Энг намунали маҳаллалар аниқланди
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги олдидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни эгаллаган 11 нафар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи қатнашди. Улар фаолиятига баҳо беришда маҳалланинг асосий фаолият йўналиши бўйича комиссиялар ишининг нечоғли йўлга қўйилгани, иш тажрибаси, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, кексаларни эъзозлаш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Урганч шаҳридаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини энг намунали, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Кейинги ўринларни Шовот туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Янгиариқ туманидаги “Шихбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
М. ХЎЖАМУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири