Хотин-қизлар спорти: юксалиш пиллапояларида

– Бобожон, бугун жисмоний тарбия дарсидан иккита “5” олдим, – мақтанди мактабдан қайтган Нозима.

– Баракалла, ўзимнинг чаққон қизим, “беш”ларинг кўпаяверсин, – набирасининг пешонасидан ўпиб қўйди Асад ака. Хаёл эса уни олис ўтмиш сари етаклади.

У пайтларда қиз болаларнинг жисмоний тарбиядан беш баҳо олиши у ёқда турсин, шу дарсда қатнашишининг ўзи муаммо эди. Ота-оналар бўйи чўзилиб, кўзга ташланиб қолган қизларини спорт кийимида очиқ спорт майдончасида югуриб юришини хаёлига келтира олмасди.

Институтни аъло баҳоларга тугатган Асадбек Қибрай тумани, Тузель қишлоғидаги собиқ 44-мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб иш бошлади. Устозлар ўгити туфайли қишлоқда қизлар спортини жонлантиришдек мураккаб ишни ният қилган ёш ўқитувчи 9-синф қизларининг бўйчанлигини кўриб хурсанд бўлиб кетди. Улар билан суҳбатлашди. Мактабда қизлар баскетбол ва қўл тўпи жамоаси тузамиз деб уларнинг розилигини олди. Бироқ спорт майдончаси деб аталган аслида мактаб қоровулининг яйловига айланган жойда спорт кийимида “лўкиллаб” югураётган қизларини кўрган ота-оналар бир зумда бу ишга чек қўйди. Улар қизларини спорт билан шуғулланишларига қаттиқ қарши бўлишди. Асаднинг орзулари армонга айланди.

Бугун эса қизларимиз спорт билан замонавий спорт залларида бемалол шуғулланиб халқаро миқёсда ғалабаларга эришиб келишмоқда.

– Мактабимизга ёш, шижоатли муаллимнинг ишга келгани биз ўқувчиларни жуда қувонтирди. Мен узоқликка сакраш бўйича қабул қилинган масофадан 20 см, Муҳаррам 15 сантиметр ортиқроққа сакрай олардик. Югуриш тезлигимиз ҳам жуда юқори эди. Шунинг учун имкониятдан фойдаланиб, Асад ака ташкил қилган спорт тўгарагига қатнашмоқчи бўлдим. Бироқ акам менинг қизиқишим тугул маҳоратимга ҳам эътибор бермади. Сал бўлмаса мактабга боришни ҳам таъқиқлаб қўймоқчи бўлди, – деб эслайди Ҳалима Алимова. – Минг шукурки, мустақиллик туфайли менинг юрагимдаги армон тугунлари ечилди. Ҳозирда қишлоғимиздаги учта мактабда ҳам барча шароитларга эга бўлган спорт заллари ишлаб турибди. Ўғлим дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Набирам Гулюз бадиий гимнастика бўйича шаҳар биринчилигида ғолибликни қўлга киритди. Қишлоғимизда нафақат қизлар, балки мен тенги аёллар ҳам спорт залларида ўзимиз хоҳлаган спорт тури билан шуғулланаяпмиз. Аёлларимиз ҳам, қизларимиз ҳам соғлом.

Яна ўқинг:  45 дақиқалик ИМКОНИЯТ

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб юртимизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Бу йўналишда эса болаларни спорт билан ошно қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Шу сабабдан ёшларимизнинг спорт билан шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Президентимиз ташаббуси билан 2002 йилда “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”нинг ташкил этилгани эса, бу борада олға ташланган улкан қадамлардан бири бўлди.

Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. 2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57, 2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этмоқда. 2005 йилда мамлакатимиз миқёсида шу ёшдаги болалар ва ўсмирлар 43 турдаги спорт машғулотларига қатнаган бўлса, бугунги кунда улар спортнинг 59 тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Турли спорт марказлари ва тўгаракларнинг ташкил қилиниши, мусобақа ва танловларнинг мунтазам ўтказиб борилиши спорт ҳар бир хонадонга кириб боришига туртки берди. Бугунги кунда юртимизнинг энг олис, чекка ҳудудларидан ҳам чемпионлар чиқаётгани кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг натижасидир.

Айниқса, қизлар спортида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўплаб Ўзбекистон ва халқаро миқёсдаги чемпионларнинг етишиб чиқаётганида намоён бўлмоқда. Бу эса мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлган она ва бола саломатлигини таъминлашда асос сифатида хизмат қилмоқда. Зеро, қизларимиз бўлғуси оналардир. Соғлом онадан эса соғлом фарзанд дунёга келади.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, халқимиз, миллатимизнинг умиди ва таянчи ҳисобланган келажак авлодни дунёга келтириб, вояга етказадиган наслимиз давомчиларини кўрамиз”.

2015 йилда халқаро спорт мусобақаларда 479 нафар спортчи ўқувчи иштирок этган бўлса, шулардан 166 нафарини қизлар ташкил қилгани, спортнинг қизлар орасида йилдан йилга оммалашиб бораётгани шундай саъй-ҳаракатларнинг мевасидир.

Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш мақсадида юртимизда аёл мураббийлар сонини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юксак малакали спорт мураббийлари, жумладан, хотин-қиз мураббиялар меҳнатини рағбатлантириш бўйича юртимизда янги, самарали тизим жорий этилди. Бунинг натижасида 2015 йилда аёл спорт устозлари 2005 йилга нисбатан 3, 8 баробар ортди.

Яна ўқинг:  Меҳр ва мурувват улашиб

– Бир куни қадди-қомати бир оз букчайган қизни текширувдан ўтказдим, – дейди олий тоифали шифокор Насиба Казакхонова. – Унда жисмоний ҳаракатлар камлигини инобатга олиб, спорт билан шуғулланишни маслаҳат бердим. Орадан кўп вақт ўтмай, унинг қадди-қомати тўғриланиб, келишган, ўзига ишонган қизга айланганининг гувоҳи бўлдим. Спорт қиз болада ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, унинг саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Ота – оналарга қизларини 3-4 ёшдан бошлаб гимнастика машқлари билан шуғуллантиришларини маслаҳат бераман. Шу билан бир қаторда қиз бола 7 ёшга тўлгандан сўнг уни бошқа спорт турларига ҳам жалб қилса бўлади. Муҳими тўғри ва тартибли олиб борилган машқлардир. Бу ўз навбатида қизларнинг соғлом ва дуркун бўлиб вояга етишларини таъминлайди.

Хизмат сафари юзасидан Андижон вилояти Булоқбоши туманига борганимизда у ерда қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган имкониятларни кўриб ҳавасим келди. Тумандаги 10 умумтаълим мактаби таркибида фаолият юритатёган спорт тўгараклари фаолиятидан бугун ҳамма мамнун. Набираларини қўлларидан ушлаб спорт тўгаракларига олиб келаётган бувижонлар ҳам улар билан бирга машқ қилишмоқда.

– Ёшлигимизда қиз болаларнинг спорт билан шуғулланишлари кескин танқидга учрарди, – дейди набирасининг нафис ҳаракатларини ҳавас билан кузатаётган Рисолат ая Қодирова. – Бугун эса аҳоли орасида олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида спортнинг инсон саломатлиги учун нақадар фойдали эканлиги ҳаёт ҳақиқатига айланиб улгурди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг “Ҳеч нарса мамлакатни спортчалик тез дунёга танита олмайди” деган гаплари бугун яна бир бор ўз тасдиғини топди. Спортнинг қайси тури бўлмасин, Ўзбекистон ёшлари маррани катта олиб, халқаро шоҳсупаларда муносиб ўринларни қўлга киритмоқда. Юрт довруғи, оила шаънини юксакларга кўтаришмоқда. Бу эса табиийки, ўсиб келаётган авлодлар ҳаётини ҳам спорт билан чамбарчас боғлайди. Уларга ўрнак бўлади.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: