Эҳтиётсизлик хасталикка йўл очади
Инсон организмида касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлар ёки улар ишлаб чиқарадиган турли токсин (заҳар)лар, зарарли кимёвий моддалар ва заҳарли ўсимликларнинг тушиши натижасида келиб чиқувчи салбий ҳолат овқатдан заҳарланиш деб юритилади.
Овқатдан заҳарланиш бир ёки бир неча нафар инсонларда қайд этилади. Кўпчиликнинг заҳарланиши овқатдан гуруҳли заҳарланиш деб аталади. Бундай салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига бир нечта омиллар сабаб бўлиши мумкин. Жумладан:
Яхши сақланмаган ва узоқ муддат туриб қолган овқатларни истеъмол қилиш, хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини тановул этиш, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларидан заҳарланиш, кўча-кўйда ва белгиланмаган жойларда сотилаётган озиқ-овқатлар, яхна ичимликлар, қандолат маҳсулотлари ва музқаймоқларни еб-ичиш, узоқ муддат қуёш нурида туриб қолган, музлатгичда сақланмаган тайёр егуликлар ва ичимликларни истеъмол қилиш, яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳўл мевалар ва қовун-тарвузларнинг сиртини ҳам яхши ювмасдан уларни истеъмол қилиш, 3 ёшгача бўлган болаларга бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидалари ҳамда уларни сақлаш шароитларига эътибор қилмаслик ва ҳакозолар.
Овқатдан заҳарланган беморларда умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, иштаҳасизлик, ич кетиши каби салбий ҳолатлар кузатилади. Касалликнинг келиб чиқишига қараб ўзига хос клиник белгилар пайдо бўлиши мумкин. Ушбу белгилар пайдо бўлганда бемор дарҳол шифокорга мурожаат қилиши зарур. Акс ҳолда у ўз билганича ва нотўғри даволанса, антибиотикларни пала-партиш ичса ёки ўз вақтида даво чоралари кўрилмаслиги оқибатида хаста кишида дарднинг оғир асоратлари ҳаттоки, ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Овқатдан заҳарланишларнинг олдини олишда кундалик соғлом турмуш тарзига риоя қилиш дардманд кишининг истеъмол қилаётган таомларига эътиборли бўлиш айниқса, унинг шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши муҳим аҳамиятга эга. Иссиқ кунларда сувни албатта қайнатилган ҳолда ичиш керак.
Кўп йиллик кузатишлар натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, овқатдан заҳарланишларга асосан уй шароитида тайёрланган консервалар, санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаган ҳолда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари, салатлар, таомлар, кўча-кўйларда белгиланмаган жойларда сотилаётган озиқ-овқатлар, уйда туриб қолган овқатларни истеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Ушбу тавсияларга қатъий амал қилсангиз овқатдан заҳарланишдан ўзингизни асраган бўласиз ҳамда оила аъзоларингизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссангизни ҳам қўшасиз дея умид қиламиз.
Қамариддин БОҚИЕВ,
Республика ДСЭНМ овқатланиш гигиенаси бўлими мудири