Ташаббускор ва фаол
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Тошкент шаҳар Кенгаши ва “Аёллар қаноти” ҳамкорлигида “Камолот” ЁИҲ марказий Кенгашида “Партиянинг оқила аёли” кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, эркин фаолият олиб бориши учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Бугун ўзбек аёли ўзининг истеъдоди, оқила ва ташаббускорлиги билан ҳар бир соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан ҳам хотин-қизларнинг жамиятни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнидаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, ибратли тажрибаларини оммалаштириш ҳамда профессионал маҳоратини юксалтириш юзасидан қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Партиянинг оқила аёли” танлови ташаббускор, фаол хотин-қизларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Танловда 11 нафар аёл ўзаро баҳслашди. Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг касб маҳорати, оила ва жамиятдаги ижтимоий мавқеъи, юрт тинчлиги, Ватанга бўлган муҳаббати ҳамда оналик меҳрини тараннум этган бадиий чиқишлари, етакчилик ва нотиқлик маҳоратини баҳолашди. Иштирокчиларнинг ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, тарғибот ишларини олиб боришдаги фаоллиги синовдан ўтказилди.
Малоҳат НАЗАРОВА