БОТУЛИЗМНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – ҲАЁТНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

Аҳоли ўртасида хонадон шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури – ботулизм касаллиги учраб туради.

Уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда айрим ҳолатларда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилишнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Натижада консервадаги кислородсиз шароитда ботулизм қўзғатувчиси споралардан чиқиб, тез ривожланади ва заҳар (токсин) ишлаб чиқаради.

Ботулизм билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим ҳолатларда шиша идишнинг тунука қопқоғи “шишади”.

Заҳарланган одамда касаллик белгиларини икки соат ёки саккиз-ўн кундан кейин ҳам кузатиши мумкин. Беморда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, бир жисм кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия) кузатилади. Шунингдек, у ютиш ва гапиришда қийналади. Бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши касалликнинг клиник белгиларидир.

Касалликни хонадон шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда касаллик оғир кечиб, нафас етишмаслиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Ҳар қандай касалликлар каби ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Хонадон шароитида бодринг, помидор, паттисон маринадлари, бақлажон икраси каби консерва махсулотларини тайёрлаш тавсия этилмайди. Чунки, бундай шароитда тайёрланган консерва маҳсулотларининг сифатига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Айнан шундай сифати кафолатланмаган, ёрлиқларга эга бўлмаган, бир сўз билан айтганда истеъмол учун яроқсиз ҳисобланган консерва маҳсулотларини бозорларда, кўча-кўйларда рухсат этилмаган, ноқонуний савдо расталаридан сотиб олмаслик лозим.

Хонадон шароитида узум, шафтоли, ўрик, олма каби турли мевалардан жем, компот, қоқилар, мурабболар ва бодринг, помидор, карамдан сирли, чинни ҳамда сопол идишлар ёки хумда, ёғоч бочкаларда тузламалар тайёрласа мақсадга мувофиқ бўлади.

Ботулизм заҳри асосан марказий асаб тизими, шунингдек, орқа ва узунчоқ миянинг мотонейронларини фалажлайди. Натижада беморда нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, кўриш аъзолари, ички секреция безлари фаолияти издан чиқади. Нафас олиш қийинлашади, оғиз қурийди, хаста одам овқат юта олмайди. Унинг кўз қовоқлари осилади. Битта нарсани иккита кўриш (диплопия) кузатилади.

Ботулизмдан заҳарланиш содир бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Уй шароитида бу касалликни даволаб бўлмайди. Чунки, заҳарга қарши махсус зардоб мавжуд. Ўз вақтида беморга тиббий ёрдам кўрсатилса, хасталик оғир асоратларсиз даволанади. Беморнинг ҳаётини асраб қолиш мумкин.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёлда қандли диабет аниқланса...

Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорларга кирсангиз, улардаги маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўриб кўзингиз қувонади. Хусусан, каттаю кичик дўконларда, бозорларда саноат усулида, технологик жараёнлар ҳамда белгиланган гигиеник талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг кўпгина турлари мавжуд. Ушбу маҳсулотларнинг деярли барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган.

Сотиб олинган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш шароитига ва муддатига ҳам қатъий риоя этиш зарур. Истеъмол учун яроқлилик муддати ўтган торт, пишириқлар ва бошқа қандолат маҳсулотлари ҳамда салат, колбаса, косерваланган балиқ, гўшт, турли маринадларни истеъмол қилиш инсон соғлиғи учун жуда хавфли ҳисобланади.

Ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.

Қамариддин БОҚИЕВ,

тиббиёт фанлари номзоди, Республика Давлат Санитария – эпидемиология назорати маркази овқатланиш бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: