ҲУНАР – ХАЗИНА
унга қунт ва юксак иштиёқ билан эришилади
Камоланинг чизган суратларига ҳамманинг ҳаваси келади. У “Камалак юлдузлари” кўрик-танлови ғолиби. Камола Қурбонованинг муваффақиятига ҳавасманд синфдошларининг ҳам “моҳир қўллар” тўгарагига қизиқиши ортиб бораётир.
Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги 292-умумтаълим мактабнинг меҳнат таълими ва касбга йўналтириш фани ўқитувчилари Раҳимжон Мамаюсупов, Солиҳа Бекназарова биргаликда мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, уларга ўз ўрнини топишга кўмаклашиб келмоқда. Зеро, навқиронликнинг бу палласида бир ишнинг бошидан тутиш, ҳунар эгаллаш муҳим саналади. Бунда эса мактаб қошида очилган тўгаракларнинг аҳамияти катта. Мактабни тугатиш арафасида ўқувчилар олдида маълум бир касбни танлаш ва шу касб бўйича академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқишни давом эттириш вазифаси туради. Бунда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва тўғри йўлни танлашда устоз ва мураббийлари тиргак бўлишади.
– Бола тарбиясида, албатта, меҳнат таълимининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу фан ўқувчиларда ақлий ва жисмоний меҳнат турлари, меҳнат жараёнлари ҳақида кенг тушунча ҳосил қилиш, меҳнатга оид кўникма ва малакаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, ёшларни меҳнатга ўргатиш, ижтимоий ҳаётда уларнинг аҳамиятини тушунтириш, касб асослари ҳақида билим ҳосил қилиш ҳамда мактаб давридан болада касбий тайёргарликни шакллантириш ўқитувчининг асосий вазифасига киради. Бунда айниқса, турли кўрик-танловларда иштирок этиш, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга саёҳат уюштириш, учрашувлар ўтказиш яхши самара беради, – дейди Раҳимжон Мамаюсупов.
Мактабдан ташқари машғулотлар ихтиёрий бўлиб, ўқувчилар ўз қизиқиши ва лаёқатларига қараб турли тўгаракларга қатнашадилар. Синфдан ва мактабдан ташқари ишлар асосан ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра амалга оширилади.
Раҳимжон акадан сабоқ олаётган шогирдлари келажакда қайси касб эгалари бўлишини ҳозирданоқ белгилаб олишган. Хусусан, Умид Абидов рассом бўлмоқчи, Лутфулла Қаҳҳоров эса қурувчи-архитектор, Самандар Солиев автомобиллар бўйича муҳандис, Ойбек Аҳмедов маданият ходими, Сарвиноз Бегматова эса педагог тарбиячи касбини эгаллаш истагида.
– Устозимиз Раҳимжон ака ўз ишининг моҳир устаси. Тўгаракларида нима ўрганган бўлсам, устозимнинг ёрдами ва шу соҳага бўлган астойдил қизиқишимдан ўрганганман. Биронбир ишни мустақил бошлаганимизда дастлаб барчасини ўзимиз эркин бажаришимизга қўйиб беради. Хатоларимиз ва ютуқларимизни кўрсатади. Биз бундай вазиятда янада кўпроқ мақтов эшитиш учун ҳам ҳаракат қиламиз, – дейди шу мактабнинг 9 синф ўқувчиси Лутфулла Қаҳҳоров.
Абу Али Ибн Синонинг фикрича болага ёшлигидан бирор касб-ҳунарни ўргатиш лозим. У касб-ҳунарни маълум даражада ўзлаштириб бўлгандан сўнг ундан ҳаётда фойдаланиш, яъни ҳалол меҳнат билан мустақил ҳаёт кечиришга ўргатиш керак.
Майна ҲАСАНОВА