РАВШАН ЭРМАТОВ – 2015 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲАКАМИ!
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири – “Globe Soccer Awards – 2015” совринини қўлга киритди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этилган маросимда “Globe Soccer Awards – 2015”нинг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди. Мазкур тақдирлаш маросимида ҳамюртимиз Равшан Эрматов “Йил ҳаками” номинациясида ғолиб чиқди ва ортда қолаётган йилда жаҳоннинг энг етакчи рефериси деб топилди.
2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларни бошқариб келаётган Р.Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли турнирларда ҳакамлик қилди. Ўзбек ўғлони 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб топилди. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этди. Унинг ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашувни бошқариб, дунё рекордини ўрнатди.
Равшан Эрматов Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ 2010 йили “Ўзбекистон ифтихори”, 2014 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда дзюдо бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда ҳамюртимиз Эркин Дониёров бронза медалга сазовор бўлди.
Т.ОРТИҚОВА