ДОНОРЛИК – БЕҒАРАЗ ҲАЁТБАХШ КУЧ

Унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти

Қон ва унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим воситадир. Қон, унинг компонентлари ва перепаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Бир қатор қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз-халқ тилида “оққон” деб юритилади, қон ивиш тизими бузилган касалликларда, буларга гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликлари, патологияли оғир кечадиган туғруқлар, операциялар, оғир даражали куйишлар ва турли хил фавқулоддаги ҳолатларда кузатилади.

Ушбу ҳолатларда беморга зудлик билан қон қуйиш зарур. Зеро, инсон ҳаётини асраб қолишдан ҳам муҳим ва беғараз ҳамда маъсулиятли вазифа борми?! Керакли миқдордаги қонни доимо ва ҳар ерда бўлишини таъминлаш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб қилиш лозим.

Трансфузиологиянинг биринчи босқичида (қадим замондан бошлаб то 1901 йилгача) қон қуйиш мумкинлиги исботланди. Унинг иккинчи босқичи иммуногематология ривожланиши билан боғлиқ. 1901 йил австриялик врач Карл Ланштейнер одамларнинг қони эритроцитлардаги агглютиноген, плазмадаги агглютининларга қараб бир-биридан фарқ қилишини аниқлади ва I, II, III қон гуруҳларини кашф этди. У биринчи бўлиб бир хил қон гуруҳига мансуб бўлган инсонлар орасидаги қон қуйишлар эритроцитларни парчаланишига олиб келмайди, балки шок, сарғайиш, гемоглобинурия ва бошқа қон қуйишдан кейинги асоратлар фақат бошқа қон гуруҳига мансуб инсонлар орасида қон қуйилганда кузатилишини исботлади ва бу кашфиёти учун у 1930 йили Нобель мукофотига сазовор бўлди. 1902 йил Декастелло ва Стурли IV қон гуруҳини аниқлашди. 1940 йил А. Винер янги антиген тизими – резус омилни аниқлади. 1915 йилдан бошлаб қон қуйишда унинг ивиб қолишини олдини олиш учун цитрат натрий қўшиш бошланди.

Ўзбекистонда эса 1930 йилда Ўрта Осиё университети тиббиёт факультетининг жарроҳлик клиникасида қон қуйиш хонаси ташкил қилинди. 1933 йил ушбу хона марказий қон қуйиш станциясига айлантирилди. 1940 йил Қон қуйиш институти ташкил қилинди. Кейинчалик бу муассаса Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига айлантирилди.

Қон хизматини, албатта, донорларсиз тассаввур қилиш мумкин эмас. Бугунги кунда юртимизда донорликни, жумладан, беғараз донорликни ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш Дастури” асосида Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари талабалари орасида донорлик тарғиб қилинмоқда. Айнан ёшлар орасида бу ишни олиб боришдан мақсад, уларни инсонпарварлик ғоялари асосида тарбиялашдир. Улар мамлакатнинг умумий аҳолисининг 60 фоизини ташкил қилади ва энг соғлом кишилар ҳисобланади. Донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзоси учун масъулиятли ва инсоний бурч бўлиб қолиши учун уни кенг тарғиб қилиш зарур. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда барча жамоат, нодавлат, хайрия ташкилотлари, турли фондлар иштирок этишлари керак. Кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаш ва унинг хайрия тадбирларида иштироки, қон донорлиги инсонлар ҳаётини сақлаб қолишини, хавфсиз қон ва унинг маҳсулотларини таъминловчи қон хизмати эса соғлиқни сақлашнинг муҳим қисми эканлигини таъкидлайди.

Яна ўқинг:  Мутахассислар Альцгеймер касаллигининг олдини олиш йўлини топди

Маълумки, қон донори – ўз қони ва унинг таркибий қисмларини тиббиёт эҳтиёжлар учун тақдим этадиган жисмоний шахсдир. Қон донорлигининг асосий тамойили – ўз хоҳиши билан беғараз қон бериш. Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар қон марказларида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки, одам организмида 4,5,-5 литр қон бўлиб, ундан 400 мл олинади ва организм 36 соат ичида йўқотилган ушбу суюқлигининг ўрнини тиклаб олиш хусусиятига эга.

14 июнь – халқаро донорлар куни беғараз қон донорлигини нишонлайдиган ўзига хос кундир. Ушбу кунда бутун инсоният энг қимматбаҳо неъмат бўлган қонни беғараз равишда ҳаёти қил устида турган минглаб беморларни сақлаб қолиш мақсадида топширадиган кишилар олдида бош эгади.

2015 йилги Халқаро донорлар куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Ҳаётимни сақлаб қолганлигингиз учун Сиздан миннатдорман” шиори остида ўтказилди. Бу жаҳонда миллионлаб беморларниннг ҳаётини сақлаб қолаётган донорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.

Мухаррам ПЎЛАТОВА,

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти

Қон қуйиш станцияси донорлар бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: