КИТОБ – ОФТОБ, СЎЗ – ЗИЁ

Одамзот яратилибдики, доимо комилликка интилиб яшайди. Болаликдан ўз дунёқарашини бойитиб боради. Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси бўлиб, ушбу қораламаларимиз китобга муносабат ҳақидадир.

Бу ҳақда мулоҳаза юритиш­дан олдин ўзим гувоҳи бўлган ҳолат ҳақида сизга сўзлаб бер­моқчиман.

Бир йилча олдин узоқ сафар­га отланиб, автобусга чиқдим. Бироз юргач автобуснинг орқа эшигидан ўрта ёшлардаги бир киши иккита катта сумкани базўр кўтарганича чиқиб келди. Ўрта­ҳол кийинган. У киши салонга чиқиб, ёнимдаги ўриндиққа келиб ўтирди.

– Уф, зўрға улгурдим-э, – бошидаги қалпоғини ечиб елпина бошлади.

Олдимда бўлгани учун унинг сумкаларига бир қур назар таш­ла­дим. Буни қарангки, уларнинг иккиси ҳам китоб билан тўла эди. Яхши муқоваланган, янги бўлмаса-да, яхши сақланган: русча, ўзбекча аралаш китоблар. У киши менинг китобларга қара­ёт­ганимни кўриб, мақтанишга тушиб кетди.

– Бозордан арзонгина олдим. Биттаси икки юз сўмдан.

У бу гапларни мен инкор қиладигандек, дарров сумкасидан битта қалинроқ китобни олиб, варақлаб кўрсата бошлади.

– Варақлари ҳам ҳали оппоқ, деярли варақланмаган ҳам.

У кишига ҳавас қилдим. Кўп ҳолларда одми кийинган, оддий кишиларни бундай ҳолатда кўриш кишини шошириб қўяди. Оми одам деб ўйлаганингиз зиёли киши бўлиб чиқади.

Хаёлимдан шу ўйлар кечарди. Рости, у киши менда яхши таассурот қолдираётганди.

– Энди бу китобларни мазза қилиб ўқир экансиз-да? – деб сўрадим.

– Ҳе, қаёқда. Буларни ким ҳам ўқирди?

– Унда нега олиб кетяпсиз?

– Ҳали оппоққина экан. Уларга мева ўраб, бозорга олиб чиқаман.

Мен шахмат ўйинида даб­дурустдан мот бўлгандай ҳайрат бармоғини тишлаб қолдим. Бундай жавоб бўлишини умуман кутмагандим. Ҳозиргина ҳавасим­ни келтираётган киши энди кўзим­га жуда хунук кўрина бошлади. Иложи борича унга қарамасликка, гапларини эшитмасликка ҳаракат қила бошладим. У алламбалолар деди. Лекин биронта ҳам гапи қулоғимга кирмасди. Хайриятки, йўлда тушиб қолди. Ўша воқеани ҳали-ҳануз унута олмайман. Наҳотки, китобни шунчалик хўрлашга ботина олишса? Наҳотки, у ва унга ўхшаганлар китобнинг уволи уришини билишмаса! Ахир аждодларимиз оқликка хиёнат қилманглар, хор қилманглар деб келишади-ку. ўйлаб-ўйлаб ўша “китобкуш”нинг умуман маънавий бойлиги йўқлигига, шу пайтгача биронта китобни кўнгил бериб ўқимаганига амин бўлдим.

Яна ўқинг:  Ўзи нима гап?

Китоб – билим булоғи, дейишади. Ундан қанча ичсанг-да, ҳеч қачон қонмайсан. Яна ва яна ичгинг келаверади. Ҳаётимда бўлган бир воқеа эса бу булоққа интиқликни яна бир карра оширди.

Ўшанда тўртинчи ё бешинчи синфда ўқир эдим. Уйимизда кичик бир маросим бўлаётган эди. Хонадонимиз меҳмонлар билан гавжум, биз ёшлар эса уларнинг ош-овқатларидан хабар олиб хизматда турардик.

Бир маҳал маросим охирлаб қолаёзган пайт дадам ва у киши билан тенгқур бир неча киши ҳовлига чиқишди. Улар нима­нидир тортишишарди. Шу ҳолат бироз давом этгач, улардан бири худди тўдани ёриб чиққан отдек қўйнида бир нарсани тутганча бедапоя тарафга қочди. Қолган иккиси ҳам худди ёш болалардек орқасидан қувиб кетишди. Биз болалар бу ҳолга тушунолмай лол бўлиб қолгандик. Шу пайт ташқаридаги шовқинни эшитган бир-икки нуронийлар уйдан чиқиб, томошабинларга уларни ажратиб қўйишни буюрди. Афтидан қариялар бедапоядагиларни бирон нарсада келишолмай уришиб қолган деб ўйлашганди. Лекин уларнинг ҳолатидан жанжал аломати сезилмасди. Дадам ҳам, у кишининг ўртоқлари ҳам ҳазил-мутойиба билан бирининг устидан бошқаси ўмбалоқ ошиб, яширилган “улоқ”ни олишга интиларди. Бироздан кейин “улоқ” дадамга насиб қилди. У киши икки ўртоғини бедапояда қолдириб, биз турган жойга ҳансираб келди.

Катта энам ўпкаланган бўлди:

– Ҳа, омон бўлгурлар-а! Шуни деб бир-бировингни қувиб юрибсанми?

Дадамнинг қўлидаги нарсани кўргандан кейингина гап нима ҳақда кетаётганини англаб етдик. Бу китоб эди.

Ҳозир кўпчилик одамларнинг китоб ўқимай қўйганлиги, бадиий китобларга эътибор сусайган­лигидан нолишади. Аслида ҳам шундайми?

Бу китобга муносабат, китоб мутолааси ҳақидаги айрим фикрларимиз эди холос. Балки сиз бошқача фикрдадирсиз. Битта хулосада ҳаммамиз якдилмиз: китоб – офтоб, башарият ҳамиша офтоб таратаётган зиёга эҳтиёж сезиб яшайди.

Фозил МАМАШАРИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: