ОЛИСИМИЗ ЯҚИН, ОҒИРИМИЗ ЕНГИЛ

Юртимизда ишлаб чиқарилган автобус пойтахт кўчалари кўркига кўрк қўшмоқда

Шаҳримиз кўчаларида кун сайин янгидан-янги русумдаги автоуловлар қатнови кўпаймоқда. Айниқса, аҳолига хизмат кўрсатаётган жамоат транспортлари тобора қулайлашиб, хизмат сифати яхшиланмоқда. Мисол учун куни кеча “Чорсу – Авиасозлар АШБ” йўналишида қатновчи янги “МAN” автобусга кўзим тушди. Унинг салонини кенглиги, юмшоқ ўриндиқлар мавжудлиги ҳамда кам ёнилғи сарфлаши билан ҳар томонлама қулай. Ҳозирда синов жараёнлари олиб борилмоқда. Кутилган натижага эришилгач, кўплаб шундай автобуслар йўловчилар хизматига шай бўлади. Энг қувонарлиси, “МAN” автобуслари ўзимизда яъни, Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқариляпти.

Осойишталик ҳукм сураётган юртда тараққиёт кенг қулоч ёзади. 1994–1998 йилда “Mercedes-Benz” автобуслари 276 донани ташкил этган бўлса, бугунга келиб 600 та“Mercedes-Benz Conecto Low Floor” ҳамда 600 та “Isuzi” автобуслари аҳоли учун хизмат қилмоқда. Битта автобуснинг нархи 137, 5 минг еврони ташкил этади.

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси (АК)нинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан ҳар куни ўртача 1 миллион 234 минг 255 нафар фуқаро фойдаланади. Шундан 793 минг 370 нафар автобус, 42 минг 541 нафари эса трамвай, 154 минг 696 нафари метрополитен, уларнинг 157 минг 458 нафари йўналишли такси ва 86 минг 190 нафари компания таркибига кирувчи таксилар хизматидан фойдаланишади. Айни пайтда пойтахтимизда 157 йўналиш бўйлаб 1, 3 мингга яқин автобус ва трамвайлар ҳаракатланмоқда.

Бу автоуловларнинг ҳаракатланиш тизимини бошқариш, назорат қилиб бориш анчайин қийин муаммо. Соҳа ходимлари бу борада қандай чора-тадбирларни амалга ошираётган экан?

– Йўловчи ташиш транспорти тизимини бошқариш, жамоат транспорти қатнови графиклари ва интервалларига қатъий риоя этишни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, ҳаракатланадиган таркибнинг қатновини “он-лайн” тартибида масофадан туриб назорат қиладиган (GPS) тизими жорий этилган, – дей­ди “Тошшаҳартрансхизмат” АК бош мутахассиси Фарҳод Ниғмонов – Бу тизимнинг афзалликлари шундан иборатки, транспортни иш куни бошланганидан то якунига етгунига қадар сунъий йўлдошли навигация ёрдамида назорат қилиш мумкин, ҳайдовчида қоидабузарлик­лар, эҳтимолий хавф ёки йўлдаги тўсиқлар туфайли йўналишни ўзгартириш зарурати ҳақида ўз вақтида хабар бериш имконияти мавжуд. Шунингдек, масофадан туриб двигателни ўчириш ва эшикни ёпиш мумкин.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар (2015-46)

Бундан ташқари, GPS-мониторинг тизими диспетчерларга йўллардаги фавқулодда ҳолатларда тез ҳаракат қилиш, тирбандлик ёки ҳайдовчининг эътиборсизлиги туфайли кечикиш сабабларини аниқлаш, транспортларни йўналишлар бўйича тенг тақсимлашда қўл келади.

Албатта, янгидан-янги технологиялар шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ва буларнинг барчаси инсон манфаатлари учун хизмат қиляпти. Мустақиллик йилларида нафақат автобус балки, электротранспорт парки ҳам тубдан янгиланди. Ўтган йилларда янги трамвайлар сотиб олиниб, йўловчи ташиш соҳасига йўналтирилди. Ўртача 140 нафар кишига мўлжалланган юмшоқ ўриндиқлар, кенг ва шинам салон йўловчиларга манзур бўлмоқда.

1994–1999 йилларда Тошкент шаҳрига 90 дона “ТАТА” русмли трамвай вагонлари келтирилган эди. 2011–2013 йилларда эса Чехияда ишлаб чиқарилган 20 дона янги трамвайлар харид қилинди.

– Транспорт воситалари узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилади, – дейди йўловчилардан бири Феруза Шаропова. – Эрта тонгдан ишга отланаман ҳар 10 дақиқада кетма-кет автобус ҳамда трамвай юради. Ёки бўлмаса метро хизматидан фойдаланаман. Йўловчиларга яратилаётган қулайликлардан барчамиз мамнунмиз.

Дарҳақиқат, метрополитен бекатларининг гўзаллиги хорижлик меҳмонлар томонидан ер ости мўъжизаси дея эътироф этилмоқда. Мус­тақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида янгича дизайндаги метро вагонлари аҳолига хизмат қилиш учун ишга туширилди. Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенида 192 та вагондан фойдаланилмоқда. Метрополитен бекатлари ҳамда вагонлар йўловчилар хавфсизлиги учун видеокузатув тизими билан жиҳозланган.

Шу ўринда соҳада олиб борилаётган янгиликларга тўхталсак. Шаҳар атрофи йўналишларининг охирги тўхташ жойларини Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб жойлаштириш, жумладан, “Бахт” (Олмалиқ йўналиши), “Тузель” (Тузель йўналиши), “Аграр университет” (Учқўрғон йўналиши), “Уч қаҳрамон” (Чимкент йўналиши), “Келес” (Келес йўналиши), “Бешқайрағоч” (Назарбек йўналиши), “Эркин” (Чиноз йўналиши), “Чоштепа” (Янги­йўл-Зангиота йўналиши) автостанцияларини қуриш, “Қўйлиқ Ц-1” (Бекобод йўналиши) автостанциясини реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун пойтахт кўчаларида ҳар жиҳатдан кўркам ва замонавий, қулай автоуловлар фуқароларга хизмат қилмоқда. Йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Транспорт воситаларида малакали ҳайдовчилар йўловчиларнинг ўз манзилига хотиржам етиб боришларини таъминламоқда.

Юрт фаровонлигини юксалтириш, турмуш ва меҳнат шароитларини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бу имкониятларнинг барчаси мустақиллик, иқтисодий эркинлик, тинчлик ва осойишталик туфайли қўлга киритилмоқда. Шундай экан, бундай неъматларнинг қадрига етиб, катта маблағлар эвазига келаётган транспорт воситаларидан унумли ва оқилона фойдаланиш, уларни узоқ вақт хизмат қилишини таъминлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Яна ўқинг:  Маҳалла институти фаолияти такомиллашмоқда

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: