ТУРОННИНГ АЛП ҚИЗЛАРИ

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида туғилган Муҳтарам Алиева ҳақида

МХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматидаги ҳамкасбларимиз чегарачи аёл ҳақида газета саҳифаларида ёритиш учун уларда муносиб номзод борлигини билдирдилар. Ва у ҳақида кўпдан кўп илиқ фикрлар айтиб, полвон эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бу таклифни мамнуният билан қабул қилдик. Чунки ҳар доим ҳам полвон аёллар билан учрашавермаймиз-да.

“Ўрта Осиё халқлари эпосларида куйланган Қоникей, Қорабўрк, Оқилой, Қарлиға, Ойбарчин, Озода Чеҳра, Малика Айёр, Ойсулув, Тўмарис, Баянсулув, Юнус пари, Гулнор пари, Гулойим, Сайқал, Орзигул каби жанговар аёллар образларида озми-кўпми тарихий ҳақиқат мавжуд”.

Мусина Ғолиманинг “Туроннинг алп қизлари” китобидан

“У КЕЛДИ…”

Учрашув вақтини белгилаб, полвон аёлни кута бошладим. У ҳақида дастлаб эшитганимдаёқ кўз ўнгимда баланд бўйли, елкалари кенг, забардаст, овозлари ҳам ўктам жаранглайдиган инсон кўз ўнгимда гавдаланган. Чегарачи аёл ҳақида ана шундай бой тасаввурлар билан вақт ўтгани ҳам сезилмади. Ниҳоят у келди. Аммо… Унинг ўрнига бошқасини юборганга ўхшайдилар.

Қаршимда баланд бўйли бўлмаган, нозиккина, овози майин аёл турарди. Кичик сержант Муҳтарам Алиева деб таништирдилар уни. Бу аёлни дарҳол танидим. У 2011 йили Қуролли Кучларимизнинг шонли ўн тўққиз йиллиги байрами муносабати билан муҳташам “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган тантанали маросимда мамлакатимиз Президентининг Фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди. Бу кўпчиликнинг ёдида бўлиши керак: кичик жуссали, хатти-ҳаракатлари дадил ҳарбий аёлни бутун зал ўзгача меҳр билан узоқ олқишлаган эди, ўша дам.

Кичик сержант Муҳтарам Алиева аслида ҳам полвон деган мартабага ҳар жиҳатдан муносиб. У спортнинг оғир атлетика тури билан шуғулланади.

“…Барчин, Гулойим, Юнус пари, Мисқол пари, Холдорхон, Гулчеҳра, Малика Айёр, Гулихиромон ва Хон Далли каби аёллар гўзаллиги, оқилалиги, ишқда вафодорлиги, жангу жадалларда қўрқмаслиги ва эпчиллиги билан аждодларимиз хотирасида чуқур из қолдирган. Улар қадим замонларда яшаган Гўрўғли, Аваз сингари алплар билан тенг кураша оладиган паҳлавон қизлар тимсолларини эслатадилар”.

Мусина Ғолиманинг “Туроннинг алп қизлари” китобидан

“ШЕРНИНГ ЭРКАГИ ҲАМ УРҒОЧИСИ ҲАМ ШЕРДИР”

…Муҳтарам болалигида жуда нимжон бўлиб, тез-тез касал бўларди. Бир гал жуда қаттиқ оғриб қолди. Ҳеч ўзига келавермагач, шифокорлар қизалоқни ота-онасига “умид йўқ” деб қайтариб бердилар. “Бундай бўлиши мумкин эмас, Муҳтарам яшайди, яшаганда ҳам ҳаммани қойил қолдириб яшайди” – ота шундай ўйлади, умидсизликка тушмади. Худойберди ака қизалоғи учун жонини беришга тайёр эди. Шу кундан бошлаб қизалоққа ўзи қарай бошлади. Ҳаммани ҳайратга солиб, қизалоқ секин-аста ўнгланди.

Яна ўқинг:  TENGDOSHIMIZ CHEMPION

Ота анчагина ўзига келиб қолган қизалоғини етаклаб Хонобод шаҳридаги спорт тўгарагига олиб борди. Бу ерда умуман қизлар йўқ эди. Ҳайрон бўлган мураббийга ота вазиятни тушунтирди. Ва шу кундан бошлаб, спорт қизнинг ҳаёти мазмунига айланди. Мактабда ўқиб юрган кезлари у сардорлик қилган жамоа “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасида бир неча бор республика босқичида муваффақият билан иштирок этди.

1997 йилдан спортнинг оғир атлетика тури билан шуғуллана бошлади. 2003 ва 2008 йилларда пауэрлифтинг бўйича Осиё чемпионатида икки бора бронза медалига сазовор бўлди. 2010 йилда жаҳон чемпионати баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бундай ютуқларида хонободлик жисмоний тарбия муаллими Бозорбой ака Жуманов, спорт устаси Альберт Валеев, халқаро тоифадаги спорт устаси Зуфар Бибарцевларнинг алоҳида хизматлари бор.

Шарқда “Шернинг эркаги ҳам урғочиси ҳам шердир” деб бежизга айтилмаган.

“Қипчоқлар, хуннлар ва бошқа туркий қавмларнинг баҳодирлиги Оврупони ларзага келтирган эди.

Уларнинг хотинлари ҳам эрларидай паҳлавон ва жанговар эди. Рус князлари бу халқлар билан гоҳо жанг қилар, гоҳо дўстлашар, айниқса, Киев ва Новгород князликлари бир-бирига қарши урушда туркий халқ хонликларидан ёрдам олардилар. Паҳлавон ўғиллар кўриш учун туркий халқнинг қизларига уйланар, ўғилларига келин қилишга интилардилар…”

Кўҳна тарих берган хабарлардан

ШАРАФЛИ КАСБНИ

АРДОҚЛАБ

Муҳтарам ғайрат-шижоатига муносиб иш билан банд бўлишни истарди. Унинг назарида ҳарбий хизмат айнан орзусидаги касб эди. Узоқ ўйлаб ўтирмай мақсад сари дадил ҳаракатни бошлади. Синовларнинг мураккаблигига қарамасдан муваффақият билан ўтди. Қисқа вақт ичида ҳарбий жамоада ўз ўрнини муносиб равишда эгаллади. Унинг овозаси ўзи туғилиб, вояга етган Хонобод шаҳридаги маҳаллага-да тарқалди. Кўпчилик ўғилу қиз унинг ортидан эргашди, шарафли касбни танлади.

– Ҳарбий хизматнинг ўзига хос мураккаб томонлари ҳам бор, – дейди кичик сержант Муҳтарам Алиева. – Аммо касбингизга чин юракдан меҳр қўйсангиз, севсангиз қийинчиликлар деярли сезилмайди. Шарафли касб менга унутилмас лаҳзаларни туҳфа қилган. 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳарбий қисмимизга ташриф буюрганлар, нима учун ҳарбий хизматни танлаганим билан қизиққанлар, ҳарбий хизмат оғирлик қилмаяптими, деб сўраганлар… бундай эътибордан тўлқинланиб кетганман. Бу унутилмас учрашув ҳақида эшитганларида ота-онам, опа-сингилларим ҳам қувонишган… Бундай пайтларда ҳаётимда қанчалар тўғри қарор қабул қилганимни юракдан ҳис қиламан.

Яна ўқинг:  SERJILO O‘ZBEK MATOLARI DUNYO E’TIROFIDA

“Туркий халқларнинг ҳарбий қўшинлари бўлинмаларга бўлиниб, уларга ўнбоши, юзбоши, мингбоши тайинланган. Тинч ҳаётда ҳам шундай ҳаёт тарзи ҳукм сурган. Бундай бошлиқлар баъзан аёллардан ҳам сайланган”.

Л.Гумилёвнинг илмий

тадқиқотларидан

“ГИННЕСНИНГ

РЕКОРДЛАР КИТОБИ… ЎЗБЕК ҚИЗИ ҲАҚИДА”

– Орзуларим кўп… Мен Гиннеснинг рекордлар китобида ўзбек қизининг ҳам номи қайд этилишини истайман. Бу фақат истак эмас, астойдил ҳаракат қиляпман. Аввал Нексия русумли автомашинанинг биттасини тортиб юрғаздим. Ҳозир эса бундай автомашиналардан бирваракайига тўрттасини ўрнидан силжита оламан. Айни кунда бир нечта вагондан иборат поездни тортиш учун машқ қиляпман. Айнан мана шу ишим билан янги рекорд ўрнатиш орзусидаман.

“Кўкалдош олп туриб айтди:

Ўзбек қизининг дами баланд экан: Кўкамон! Тушиб судраб чиқ бу ёққа! “Кўкамон олп отдан тушиб, отни уйининг бедовига илдириб, боҳона қимиз сўраб аламзада бўлган уйнинг ичкарисига кирди. Барчиннинг канизлари қўрқиб, уйнинг тўрига тўпланиб турган эди. Барчин ибо қилиб, тескари қараб туриб эди, Кўкамон олп Барчиннинг бурумидан ушлаб, пойгага қараб торта бошлади. Барчин ўзини ўнгариб, қўлини узатди, бир қўли Кўкамоннинг ёқасига етди, бир қўли билан белбоғидан тутди-ю, “Ё пирим!” – деб кўтариб, чалқараман қилиб ерга қўйди. Чап тиззасини кўкрагига қўйиб турди. Кўкамоннинг оғзи-бурнидан драк-драк қон кета берди. Кўкалдош алп туриб айтди: – Кўкамонга қаранглар, у нимага чиқмади?

Бирови келиб, от устидан қараб, Кўкамонни кўриб: – Э, ўзбекнинг қизи Кўкамонни босиб ўлдириб қўйибди, – деди.

Бу сўзни эшитиб, бир кам тўқсон олп отдан ўзини ташлайберди”.

“Алпомиш” достонидан

ВАТАН…

– Уни таърифлашга уринсам бўғзимга нимадир тиқилиб келади… Таърифи бемислдир, сўзлар билан ифодалашга ожизман, – дейди Муҳтарам.

Чегарачи аёлнинг онаси Маҳбуба опа қирқ йил давомида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берган. Муаллимлик – фидойилик демак. Муҳтарам фидойи муаллиманинг фидойи қизидир. Онаси каби вазмин, ножоиз сўз айтмаслиги. Ўйлаб гапириши ҳам унга ўхшайди. Шундай бўлса-да, у кўпроқ отаси ҳақида гапиради:

– Отам бўш вақтларида боғда дарахтлар парвариши билан банд бўлардилар. “Яхшидан боғ қолади” деган гапни кўп такрорлардилар. Мен ҳам бўш вақтларимда шундай ишлар билан шуғуллангим келади. Худди отам каби гулларга, дарахтларга меҳрим баланд. Боғ яратишни орзу қиламан, режалар тузиб қўйганман. Келгуси йили қирқ ёшга тўламан. Боғ яратиш орзуим айни амалга ошадиган палла. Қирқта мевали дарахт кўчати ўтқазиб, парваришлашни ният қилиб қўйдим. Бу боғ болалар майдончасининг олдида бўлса дейман. Умр инсонга бир марта берилади. Шундай экан, инсон ўзидан яхши из қолдирмоғи лозим. Умримни хайрли ишларга сарфлаб, уни мазмундор ўтказсам, дейман.

Яна ўқинг:  Мухбирнинг дам олиш куни: меҳрнинг уволи бўладими?

“Қадимда малика Семирамида ҳукмронлиги давридан қолган ёзувда бир аёл қудратининг нечоғлик юксаклиги шундай ифодаланади: “Мен дарёларни ўзим хоҳлаган томонга оқишга мажбур этдим, мен уларнинг фойдали бўлган жойларгагина оқишини истардим. Мен ҳосилсиз ерни дарёларим суви билан суғориб, серҳосил қилдим…”

Қадимги ёзма манбалардан

Дарҳақиқат, аёл қўллари мўъжизакор кучга эга. Фарзандлар ўстириб, авлодлар давомийлигини таъминлагани каби, қақраган ер юзини очиб, ўлик заминга абадият тириклигини бағишлайдиган ҳам аёлдир.

Инобат ИБРОҲИМОВА,

Баҳром АБДУРАҲИМОВ олган суратлар.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: