ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга

Юртимизда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мазкур йўналишдаги фаолиятларни тартибга солиш, аҳолимизни бир қатор конституциявий ҳуқуқлари, шу жумладан, истеъмолчи ҳуқуқлари, яъни ташкилий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси кучайтирилмоқда.

Бугунги кунга келиб мазкур соҳа “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан янада мустаҳкамланиб, қонуний тартибга солинмоқда. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга дахлдор бўлган давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатларини бирлаштирувчи 1997 йилда қабул қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосий аҳамият касб этмоқда. Шу билан бир қаторда, савдонинг глобаллашуви ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда унга ишлов бериш саноатида замонавий технологиялардан фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган янги стратегик йўналишларни талаб этмоқда.

Бу ҳақда, мева ва узум, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича мамлакатимизда тўпланган йирик тажриба ва салоҳият ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдаги халқаро глобал муаммолар ва уларни ҳал этишда Ўзбекистоннинг улушини кенгайтириш имкониятлари билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш мақсадида 2014 йилнинг 6 июнида Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Мазкур нуфузли анжуманда Юртбошимиз ўз маърузасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар – озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтган эди.

Ҳозирги кунда республикамизда 10 мингдан зиёд озиқ-овқат саноатига ихтисослашган корхоналар фаолият кўрсатмоқда ва улар йилига 3, 5-4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Улар томонидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавот ва гўшт-сутни қайта ишлаш кескин ортаётганлигини кузатишимиз мумкин.

Мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1, 3 баробарга, сут ва сут маҳсулотлари истеъмоли 1, 6 баробарга, саноат усулида қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмоли деярли 4 баробарга ортди.

Яна ўқинг:  МИТТИ НАСОС

Бу ҳолат аҳолининг яшаш шароитлари тобора яхшиланиб бораётганлигидан далолат беради. Умуман олганда ишлаб чиқарилаётган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми эҳтиёж ҳажмига нисбатан анча кўп. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланганлигининг ифодасидир. Бугунги кунда озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан 3 мингдан ортиқ номдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, маҳсулот турлари сони эса ҳар йили 80-90 тага ошмоқда.

Қайд этиш лозимки, аҳолининг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга, касалликларнинг олдини олишга, шунингдек, тиббиёт фани талабларига мувофиқ аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайдиган шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида 2015 йил 25 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари ва соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан “Озиқ-овқат маҳулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг жойларда ижроси юзасидан мавжуд йиғма материаллар ва унинг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан номутаносиб ёки мувофиқ келмаган нормалари таҳлили ҳамда хориж қонунчилиги амалий тажрибаси ўрганиб чиқилди.

Ўтказилган таҳлилий ўрганишлар натижасида “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

қонун матнида ишлатилган тушунчалар маъноларини очиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларда қўлланилган атамалар маъноси билан ўзаро уйғунлаштириш, шу билан бирга халқаро тажриба ва “Алиментариус кодекси” тавсиясини инобатга олган ҳолда “озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги”, “озиқ-овқат маҳсулоти сифати” тушунчаларини янада теранроқ талқин этиш, “генлари модификацияланган организмлар” тушунчасини киритиш, “гигиеник сертификат” атамасини “санитар-эпидемиологик хулоса”га алмаштириш назарда тутилган;

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда қилган маърузасига асосан ва халқаро тажриба, истеъмолчилар соғлигини ва болалар ҳамда беморларни ГЎМ (гени ўзгартирилган маҳсулотлар) зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга бағишланган расмий илмий мақолалар асосида генлари модификацияланган организмлар орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш бўйича қонуннинг 6-моддасига тегишли қўшимчалар киритилмоқда;

Яна ўқинг:  Фарзанд ила тугал эрур бахтимиз

– “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси талаблари асосида лойиҳада 7-модда “Озиқ-овқат маҳсулотини, уни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва у билан савдо қилишга мўлжалланган технологиялар, ускуналар, буюмлар ва воситаларни сертификатлаш” номига ўзгартирилмоқда;

– халқаро ташкилотларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича талаблари билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини мувофиқлаштириш заруриятини ҳамда 2015 йил 25 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 102-сонли қарори ижроси асосида “Биологик (органик) маҳсулот” маркировкасини жорий этиш ишларини инобатга олиб қонуннинг 12-моддасига “Озиқ-овқатларни қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш”га қўшимчалар киритилади;

– 14-модда “Озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилиш” (тўртинчи қисм) “Қуйидаги ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилишга йўл қўйилмайди: (учинчи сўз боши) – яроқлилик муддати ёки реализация қилиш муддати тугаган бўлса, қайсики, амалиётда тез бузиладиган алоҳида маҳсулотлар турига реализация қилиш муддати ўрнатилади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини қабул қилиш амалиётдаги мавжуд номутаносибликларни бартараф этади. Ишлаб чиқарувчилар ва соҳага ваколатли органларнинг жавобгарлик масъулиятини оширади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мўътадил шарт-шароитлар яратилишига олиб келади.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: