Миннатдорлик мактуби (2015-40)
Мактабни тамомлаб, дўстларим билан мустақил ҳаётга учирма бўлдик. Таълимни давом эттириш мақсадида кимдир тиббиёт коллежини танлаган бўлса, яна кимдир моҳир дизайнер бўлиш истагида. Хуллас, ҳар биримизнинг мақсадимиз аниқ ва келажакдаги йўналишларимиз белгилаб олинган. Мен ҳам ўзим орзу қилган Тошкент Молия ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлиш бахтига мушарраф бўлдим.
Бино қуришда аввало унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши лозим. Шунда қурган иморатингиз узоқ йиллар давомида мустаҳкам туради. Худди шундай, билим олишда ҳам бошланғич тизимнинг, аниқроғи мактабнинг ўрни беқиёс. Зеро, “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир”, деб бежиз айтишмаган. Коллежда ўтилаётган дарсларни ўзлаштириш, танлаган йўлимда оғишмай боришимда менга мактабдаги ўқитувчиларимнинг берган таълими жуда катта ёрдам бермоқда. Яқинда бўлиб ўтган тадбирда фаол иштироким учун коллеж маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирландим. Бунда, шубҳасиз, Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 322-умумтаълим мактабида фаолият юритаётган бир-биридан меҳрибон ва билимдон устозларимнинг ўрни беқиёс.
Бугунги “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан узоқ йиллардан буён ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган 322-умумтаълим мактаби маъмурияти ва устозларим Майсара Ҳаттобова, Дилфуза Аширматова, Дилмира Абдумажидова ҳамда Азиза Аҳмедоваларга чексиз миннатдорлик изҳор қиламан. Сизлар берган билимни оқлаб ҳамиша юзингизни ёруғ қилишга, она Ватанимга нафи тегадиган фидойи инсон бўлишга барча мактабдошларим қатори мен ҳам ваъда бераман. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
Азизахон МАҲМУДОВА,
Тошкент Молия ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси
Инсон бор эканки, оиласи тинч, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлишни истайди ва шунга интилади. Юртимиз тинчлиги ва осуда турмушимиз ҳар бир фуқаро ҳаётининг фаровонлигини таъминлайди. Мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш суръатининг жадал юксалиши, соғлом рақобатнинг вужудга келиши, аввало, шу юртда истиқомат қилаётган фуқароларга бир қанча қулайликлар яратади. Бу яхши албатта. Зеро, бундан маҳсулотларнинг сифати хорижда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан сира қолишмайди, нархи ҳам ҳамёнбоплиги барчага манзур.
“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, афсуски, баъзида ўз ишига қўл учида қарайдиган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Мен пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган юмшоқ мебеллар ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг биридан юмшоқ мебель харид қилган эдим. Аммо маҳсулот бир ой ўтмасдан ўз сифат даражасини йўқотди. Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбарига бир неча бор қилган мурожаатим эса ҳар сафар жавобсиз қолди. Сўнгра туман Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилдим. Мазкур муассасанинг жонкуяр ходимлари мурожаатимни беэътибор қолдиришмади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мушкулим осон бўлди. Корхонадан кўрилган зарарим тўлиқ ундирилиб берилди. Бу эса юртимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқи қонун ҳимоясида эканлигидан далолатдир.
И. УМАРОВ,
Жиззах вилояти