БЕТАКРОР ВАТАНИМИЗНИНГ БУЮК БАЙРАМИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Мустақиллик бу, аввало, ҳуқуқ – ўз юртининг эгаси бўлиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, озод ва бахтли яшаш ҳуқуқидир.

Мустақиллик бу – эркинлик. Фикрлаш, сўзлаш, эътиқод қилиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, касб танлаш, меҳнат қилиш ва орзу-интилишларни амалга ошириш эркинлиги.

Мустақиллик бу – ўзлик. Ўз қадр-қимматини англаш, аждодларини таниш ва улуғлаш, ўз инсоний шаънини, ор-номусини баланд тутиш, жаҳон ичра ўз ўрнига эга бўлиш саодати.

Мустақиллик бу бунёдкорлик, инсон меҳнатини қадрлаш, рағбат, эътибор ва яна кўпдан-кўп имкониятлардир.

Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, мустақиллик, бугунги эркин ҳаёт, бугунги беқиёс имконият ҳар қайси миллат, ҳар қайси авлод тарихида фақат бир марта бериладиган улуғ ва ноёб неъматдир.

Шу боис халқимиз Мустақиллик кунини энг улуғ, энг азиз айём, деб билади. Бу тарихий санани катта шоду хуррамлик билан байрам қилади.

2015 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, унга туташ хиёбонлар, йўллар ва бинолар байрамона безатилган. Гуллар таровати, чироқлар шуъласи атрофга ажиб гўзаллик бахш этган. Рангин байроқчалар майин тебранади. Хушсурат ва хушкайфият одамлар муаззам майдон томон ошиқади.

Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ташриф буюрган. Ҳамма бир-бирини байрам билан табрик­лаб, дилдан суҳбат қурмоқда.

Соат 19. 00. Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсак­лар билан кутиб оладилар.

Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.

Президент Ислом Каримов минбарга таклиф этилади.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги билан халқимизни муборакбод этади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлади. Бу манзарага боқиб юрак тўлқинланади, ғурурга тўлади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Рес­публикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу айёмга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилди. Халқимиз бу кунни янги муваффақиятлар ва янги умидлар билан кутиб олмоқда. Юртимиз гўзаллиги ва тараққиётига боқиб, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” дея хурсандчилик қилмоқда.

Зеро, хурсанд бўлиш учун барча асос­ларимиз бор – мамлакатимиз тинч – осойишта, шаҳару қишлоқларимиз обод ва фаровон, одамларнинг кайфияти кўтаринки, хонадонлари файзу баракали, дастурхони тўкин, эртанги кунга ишончи мустаҳкам. Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлидан дадил бормоқда.

Давлатимиз мустақилликка эришган вақтда чуқур иқтисодий-ижтимоий бўҳронлар гирдобида бўлишига қарамай фақат бугунини ўйламади. “Шок терапияси” деган, аҳоли ҳаётини, иқтисодиётни ўз оқимига ташлаб қўядиган таваккал ва осон йўлларни изламади. Қийин, аммо узоқ истиқболга мўлжалланган вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ўзига хос йўлни танлади.

Бу йўл Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва халқимиз қўллаб-қувватлаган, дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган тараққиёт стратегиясидир. Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий шароити, миллий-демографик хусусиятлари, жаҳон тажрибаси ва демократия талаблари аниқ баҳоланган ушбу моделнинг ғоят тўғри ва самаралилигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти 5, 5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани мазкур модель асосида босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.

Яна ўқинг:  Дунё эътирофидаги дилбар шахс

Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган автомобилсозлик, моторсозлик, нефть ва газни қайта ишлаш, замонавий техникалар ишлаб чиқариш каби юқори технологияли саноат тармоқлари иқтисодиётимизнинг локомотивига айланди. Озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари корхоналарида амалга оширилган модернизация ва диверсификация ишлари уларга қайта жон бағишлади. Бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжини тўла таъминлаб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

Глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига, жаҳон бозорида рақобат тобора кескинлашиб бораётганига қарамай, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кейинги ўн бир йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани, бу йил ҳам шундай ўсиш суръатлари кутилаётгани иқтисодиётимизнинг барқарор равнақ топаётганини кўрсатади.

Халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилаётган бундай ютуқ ва марраларни бутун дунё тан олмоқда. Халқаро эксперт ташкилотлари, нуфузли рейтинг компаниялари юртимиз ривожининг бугунги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳоламоқда.

Яқинда Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми – “World Economic Forum” иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Жаҳон банкининг “Глобал иқтисодий тараққиёт” прогнози асосида тайёрланган мазкур маълумотда Ўзбекистон 2014–2017 йилларда йиллик ўсиш даражаси юқори бўладиган давлатлар орасида 5-ўринни эгаллади.

… Саҳнага болакайлар чиқиб келади. Майдон шўх-шодон кулгуга тўлади. Улар мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, қалби ва онги тоза авлод. Уларнинг юз-кўзларида қувонч, дилларида олам-олам орзулар. Куй-қўшиқлари ҳам шунга монанд – бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақида.

Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки кунларидан фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт, деган эзгу ғояни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Ўтган йилларда бу олижаноб мақсад йўлида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун барча зарур шароитлар яратилди. Замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари, тиббиёт ва соғломлаштириш масканлари ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Фарзандларимиз камолоти халқаро мусобақаларда яққол намоён бўлаётир. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 61 медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини яна бир бор исботлади.

Ёшларнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мактабни тамомлаган ўғил-қизлар ўрта махсус таълим тизимига, лицей ва коллеж битирувчилари иш ва ўқишнинг кейинги босқичларига тўлиқ қамраб олинмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили бир миллионга яқин иш ўрни ташкил этилмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид дастурларга мувофиқ, ёш оилаларга “Камолот” уйлари топширилмоқда. Бу уларнинг оёққа туриб олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва фарзандларини баркамол этиб тарбиялаши учун рағбат, катта мадад бўлмоқда.

Навбат жаҳон классик мусиқаларига берилади. Юртимиз санъаткорларининг турли тиллардаги қўшиқларни маромига етказиб ижро этиши байрам қатнашчилари ва чет эллик меҳмонларга манзур бўлади. Мамлакатимиз миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигида ривож топаётганини намоён этади.

Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилган. Жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити қарор топган.

Шундай барқарорлик сабаб мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора ошиб бормоқда. Энг ривожланган давлатлар, дунёга донғи кетган фирма ва компаниялар юртимиз билан ҳамкорликка интилмоқда.

Бугун Ўзбекистон 130 дан ортиқ давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Тошкентда 45 мамлакатнинг элчихонаси, йигирмага яқин халқаро ташкилот ва молиявий муассаса ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатларда, халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистоннинг 50 га яқин дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилган.

Яна ўқинг:  Эр йигит эл кўнглини обод этади

… Майдонда Ватан ҳимоячилари саф тортади. Уларнинг қадамлари зарби юракларни ларзага солади. Мустақиллигимиз қалқонлари ҳарбий оркестр садолари остида “Тинчлигинг асраймиз, муқаддас Ватан!” дея куйлайди.

Тинчлик – тараққиётнинг асосий омили. Тинчлик-осойишталик бўлган жойдагина ривожланиш бўлади, одамлар бунёдкорлик, яхшилик истаги билан яшайди. Мамлакатимизда ана шу омилнинг доим барқарорлиги туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда.

Ўзбекистон бугун ўзининг куч-қудрати ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, халқининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаган, тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этаётган том маънода мустақил мамлакатдир.

Бунинг асоси, замини Президентимиз томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсатдир. Давлатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатларнинг устуворлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади. Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди.

Юртимиздаги тинчлик-осойишталик туризм соҳаси ривожида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий туризм инфратузилмаси ва юқори сифатли хизмат дунё сайёҳларини ўзига жалб этмоқда.

2014 йил октябрда Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтди. Бу юртимизда барча соҳалар изчил ривожланаётгани, халқаро майдонда мамлакатимиз обрўси тобора ошиб бораётганининг яна бир далолати бўлди.

Ўша ойда Урганч шаҳрида яна бир йирик анжуман – “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унинг натижалари Оролбўйидаги экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтириш, ушбу ҳудуд аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашда алоҳида аҳамият касб этди.

“Ким эдигу ким бўлдик?”. Бу савол байрам дастурининг асосий концепциясини ташкил этади. Мониторларда намойиш этилаётган ҳудудлардаги ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, меҳнатсевар юртдошларимиз сиймоси, фаровон бозорларимиз, тинч-осойишта ҳаётимиз мазкур саволга жавоб бўлади. Айни пайтда эртага ким бўлишимиз, қандай марраларни эгаллашимизга ишонч туғдиради.

Мамлакатимиз ривожлангани сари аҳолининг ҳаёт сифати ва даражаси ҳам тобора юксалиб бормоқда. Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан йирик шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилмоқда. Янгидан-янги маданият ва спорт саройлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим ва тиббиёт мажмуалари ҳудудлар чиройига чирой қўшмоқда.

Энг муҳими, бундай ишлар самарасида инсонларнинг яшаши, меҳнат қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Аҳолининг замонавий хизмат ва товарлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Қишлоқларимизда барпо этилаётган замонавий уйлар оилалар фаровонлигини юксалтирмоқда. Одамлар обод уйларда, файзли маҳаллаларда сифатли ҳаёт кечирмоқда. Бундай замонавий шароитлар уларнинг онгу тафаккурини, дунёқарашини ўзгартирмоқда. Бу “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган тамойилнинг амалдаги ёрқин ифодаларидир.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида жаҳонда 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллагани ҳам бежиз эмас.

Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилингани инсонга эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида бугунги тинч ва обод ҳаётимизни барпо этишга хизматлари сингган, уйимизнинг файзи бўлган мўътабар кексаларимизнинг оғирини енгил қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, муносиб ҳаёт кечиришлари учун кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Соғлом бола – оила ва юрт қувончи

– Юртбошимизнинг инсон бахт учун дунёга келади, деган жуда зўр гапи бор, – дейди сурхондарёлик Жума ота Тошпўлатов. – Бугун халқимизнинг уй-жойи, яшаши, орзу-интилишларига қараб, бу даъват одамлар қалбидан чуқур жой олгани, уларнинг тафаккури, турмуш тарзи ўзгарганини кўриш мумкин. Илгари “бизга бўлаверади” деб юраверган эканмиз. Бундай бахтли ҳаёт ҳам бор экан. Ҳар бир соҳада ўзгариш, ривожланиш, одамларнинг уйида, дилида хотиржамлик. Бу мана шу тантаналар шукуҳида ҳам яққол кўриниб турибди. Шундай кунларга етказганига шукур. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳилчилик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!

… Халқ термалари байрамни янада қиздиради. Ватанни, севги ва садоқатни, бугунги дориломон кунлар шукуҳини мадҳ этувчи қўшиқлар янграйди. Саҳна атрофи ва минораларга ўрнатилган юзлаб ёритгичлар нури ҳавода кесишиб, ранг-баранг композициялар ҳосил қилади. Бу байрам томошасига янада кўтаринкилик, ўзгача жозиба бағишлайди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ улкан сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди, Конституциямиз ва қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунинг самарасида сайловларнинг халқаро нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базаси шаклланди.

2014 йил 21 декабрда Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар ана шундай ривожланган шароитда, демократик принципларга тўла мос равишда ўтди. Унда сайловчиларнинг 88, 9 фоизи иштирок этди. Бу халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳисси, сиёсий партияларнинг обрў-эътибори янада ошганини кўрсатди.

2015 йил 29 мартда яна бир муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Миллий қонунчилигимиз ва демократия принципларига тўла мос равишда, очиқ-ошкора ўтган ушбу тадбирда сайловчиларнинг 90, 39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Каримовга овоз берди. Бу Ислом Каримовнинг мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳаёт сифатини юксалтириш борасидаги беқиёс хизматларини халқимиз муносиб баҳолаши, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришни қўллаб-қувватлашининг далолати бўлди.

– Ўзбекистон гўзал мамлакат, табиати ҳам, одамлари ҳам ажойиб, – дейди Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен. – Халқингизнинг байрамлари байрамларга уланмоқда. Куни кеча “Шарқ тароналари” фес­тивали юксак савияда ўтди. Бугун мамлакатингиз Мустақиллиги байрами шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Мен бу байрамда илк бор иштирок этмоқдаман. АҚШ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Ўзаро алоқаларимиз бундан буён янада тараққий этишига ишонамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан муборакбод этаман, бахт-саодат тилайман!

Байрам авжига чиқади. Шўх-шодон куйлар янграйди. Ҳамма ич-ичидан шодланиб, жўшиб рақсга тушади. Бу хурсандчилик, шодиёнада бутун халқимизнинг кайфияти намоён бўлади. Зотан ҳаётидан рози, эртасидан кўнгли тўқ одамларнинг юрагига ўйин-кулгу сиғади. Тинч ва фаровон элга мана шундай байрамлар ярашади.

Қалблардан тошаётган ҳаяжон мисоли самода ранг-баранг мушаклар порлайди. Унинг нури одамлар юзини, бутун пойтахтимизни ёритиб юборади. Ёғдуларга боқиб дилда ёруғ ниятлар туғилади:

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Эзгу мақсад ва орзуларимиз рўёбга чиқсин!

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: