Устознинг бахт қўрғони

Устоз – ҳамма ерда ва ҳар вақт устоз. Юртимиз зиёлилари орасида домла ҳақида сўрасангиз уни танийдиганлар минглаб топилади. Бу фидоий инсон педагогик фаолиятини Тошкентдаги 81-ўрта таълим мактабида бошлаган. Омонулла Мадаевнинг шогирдлари устоз ҳақида кўзлари ёниб, ёшлик, ўқувчилик ёки талабаликни эслатувчи кўплаб ёрқин хотираларини айтиб беришади. Юртимиздаги не-не шифокорлар, тиббиёт ходимлари ҳам (бошқа ўнлаб касбдагилар қатори) домла Омонулла Мадаевни ўзларига устоз, деб биладилар.

Кексаликнинг ўзига хос кўрки бор, албатта. Бу кўркдан жўшқинлик ва эҳтирос эмас, балки вазминлик, донолик ва тафаккур уфуриб туради. Бу давр кимда қандай кечади, лекин камтар домламиз учун айни ҳосил йиғиладиган ажиб пайт. Бу ҳосил домланинг қарийб 57 йиллик ўқув, илмий-методик фаолиятидаги минглаб талаба, юзлаб шогирд, юздан ортиқ ёзилган илмий-методик мақолалари, неча-неча дарсликлари кўринишидадир. Яна тўрт фарзанд орқали топилган 11 невара, 5 нафар эвара ҳам домланинг ҳаёт ҳосили, деб айта оламиз.

Инсонннинг моҳияти унинг ишларида, хатти-ҳаракатларида акс этади. Домла ўнлаб шогирдларининг филология фанлари номзоди бўлишга ва яна ўнлаб фан номзод ва фан докторларининг докторлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилиб келмоқда.

Одатда доно одамнинг хислати уч нарсада намоён бўлади: биринчиси, бошқаларга берган маслаҳатига ўзи амал қилади; иккинчиси, ҳеч қачон ҳақиқатга қарши бормайди ва учинчиси, ўз атрофидаги одамларнинг нуқсонларига сабр-тоқат билан чидайди. Бу ҳикмат айнан Омонулла Мадаевга тегишли, деб ўйлайман.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети талабалари билан юртимизнинг турли вилоятларига фольклор экспедициясига (профессорлар Муҳаммаднодир Саидов, Ёрмат Тожиев ва бошқалар билан) борардик. Сурхондарёда бир талаба қизимиз дугонасидан хафа бўлиб Бойсун тоғидаги девордек тик қояга чиқиб кетди. Бир вақт қарасам Омонулла Мадаев бир сония ҳам ўйламай, унинг ортидан ўша қояга чиқиб кетяпти. Жуда қўрқдим. Чунки, қоянинг тиклиги ҳаёт учун жуда-жуда хавфли эди. Югуриб бориб, у кишининг оёқларидан ушлаб олиб, қўйвормадим. Устоз ортга қайтишга зўрға кўнди. Қоядан ўша қизни ҳам пастга тушишга амаллаб кўндирдик. Кечқурун домла иккимиз хафалашиб қолган талаба қизлар билан алоҳида суҳбат қилиб, ўртадаги низони бартараф этдик. Омонулла домла кўп манфаати тарозининг бир палласига қўйилса ёки талаба, ҳамкасблари мушкул аҳволга тушиб қолган кезлари на ўзини, на маблағини аямаганлар. Фольклор экспедицияларида меҳридарё устоз отадек меҳрибон, дилкаш суҳбатдош, ҳазилкаш инсонга айланиб, талабаларни ҳайрон қолдирса, дарсларда эса ўша қаттиққўл домла Мадаевга айланади.

Яна ўқинг:  “WI-FI” ТАРҚАТУВЧИ ЧИҚИНДИ ҚУТИЛАР

Устоз Омонулла Мадаев юртимизнинг етук фольклоршунос ва етакчи методист олимларидан биридир. Ўттиз бешдан ортиқ дарслик, методик қўлланма, таржима адабиётлар, юздан ортиқ илмий-методик мақола, АҚШнинг Филодельфия штатида рус тилидаги радиоэшиттиришида (аудиодиск юбориш орқали) чиқишлар қилган. Оммавий чиқишларда доимо ўзбек фольклори тарғиботчиси сифатида ўзбек менталитетининг нозикликлигини бетакрор суҳбатлари орқали тушунтириб бормоқда.

Устознинг бахт қўрғони мустаҳкам. Оиласи ҳар ким ҳавас қилса арзигулик. Умр йўлдоши – Муҳаббат опа билан бамаслаҳат ва ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб келяпти.

Унинг икки ўғил, икки қизи бор. Шукурким, фарзандларидан оқил фарзанд бўлиб улғайишди. Барчаси эл-юрт хизматида. Бири тажрибали ҳуқуқшунос, яна бири иқтисодчи. Қизлари эса фалсафа фанлари доктори.

Домланинг самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб келмоқда: “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Дўстлик” ордени соҳиби. Севимли адибимиз – Шукур Қурбоннинг “Омонулла Мадаев сабоқлари” номли асарида домланинг ҳаёти ва ижоди атрофлича ёритилган.

Устозимиз Омонулла Мадаевга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилада фаровонлик, биздек шогирдлари, ҳамкасблари, фарзандлари, невара-чеваралари, дўстлари, қариндош ва маҳалладошлари, барча талабалари бахтига ОМОН бўлишларини тилаб қоламиз.

Нодира ДЎСТХЎЖАЕВА,

филология фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: