Патронаж ҳамшираси хонадонда

Унинг вазифаси нимадан иборат?

Фарзанд – оила қувончи, она – хонадон фариштаси. Уларнинг саломатлиги кўнглимизнинг хотиржамлиги, ҳаловатидир. Азалдан халқимиз боланинг дунёга келиши, унинг парвариши ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратган.

Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста, ватанпарвар, жисмонан чиниққан ва маънан етук авлодни камол топтириш умумхалқ ҳаракатига айланган десак муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг саломатлигини таъминлаш ва фуқароларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг 50 фоизини оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда ушбу соҳанинг бирламчи бўғини бўлган оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида фаолият юритаётган ҳамшираларнинг, яъни, оила ҳамшираларининг хизмати таҳсинга лойиқ.

Оилавий поликлиника ва ҚВПлар аҳоли орасида кенг миқёсда профилактик ишларни олиб боради, шунингдек, аҳоли ўртасида эпидемияга қарши чора-тадбирларни ҳам ўтказади. Ушбу ҳудуддаги фуқароларнинг саломатлига жавобгар саналади. Яна аҳоли орасида эрта касалланишни аниқлаш, унинг рўйхатини ташкиллаштириш, фуқаролар саломатлиги ҳолати кўрсаткичларини таҳлил қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари ва турли муассасаларда вақтинчалик ишлай олмайдиган фуқароларнинг хасталиклари сабабларини ўрганиш каби вазифаларни ҳам бажарадиган муассасадир. Поликлиника фаолияти ҳудудий участка тамойилига асосланган бўлиб, шу ҳудудда яшовчи фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатади. Поликлиника ва унда фаолият юритаётган тиббий ходимлар штатларини режалаштиришда аҳолининг сонига асосланиш лозим. Замонавий поликлиника кенг қамровли фаолиятга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасидир.

Умумий амалиёт ҳамшираси – оила ҳамшираси ҳам ҳисобланади. У касб-ҳунар колежида олган амалий ва назарий билимларига таянган ҳолда бемор ва унинг оила аъзолари билан ишончли мулоқот ўрнатиши, янги замонавий тиббий асбоб-ускуналарни қўллай билиши, шунингдек, муолажаларни малакали бажара олиши керак.

Яна зарур ҳолларда беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши лозим. Умумий амалиёт ҳамшираси аҳоли орасига, маҳаллага ва оилага кириб бормоғи, оила муҳитини, унинг руҳий ҳолатини, фуқароларнинг қай даражада тиббий маданиятли эканлигини ўрганиши, ёш оналарга бола парвариши, она сутининг афзаллиги, фарзандлар тарбиясидаги муаммоларни бартараф этиш, туғруқлар орасидаги масофани сақлаш ва исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олишда контрацептив воситаларнинг аҳамияти хусусида аёлларга батафсил маълумот бериши керак. Яна хонадон эгаларига оилада шахсий ва овқатланиш ҳамда кийиниш гигиенасининг аҳамияти ҳақида ахборот бериб, кексаларга эса оила аъзоларининг эътибор ва парвариши муҳимлигини таъкидлаб, уларнинг дардларига малҳам бўладиган руҳий далда бериши зарур.

Яна ўқинг:  “Қора оқсоқ” ёки бруцеллёз қандай хасталик?

Умумий амалиёт ҳамшираси аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш мақсадида профилактика ва ташвиқот-тарғибот ишларини ташкил қилиши, турли хасталиклар сабабли соғлиғини йўқотганлиги учун хавф гуруҳларига киритилган беморларни аниқлаши, уларни мутахассис ёки умумий амалиёт шифокорига йўналтириши, оилани шакллантириш, болаларни жисмоний ривожланиш кўрсаткичларини назорат қилиши, реабилитация ва чуқурлаштирилган тиббий кўрик ишларини тўғри йўлга қўйиши лозим.

Патронаж ҳамшираси ҳомиладор аёлларни туғуруққача кузатув мобайнида бўлажак она ва ҳомила соғлиғига хавф солувчи жиддий белгиларга диққатини қаратиши зарур. Айниқса, хавф омилларига катта эътибор қаратиб, яъни, ҳомиладорликнинг асоратли кечиши – оғир ва енгил даражали преэклампсия ҳамда қандли диабетда, оила аъзоларидан бирортаси юқумли касалликлар билан хасталанган ва уларнинг тозаликка эътибори кам бўлса хонадон эгаларига тушунтириши керак. Оила ҳамширасининг хонадонларга қатновлари, шифокор ва доянинг доимий текширишларига қўшимча тиббий кузатув бўлади.

Туғруқдан кейинги парвариш ва назорат қилишда оилавий ҳамширанинг роли шифокор ва дояга кўмаклашишдир.

Кўпчилик оналар ва уларнинг чақалоқлари учун туғуруқдан кейинги давр қийин кечмайди. Чунки, оила аъзоларининг эътибори бу даврнинг бехатар ўтишига замин яратади.

Замира ЗОКИРОВА,

Ўқув даволаш комплекси тиббиёт коллежи “Ҳамширалик асослари”кафедраси мудири,

Нозима МУТАЛОВА,

катта ўқитувчи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: