ИСТИҚЛОЛ ТАРАННУМИ
Наманганда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2009 йил 7 апрелдаги “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда навқирон авлод камолоти йўлида барча шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётгани юксак самара бераётгани таъкидланди.
Танловда шаҳар ва туман босқичларида сараланган вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими тизимидаги муассасалардан элликдан зиёд хонанда ва бадиий жамоалар иштирок этди. Иштирокчиларнинг Ватан, истиқлол, муҳаббат ва садоқатни тараннум этувчи мумтоз, лирик ва эстрада йўналишидаги қўшиқлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Бадиий жамоалар ўртасида “Тарона” ашула ва рақс халқ ансамбли, яккахон ижро бўйича академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси вилоят бўлими хонандаси Шавкат Бекбоев, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими тизимидан Мафтуна Аҳророва ва Ойпошша Улуғхўжаева ғолиб деб топилди ва танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Миролим ИСАЖОНОВ,
Наманган вилояти