КИЧКИНТОЙНИНГ КЎКЛАМ САЙРИ

Юртимизда кўклам нафаси уфуриб турган, байрамлар-байрамларга уланаётган ажиб бир кунда болажон билан табиатни томоша қилиш нақадар завқли-а?! Унга оппоқ қордан сўнг оламнинг яшил баргларга, турфа гулларга бурканишини кўрсатиш ширинтойга олам-олам завқ бағишлайди.

Баҳорда табиат кундан-кун чирой очиб, сайр қилиш учун ҳаво илиқлаша боради. Бундай ҳавода сайр қилиш гўдак организмининг чиниқишига, унинг иммун тизимини мустаҳкамланишига, қуёшнинг фойдали ультрабинафша нурларидан баҳра олишига катта ёрдам беради.

Кичкинтойни сайрга олиб чиққанингизда ҳаво ҳарорати 10 С˚дан паст бўлмаслиги мақсадга мувофиқ. Сайрга чиқишни дастлаб 15-20 дақиқадан бошлаш ва кейинчалик эса бу вақтни узайтириб бориш мумкин. Болалар шифокорларининг таъкидлашларича, кичкинтойни сайрга кўпроқ олиб чиқиш унинг рахит касаллиги билан оғриш эҳтимолини бартараф қилади.

Очиқ ҳавога чиққанингизда боланинг кийинишига алоҳида эътибор қаратинг. Уни асло сиқиб йўргакламанг. Бунда боланинг қон айланиши ёмонлашади.

Ширинтойни иложи борича транспорт воситалари ҳаракатланадиган ёки жамоат жойларидан узоқроққа, тинч муҳитда очиқ ҳавога олиб чиқинг. Агар боланинг ёши бироз каттароқ бўлса, уни табиат, атроф-муҳит билан таништиринг. Дарахтлар, гуллар, осмон, қуёш, қушлар номини такрорланг.

Боланинг сайрга чиқиши у учун зерикарли бўлиши керак эмас. Бунда ота-оналар учун бир нечта ўйин турлари тавсия қилинади. Шулардан баъзи бирлари билан таништириб ўтамиз.

Йўл қоидалари

Шуни унутмаслик керакки, бола сайрга чиққанида табиат билан бир қаторда хатти-ҳаракатларимизни диққат билан кузатади. Йўлдан ўтаётганда “Биз йўлдан ўтяпмиз. Ўнг тарафда машина йўқ, чап тарафда ҳам йўқ. Тез ва эҳтиёт бўлиб ўтамиз” деб айтинг. Бу машқ орқали болада сўз бойлиги шакллана боради.

Ажойиб ёмғир

Сайр вақтида ёмғир ёғди. Уйга киришга шошилманг. Ёмғир томчисига боланинг қўлчасини тутинг ва “Қизим (ўғлим) ёмғир ёғяпти. У шунақа томчилаб ёғади” деб айтинг. Болакай кўз ўнгида табиатнинг бу ўзгариши мўъжиза каби хотирасига муҳрланади.

Овозлар

Очиқ ҳавода айланиш давомида овозларга эътиборли бўлинг. Боиси бола нутқининг шаклланишида атроф-муҳитнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Унга машина, самолёт, қушлар овозини такрорлашни ўргатинг. Болакай учун бу жуда қизиқарли машғулот бўлиб, у бу сўзларни тез ўзлаштириб олади.

Яна ўқинг:  Бодрингли салат

Болалар шифокори Муҳаббат ҲАМРОЕВА тавсиялари асосида Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: