Спорт хабарлари (2015-31)
ТАЭКВОНДО
Жанубий Кореяда таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган “Корея опен – 2015” турнирининг катталар, ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этиб, жами 45 медални қўлга киритди.
Дунёнинг 72 давлатидан 2 минг нафардан зиёд спортчи иштирок этган мусобақанинг катталар ўртасидаги беллашувлари кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Чунки ушбу баҳсда спортчилар совринли ўринлар билан бирга 2016 йилги Олимпия ўйинлари йўлланмасини берувчи муҳим рейтинг очколари учун ҳам беллашди.
Мазкур баҳсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Жасур Бойқўзиев, Дмитрий Шокин ва Мустафо Валиев ўз вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, 20 тадан рейтинг очкога эга бўлди. Шунингдек, катталар ўртасида ўтказилган мусобақада яна бир тажрибали спортчимиз Никита Рафалович 80 килограммгача бўлган таэквондочилар ўртасида бронза медаль билан тақдирланди.
Мусобақанинг ўсмирлар ва кадетлар ўртасида кечган баҳсларида таэквондочиларимиз 16 тадан олтин ва кумуш, 9 та бронза медалга сазовор бўлди.
БОКС
Германиянинг Галле шаҳрида бокс бўйича ўтказилган анъанавий “Chemistry Cup” халқаро турнирида терма жамоамиз аъзолари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Нуфузли турнирда ўндан зиёд давлатдан юз нафарга яқин боксчи ўнта вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди. Вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсларда Ҳасанбой Дўсматов, вазни 52 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида эса Аброр Қодиров каби тажрибали боксчиларимиз тенгсиз эканини исботлашди.
Терма жамоамизга навбатдаги олтин медални энг оғир вазн тоифасидаги боксчилар беллашувида қатнашган Баҳодир Жалолов қўлга киритди. Ўз вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев ва Бургут Ҳожибоев кумуш, Исроил Мадримов ва Рустам Тўлаганов бронза медаль билан тақдирланди.
Т.ОРТИҚОВА