарзанд. Инсонни ота-оналик бахтига муяссар этувчи бу илоҳий
мўъжиза ҳамиша азиз ва қадрлидир. Шу сабаб фарзандни “дилбандим” деб атайдилар, “жонимга пайванд” дея таърифлайдилар. Эзгу ишларга қодир бўлишини ният қиладилар. Келажак орзуларини унга боғлайдилар. У дунёга келишдан бошлаб ота-она ардоғию юксак орзуларига йўлдош бўлиб улғаяди.

Ширин опа ҳар гал ўғли Баҳромжоннинг ҳарбий либосдаги суратига соғинч ила боқар экан, беихтиёр болалик чоғлари кўз олдида намоён бўлади: Ана у гилам устига барча ўйинчоқларини – аскарчалар, ҳарбий машина, самолёт ва танкларни ёйиб ўйин бошлади. Уларни икки гуруҳга бўлиб, жанг қилишга тутинди. Митти қўмондон бу севимли ўйинини шу қадар берилиб ўйнардики, ҳатто тушлик бўлганини, қорнининг очқаганини унутарди. Онасининг қистови билангина маълум фурсат дам оларди. Унинг ёқтирган ўйинчоқлари ҳарбийликка хос бўлгани сабаб, барча яқинлари унга ҳар доим мана шундай совғалар ҳадя этишарди.

Ҳа, у ниятига етди. Ўзи мақсад қилганидек маҳоратли ҳарбий хизматчи, касбига содиқ офицер бўлди. Бугун унинг номини қаҳрамон сифатида фахр ила тилга олишади, қаҳрамон сифатида шарафлашади. Фақат, у бугун орамизда йўқ.

Баҳромжон Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирганида ҳарбий саркардалар, хусусан, Амир Темур ҳаётига оид бир қатор китобларни ўқиб тугатганди. Айтмоқчимизки, унинг болаликдаги харбийликка оид ўйинларининг давоми улғайгани сари шу йўналишдаги китобларга уланди. “Алпомиш”, “Кичик жанг”, “Замонавий терроризм”, Амир Темурнинг жанг санъати тасвирланган бир қатор китоблар. Ширин опа ўғли ўқиган ҳар бир асарни меҳр ила тутиб, китоб жавони билан таништирар экан, йигирмадан зиёд китобнинг ҳарбий йўналишида эканлиги эътиборимизни тортди. У жасорат илмини дастлаб шу китоблар орқали шуурига сингдирган бўлса ажабмас. Чунки, юрт тинчлигига раҳна солган душманларга рўбарў бўлиб, уларнинг енгилиши муқаррар эканлиги, бу йўлдан қайтишларига даъват этганлигининг ўзи унинг қўрқмас, жасоратли ишларга қодир эканлигидан далолат.

Ширин опа ва Улуғбек акалар билан қаҳрамонимизни хотирлар эканмиз, онаизор бир сўзни қайта-қайта такрорлади: “Ўғлим ҳақида ортиқча мақтовли сўзлар ишлатманглар. У бурчига содиқ қолди, шу йўлда жонини фидо этди”. Биз опанинг мақсадини тушундик. Бироқ, уларнинг илтимосини четлаб ўтган ҳолда, юрт тинчлиги, миллат эртаси, Ватан мустақиллигининг барқарорлиги учун фидо бўлган бундай мард йигитлар ҳақида ҳар қанча мақтов сўзларини айтсак, шеърлару мақолаларда жасоратини таърифу тавсиф этсак шунча кам. Капитан Баҳромжон Жўраев туғилиб ўсган хонадонда бўлганимизда олий ҳарбий таълим муассасасида бирга ўқиган дўстлари ташриф буюришган экан. Улар ҳам бизнинг фикримизни тасдиқлаган ҳолда, унинг инсоний фазилати, тиришқоқлиги, билимдонлигига алоҳида урғу бериб ўтишди.

Яна ўқинг:  Саводхонлик айёми ёхуд ота-она ҳамёни ҳақида

– Курсдошларимиз орасида у ҳар томонлама ажралиб турарди, – дейди майор Акбар Исломов Баҳромжонни хотирлар экан. – Алпқомат, келишган бўлгани учун, ҳарбий либос ҳамиша унга ярашган. Футболни яхши кўрарди. Жисмонан чиниққанлиги, назарий билимларни чуқур эгаллагани сабаб, дала-ўқув машғулотларида ҳамиша олдинги сафда бўлган. Ўқиш жараёнида кўп маротаба фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

– У ишончли дўст эди, – суҳбатга қўшилди майор Ҳасан Исаков. – Дунёқараши кенг, фикри теран бўлгани сабаб, кўп курсдошларимиз ундан маслаҳат оларди, ундан ўрганарди. Баҳром ҳамиша суянса бўладиган елкадош эди. У ҳамиша юрагимизда яшайди.

– Билим юртини тугатганимиздан сўнг, юртимизнинг турли ҳудудларида хизмат бошладик. У Шарқий ҳарбий округга хизматга юборилди, – суҳбатни давом эттиради подполковник Юрий Попов. – Баҳром ўз вазифасига сидқидилдан ёндашгани, талаб даражасида уддалагани учун хизматда тез ўрин топди. Орадан кўп ўтмай хорижда ҳамкорликда ўтказилган ўқув машғулотига юборилди. Бу ҳам бўлса унинг тиришқоқлиги ва заковатидан далолат. У жуда таъсирчан ва талабчан эди. Қўл остидаги ҳарбий хизматчилардан ҳам ўз устида ишлашни, китоб ўқиб, назарий билимларини ошириб боришни талаб этарди. Ўз навбатида тиниб-тинчимаслиги, фидойилиги билан ажралиб турарди. Мустақиллигимизни кўролмайдиган бир гуруҳ ғаламисларга қарши курашда сафдошларини асраб, ўзини қурбон этгани ҳам унинг фидойилиги, ортга чекинмаслигидан далолат. Бундай мардларнинг номи тарихда албатта қолади, жасорати асло унутилмайди.

Капитан Баҳромжон Жўраев олий ҳарбий таълим муассасасини тугатганидан сўнг миллий армиямиз сафида офицер сифатида хизмат қиларкан, кўплаб ютуқларга эришди. Қуролли Кучлар Академияси қошидаги чет тилларни ўрганиш курсида таҳсил олиб, Швейцарияда бўлиб ўтган ҳамкорликдаги машғулотларда сабоқ олиб қайтди.

– Ўғлим охирги марта уйга келганида кайфияти чоғ эди. Чунки, академияда таҳсил олиш учун тиббий кўрикдан ўтиб қайтаётганди, – дея ўтган кунларни хотирлайди Ширин опа. – Хизматда эришган ютуқларидан мамнунлиги чеҳрасидан сезилиб турарди. Она сифатида унинг бахтиёрлигидан хурсанд бўлдим. Хизмат жойига шошилиб турган фарзандимга оқ йўл тиладим. Бироқ, кетар чоғи сумкаси қайта-қайта стулга илиниб қолаверди. Энди ўйласам катта бўлган уйи уни қўйиб юборгиси келмаган, чоғи. У ёлғиз ўғил бўлгани сабаб бизга, синглисига жуда меҳрибон эди. Касби билан фахрланар, ҳарбий либосига ҳаддан зиёд эътиборли эди. Дўстларининг меҳри, ишончини қозонгани сабаб, улар байрамларда, оламдан ўтган кунида албатта ташриф буюришади. Улар хонадонимизда бўлишганда уйимизга ўзгача файз киради. Бағрим нурга тўлади, ўғлимни кўргандек бўламан. Ўғлим ҳақида ҳамиша бир сўзни такрорлайман: у бизга жуда яхши ўғил бўлди.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ТАЪТИЛДА

Зиёли оила бошлиғи – Улуғбек ака ҳам қарамон ўғли ҳақида юракда қоладиган гаплар айтди, хотиралари билан ўртоқлашди. Ўғли билан фахрланишини қайта-қайта такрорлади. Капитан Баҳромжон Жўраев вафотидан сўнг “II даражали Шон-шараф” ордени билан тақдирланди. Азиз номи тарихга муҳрланди. У ҳақда ўндан зиёд мақолалар, очерклар ёзилди, шеърлар битилди.

Йиллар ўтади. Янги-янги авлодлар дунёга келади. Мустақиллик зиёсидан баҳра олиб улғайган бу миллат фарзандлари Баҳромжон каби шеърюрак йигитлардан ўрнак олиб, қад ростлашади. Унинг азиз номини, сўнмас хотирасини ҳамиша ёдида сақлашади. У каби жасоратларга қодир инсон бўлишга ҳаракат қилишади. Зеро, Ватанни асраш йўлидаги жасорат, фидо бўлган умрлар мангуликка дахлдордир. Шоира Гулжамол Асқарова капитан Баҳромжон Жўраевга ўтли сатрлар битганидек:

Юртни қўрғон бўлиб асраган ўғлон,

Ватанни орим деб сақлаган ўғлон,

Сен ўзинг ёв енгмас қўрғонсан, қўрғон,

Ватан қўрғонига дарз етмагайдир.

Сен, эй, Алпомишдан куч-қувват олган,

Широқдан қош олган, қобоқлар олган,

Соҳибқиронимдан сабоқлар олган,

Сен каби қўрғондан ўқ ўтмагайдир.

Сен юртни ёвлардан асрар қўрғонсан,

Халқини оридек сақлар қўрғонсан,

Сен энди Ватанга азиз ўғлонсан,

Ватан ўғлонини унутмагайдир.

Зулфия ЮНУСОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: