ЗАМОНАВИЙ УЙЛАР КЎПАЙМОҚДА

Тошкент вилоятида 2013 йилда намунавий лойиҳа асосида 1050 уй-жой қуриш мўлжалланмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини намунали лойиҳалар асосида қуриш ҳамда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жойларда якка тартибдаги замонавий лойиҳа асосида бунёд этилаётган уй-жойлар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш имконини бермоқда.

Шинам, барча қулайликларга эга замонавий уйлар учун фуқароларга кредит ажратиш механизми такомиллаштирилгани, кредит олувчиларга берилаётган имтиёзлар намунавий лойиҳа бўйича қурилаётган уй-жойларга аҳолининг қизиқишини янада оширмоқда.

2010 йилда Тошкент вилояти туманларида намунавий лойиҳа асосида 635 уй-жой бунёд этилган бўлса, 2011 йили 680 уй фойдаланишга топширилди. 2013 йилда 1050 турар-жой қуриш мўлжалланмоқда.

– 2013 йилда вилоятимиз бўйича 41 аҳоли пунктида намунавий лойиҳа асосида қурилиши белгиланган уйлар учун ер танлаш ва ажратиш бўйича туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди, – дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясининг Тошкент вилояти филиали директори Дилшод Камолов. – Ажратилган 96,56 гектар ернинг техник шартлари кўриб чиқилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда бу йил вилоятнинг Зангиота, Қибрай, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ уй қурилади.

Маълумотларга кўра, жорий йил Зангиота туманидаги “Ҳасанбой”, “Ўртаовул”, “Кўксарой” ва “Эркин” қишлоқ фуқаролар йиғинларига қарашли майдонларда 128 уй-жой бунёд этилади. Ҳозиргача ўнлаб фуқаролар ана шундай янги уй-жойлар учун “Қишлоқ қурилиш банк”нинг “Қурилишга бошланғич бадал” омонатига уч миллиард сўмдан ортиқ маблағ қўйди. Уларнинг сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.

– Барпо этилаётган уй-жойлардаги замонавий шарт-шароитларни кўриб, ҳавасимиз келди, – дейди зангиоталик Ўктам Худоёров. – Оиламиз билан келишиб, Обод турмуш йилида қуриладиган тўрт хонали намунавий уйлардан бирига буюртма бердик.

Х.САЛИМОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  ТИШЛАР СОҒЛОМ БЎЛИШИНИНГ ОДДИЙ УСУЛЛАРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: