РОҲАТИЖОН МУЗҚАЙМОҚ ВА УНИНГ ФОЙДАЛИ ЖИҲАТЛАРИ

Куннинг қайноқ тафтидан ҳолсизланган инсон фавворралар атрофида, соя-салқин жойлардан қўним топишга интилади. Бу жазирама офтобдан мадори қуриган кишига бироз қувват бахшида этади. Шунингдек, ёз чилласида яхна ичимликлар, айниқса, музқаймоқ жоннинг роҳати саналади. Зеро, музқаймоқ киши танасидаги ҳовурни босишда, организмни тетиклантиришга кўмак беради. Биз бугун ёз мавсумидаги барча учун севимли ширинлик бўлмиш музқаймоқнинг тарихи, унинг келиб чиқиши ҳақида эмас, аксинча унинг фойдали жиҳатлари ва киши саломатлигига таъсири хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича музқаймоқ нафақат организмни исиб кетишдан сақловчи маҳсулот, балки тушкунликдан халос этувчи самарали восита ҳамдир. Инсон тушкунликка тушган пайтда диетологлар “антистресс” егуликларни истеъмол қилишни тавсия этишади. Бундай маҳсулотлар рўйхатининг бошида шубҳасиз, музқаймоқ туради. Зеро, музқаймоқ стресс (руҳий зўриқиш)дан халос этувчи ажойиб егулик ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам кўпчилик музқаймоқ ейишни хуш кўради. Музқаймоқнинг асосини ташкил этувчи сут ва қаймоқ таркибида фойдали ва асабни тинчлантирувчи транквилизатор L-триптофан моддаси мавжуд бўлиб, у асаб тизимини тинчлантириш билан бирга, уйқусизликни енгиш ва кайфиятни кўтаришда яхшигина наф беради. Шунингдек, шоколад ҳам бу борада фойдали ҳисобланади. У мияга дам бериш билан бирга унинг фаоллигини ҳам оширади. Бу табиий маҳсулотда кўпгина фойдали ингридиентлар мавжуд.

Роҳатижон музқаймоқ таркибида эса организмда кечадиган моддалар алмашинуви жараёнларида муҳим бўлган аминокислоталар, ёғ кислоталари, 20 га яқин витаминлар, кўплаб минерал тузлар ва муҳим ферментлар бор. Шунинг учун у нафақат кишини тинчлантиради, балки мияни озиқлантиради ҳам. Агарда у табиий сутдан тайёрланган бўлса шифобахш хусусияти жуда юқори бўлади. Музқаймоқнинг энг фойдали жиҳатларидан бири – бу организмимизга сут ўзининг энг фойдали компонентлари билан кириб боришидадир. Музқаймоқ организмни калий, магний, темир, фосфор ва кальций билан таъминлайди.

Музқаймоқни оз-оздан истеъмол қилиб туриш нафас йўлларини совуқ ҳароратга ўргатиб боришга ёрдам беради. Бунинг натижасида эса томоқ оғриғига қарши иммунитет ҳосил бўлади. Музқаймоқ юқори калорияли маҳсулот бўлганлиги туфайли у очликни босадиган яхши озуқа ҳамдир. Унинг таркибидаги шоколад сабабли бош мия қувонч гормони – эндорфинни кўп ишлаб чиқаради. Тез-тез бурни қонаб турадиган беморларга ҳам музқаймоқ яхши самара беради. “Асалнинг ҳам ози ширин”, деганларидек музқаймоқни истеъмол қилишда ҳам бир нечта қарши кўрсатмалар мавжуд. Ангина (бодомча безлари яллиғланиши), сут маҳсулотларини ҳазм қилолмаслик каби хасталикка чалинган, фарингит, ортиқча вазн, сурункали ўткир гастрит муаммоларида музқаймоқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Тиш кариесида музқаймоқнинг салбий таъсири йўқ. Уни истеъмол қилганда оғиз бўшлиғини илиқ сув билан чайиш кифоя. Музқаймоқ таркибидаги тез сингадиган шакар қонда глюкоза миқдорини ошириб юборади. Шунинг учун қандли диабет хасталигига чалинган беморлар бундан ўзларини тийганлари айни муддао. Соғлом кишилар музқаймоқни истеъмол қилишда меъёрни билса мақсадга мувофиқ бўлади. Мутахассисларнинг фикрига кўра уни ҳафтада уч марта истеъмол қилиш мумкин. Шунингдек, ҳафта давомида тановул қилинган 150 грамм музқаймоқнинг ҳеч қандай ножўя таъсири бўлмайди. У кишига қувонч ва қувват бағишлайди.

Яна ўқинг:  Диққат, танлов!

Музқаймоқни истеъмол қилишдан аввал унинг таркиби (ингридиенти) ҳамда қоғоз ўрамига эътибор бериш лозим. Кўпгина парҳезшунос – диетологлар қулупнай, лимон ва бошқа турдаги мевали музқаймоқларни кўп истеъмол қилмасликни тавсия этишмоқда. Зеро, унинг таркибида сунъий қўшимчалар ва мевали эссенция мавжуд. Музқаймоқни мунтазам истеъмол қилиш бош оғриғига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, музқаймоқни шошиб истеъмол қилиш тана ҳароратини тезда туширади. Қон томирларни торайтиради. Натижада мияга қон кам миқдорда етиб боради. Бу эса бош оғриғига сабабчи бўлади.

Музқаймоқ уч ёшдан кичик болаларга берилмагани маъқул. Сабаби бола организми қаймоқли ва ёғли десертни ҳазм қилишда қийналади. Турли аллергик таъсирлардан сақланиш учун болаларга қаймоқли музқаймоқ маъқул. Шифокорларнинг тавсиясига кўра музқаймоқни кечки овқатдан ярим соат олдин ёки тушликда берган маъқул. Қандли диабет билан оғриган, аллергик касалликка чалинган, семизликка мойил, лор(томоқ, қулоқ, бурун соҳаси) хасталиклари билан оғриган болаларга музқаймоқ ейиш тавсия этилмайди. Агар бола тез-тез грипп, ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекциялар, хасталиклари ва турли аъзоларнинг яллиғланиши билан оғриса шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда музқаймоқ бериш лозим. Зеро, ширин, ёғли ва сутли маҳсулотлар бактерияларнинг кўпайишига замин яратади. Агар бола сурункали синусит ва ринит, бодомча безлари яллиғланиши каби хасталикка чалинган бўлса оғиз бўшлиғини фурациллин эритмаси билан чайган маъқул. Узоқ сафар олдидан ҳам музқаймоқ билан болангизни сийламанг. Бу уни беҳузур қилади.

Маҳсулот тўғри шаклда ва мустаҳкам ўрамда бўлиши лозим. Агар унинг шакли ўзгарган бўлса, демак у қайта музлатишдан ўтаётган бўлади. Унинг чиройли ранги ва машҳур номига қарамасдан маҳсулот сотилаётган шарт-шароитга эътибор беринг. Яхшиси музқаймоқни махсус дўкон ва қаҳвахоналардан харид қилган маъқул.

Маърифат ТОЛИПОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: