МУСТАҚИЛЛИКНИНГ ҚУТЛУҒ САОДАТИ
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган сўзлар бугун ҳар биримизга ғурур-ифтихор, куч-қувват бағишлайди. Эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлайди. Зеро, Мустақиллик – тенглик сари қўйилган биринчи қадам. Чунки, тенглик ҳукм сурмаган жамиятда тинчлик бўлмайди. Мутелик бор жойда ҳукмронлик, ўзгалар ҳисобига яшаш каби иллатлар юзага келади. Тенглик одамларнинг ўзаро муносабатларидан тортиб мамлакатлараро муносабатларгача ҳамма нарсани меъёр-мезонга солади, турли камситишлар ёки ортиқча тобеликларга чек қўяди.
Мустақиллик – улуғ неъмат. У бизга ҳар ким ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни барпо қилишга имконият яратди, Ўзбекистон халқаро миқёсда ўз нуфузини топди. Барча давлатлар билан тенг ҳамкорлик қила бошлади. Бозор иқтисодиётига ўтиш учун шароит яратилди, мулкка муносабат ўзгарди, халқнинг маънавий уйғониши учун тўла имкониятлар эшиги очилди. Юртимизнинг бой тарихи, миллий қадриятларимиз қайта тикланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 17 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда хусусан, мен ишлаётган Андижон давлат тиббиёт институти “Асаб касалликлари ва неврология” кафедрасида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деб номланган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик кунини кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилгандир. Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши жамоатчиликнинг она Ватанимизнинг бетакрор қадр-қимматини, истиқлол йилларида Ўзбекистон босиб ўтган машаққатли ва шу билан бирга, шонли йўлнинг, кенг қамровли ислоҳотларнинг, фуқароларимизни янги марраларни забт этишга ундайдиган улуғвор муваффақиятларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур англаб етишида муҳим омил бўлмоқда.
Президентимиз қарорида эришган ютуқларнинг асоси чуқур очиб бериляпти. Бугун мустақил юртнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, ёшларимиз қарорда акс этган фикрларга ўз муносабатини билдирмоқда.
Менинг назаримда, бунинг бош омили биринчи навбатда, ёшларимиз тарбияси, таълим тизимига берилаётган беқиёс эътибор, миллий қадриятларимиз қадрланаётгани, маънавиятни юксалтириш учун қилинаётган ишлар, ажратилаётган катта-катта маблағлар, энг асосийси, ривожланишнинг, тараққиётнинг тўғри йўлини танлаганимиздадир.
Дарҳақиқат, замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишлар ўз самарасини бермоқда. Шу ўринда айрим рақамларга назар солсак. Фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилгани ва реконструкция қилингани, бугунги кунда 2 миллион нафар фарзандимиз, жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз спорт билан мунтазам шуғулланаётгани ҳам маънан, ҳам жисмонан етук, она Ватан, халқ юкини елкасида кўтаришга қодир бўлган авлод шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Намунали уйлар – менинг ҳам қувончим
Андижон вилояти улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўринга эга. Ривожланган саноат тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги, фидойи инсонлар меҳнати барча соҳаларни изчил тараққий эттиришда муҳим омил бўлмоқда. Вилоят маркази, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, обод бўлиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бораётир.
Замонавий қишлоқ инфратузилмасини яратиш мақсадида Юртбошимиз раҳнамолигида давлат дастури негизида ишлаб чиқилган замонавий меъморчилик талабларига жавоб берадиган ва бизнинг иқлим шароитларимиз ҳисобга олинган шинам ҳамда қулай, намунавий лойиҳадаги уй-жойларнинг бутун мамлакатимиз миқёсида, шу жумладан, бизнинг Андижон вилоятида қурилаётганлиги қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Хусусан, ўтган йили энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Олтинкўл туманининг Жалабек қишлоғидаги “Далварзин” маҳалласида замонавий гузар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудуддаги намунавий лойиҳа асосида қад ростлаган 50 та якка тартибдаги уй-жойга узукка кўз қўйгандек ярашган ушбу гузарни кўриб дил яйрайди. Ёш оила сифатида менга ҳам ушбу уйлардан насиб қилди.
Юртбошимиз жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 2014 йил 6 октябрь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди. Президентимиз Олтинкўл тумани “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой мавзеси билан танишди, Айниқса, Президентимиз Ислом Каримовниг ғояси асосида уй-жой қурилиши учун ажратилган ер майдони 6 сотих қилиб белгилангани, автомобиль учун алоҳида дарвоза ва уни сақлаш учун махсус жой кўзда тутилгани, хоналар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилгани, хуллас қулай ва шинамлигини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Бу ерда “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини идораси ҳам бугунги кун талаблари асосида қад ростлаган. Шунингдек, милиция таянч пункти маҳалла мутасаддиларининг иш фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига мўлжалланган гузарнинг икки ёнида барпо этилган мажмуалар таркибидан сартарошхона, кимёвий тозалаш хизмати, дорихона, гўзаллик салони, чеварчилик, қассобхона, озиқ-овқат, хўжалик моллари ҳамда нон дўконлари сингари йигирмага яқин маиший ва сервис хизмати шохобчалари жой олган.
Биз Ш.Раҳматуллаевлар оиласи бу ерда рўзғорнинг оғирини енгил қилиш учун барча шароит ва қулайлик яратилганидан хурсандмиз. Бу айниқса, биз аёлларнинг оғирини енгил қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, маҳалламиз аҳли учун барча имкониятлар яратилган. Рўзғорга нимаики зарур бўлса, аввалгидек шаҳар марказига бориб эмас, шундоққина гузарнинг ўзидан харид қилиш мумкин.
“Далварзин” маҳалласининг бошқа ҳудудлардан фарқли яна бир муҳим жиҳати шундаки, гузар олдида аттракционлар, болалар дам олиш маскани ҳамда футбол майдончаси ёшлар ихтиёрида. 80 сотих майдонда барпо этилган интенсив боғ ҳудуд ободлиги, маҳалла қиёфасига кўрк бағишлаб турибди.
Фавворалар фаровонлик ва тинчлик рамзи
Андижон оқшомлари фавворалар сайри билан янада файзли. Дарҳақиқат, шаҳримизни томоша қилган кишини бир-биридан кўркам фавворалар кўкка зилол сув сочиб қаршилайди. Бу юртимиздаги тинчлик, кўнгил хотиржамлигидан далолатдир. Зеро, хотиржамлик ҳукм сурган юртдагина халқ бунёдкорлик ишларига қодир бўлади. Кўкка интилаётган фавворага қараб, юртимизнинг қудрати ҳам шу каби виқор ила юксакликка бўй чўзаётганини, унинг улуғворлигини теран ҳис қиламан.
Шаҳардаги энг катта фаввора Бобур майдонида жойлашган. Сувнинг турли шаклларда отилиши, чироқлар ва мусиқа уйғунлиги кишига завқ беради.
Фахрланиб айтаманки, маъжозий маънода рақсга тушаётган фаввора оҳанглари – замонавий опера ва мумтоз мусиқа садолари, сувнинг енгил эпкини дилларга ҳузур бағишлайди.
Бир сўз билан айтганда, бугун Андижон вилоятида она Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши, қишлоқларимиз ободлиги, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган давлатимиз дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини амалга оширилаётган хайрли ишлар тасдиқлаб турибди.
Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Насибахон РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Андижон давлат тиббиёт институти “Асаб касалликлари ва неврология” кафедраси асисстенти