ҚОН БОСИМИ ТУШГАНДА САМАРАЛИ МАШҚЛАР

Жисмоний машқлар руҳий тангликдан, зўриқишдан халос этишда самарали восита саналади. Шунингдек, бундай ҳаракатларнинг асаб тизимига ижобий таъсири бор.

Сизга тавсия этмоқчи бўлган қуйидаги машқлар кўпгина гипотоник (қон босими паст юрадиган) кишилар учун самарали саналади. Бу машқларни ўрнингиздан турмасдан бажаришингиз мумкин.

• Чалқанча ётган ҳолда қўлларингизни гавда бўйлаб жойлаштиринг. Аста бурундан нафас олиб, сўнгра оғиздан чиқаринг. Бу машқни 5-6 маротаба такрорланг.

• Бошингизни ўнг томонга буринг. Ўнг қўлингизни бўйнингизнинг чап қисмига қўйиб, аста ўмров суягига қадар сийпалаш йўналишида ҳаракат қиласиз. Бундай ҳаракатни чап қўлингизда ҳам амалга оширасиз. Шуни унутмангки, машқларни оҳисталик билан бажариш лозим.

• Эндиликда навбатма-навбат кафтингизни пешонага қўйиб, аста чакка қисмигача ҳаракат қилиб силанг. Машғулотни 30 сония бажаринг. Сўнгра чаккангизни бармоқларнинг учида аста айланма ҳаракат билан уқаланг.

• Қўлларингизни яна тана бўйлаб жойлаштириб, чуқур нафас олиб чиқариб, сўнгра 30 сония дам олинг.

• Олти сония давомида бармоқларингизнинг учи билан кўз бурчакларини бироз кучли, сўнгра оҳисталик билан босинг. Орада 13 сониялик тин олинг. Машқни яна 3-4 марта такрорланг.

• Кўзларингизни юмиб, бармоқлар билан кўзларнинг ички бурчагидан ташқи бурчагига қадар силанг.

• Қўлларингизни бош узра юқорига кўтариб, кафтларингизни бирлаштиринг ва нафас олинг. Гавда бўйлаб тушираётганингизда нафас чиқаринг.

• Қўлларни аста юқорига кўтариб, чап ва ўнг тиззаларингизни буккан ҳолда навбатма-навбат кўкрак қафаси томон йиғиб туширинг.

• Нафас олиб иякни кўкрак қафаси томон тортиб нафас чиқаринг.

• Оёқларингизни букмасдан юқорига кўтариб, нафас олинг, тушираётганда нафас чиқаринг.

• Тўғри ётган ҳолатда нафас олиб ўтиринг. Гавдани ўнг тарафга буринг. Сўнг яна ҳолатга қайтинг. Машқни такроран аксини бажаринг.

• Ўтириб, қўлларингизни кенг ёзган ҳолда нафас олинг. Бармоқларингизни оёқларингизнинг учига текказиб, нафас чиқаринг.

Мазкур машқларни имкон қадар ҳар куни ўрнингиздан турмасдан оҳисталик билан бажаринг. Бу сизнинг кун давомида фаол бўлишингизга кўмаклашади.

Васила ПЎЛАТОВА тайёрлади.

Яна ўқинг:  ЎҚУВ-СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: